III БОБ. ИҚТИСОДИЁТДА БОЗОР МЕХАНИЗМЛАРИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ – УЗОҚ МУДДАТЛИ БАРҚАРОР ЎСИШНИНГ ПОЙДЕВОРИ 3.1 Камбағалликни қисқартиришда ностандарт усулларни қўллаш механизмлари Ҳар бир шахс ёки ижтимоий гуруҳнинг иқтисодий аҳволига хос хусусият бўлган камбағаллик инсонларнинг ҳаёт, меҳнат қобилиятини асраш ва ўзидан авлод қолдириш учун зарур бўладиган минимал эҳтиёжларнинг маълум миқдорини қондира олишини назарда тутади. “Камбағаллик” нисбий ва ноаниқ тушунча бўлиб, маълум бир жамиятдаги умумий турмуш даражасига боғлиқ бўлади7. Фикримизча, у мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасидан келиб чиқиб, кишиларнинг истеъмоли ва даромадидан келиб чиқиб алоҳида белгиланади.
Даромад ёки истеъмолдан фойдаланган ҳолда камбағалликни ўлчаш азалий анъаналарга эга. Гарчи ривожланаётган мамлакатларда истеъмол, одатда, афзал кўрилади, сабаби истеъмол даромаддан камроқ ўзгарувчан ҳисобланади. Шу боис, истеъмол турмуш даражасининг энг яхши кўрсаткичи сифатида қаралади. Амалий нуқтаи назардан, истеъмол, одатда расмий меҳнат бозорларида иштирок этиш даражаси нисбатан паст бўлган мамлакатларда даромадга қараганда осонроқ ва аниқроқ ўлчанади8.
Тадқиқотларнинг кўрсатишича, камбағалликни англаш билан боғлиқ ҳолда кўплаб манбалар аҳолининг даромадларидан эмас, балки истеъмолидан фойдаланади. Истеъмол аллақачон бир марталик ва ихтиёрий даромад ҳисоб-китобларини талаб қилмайдиган натижадир. Бундан ташқари, қишлоқ жойларда даромаднинг юқори мавсумийлиги кузатилади, истеъмол эса камроқ ўзгаради. Бундан ташқари, ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиётда норасмий иқтисодиётнинг юқори улушига эга, бу эса даромадлар тўғрисидаги маълумотларни тўплашни янада мураккаблаштиради.
Камбағалликни қисқартиришда ҳар бир мамлакатда Ҳукумат даражасида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш талаб этилади:
ишлаб чиқаришни кенгайтириш орқали аҳолининг пул даромадлари кўпайиши учун шароит яратиш;
ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти тамойилларини жорий қилиш ва даромадларни юқори ва паст даромадли шахслар ўртасида адолатли тақсимлаш мақсадида прогрессив солиққа тортиш усулидан фойдаланиш;
макроиқтисодий барқарорликни сақлаш;
инфляцияга қарши сиёсат;
ўртача иш ҳақининг камида 40 фоизи миқдорида (Кейтц индекси) энг кам иш ҳақи миқдорини белгилаш;
ижтимоий дастурлар ва уларни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш;
ривожланиши паст бўлган ҳудудлардан аҳолининг иқтисодий иммиграциясини назорат қилиш (камбағаллик импортини камайтириш).
Камбағалликни камайтириш – бу аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, демакдир. Шунинг учун Жаҳон банки, БМТ Тараққиёт дастури ва бошқа халқаро ташкилотлар билан бирга, Камбағалликни камайтириш дастурини ишлаб чиқишни таклиф этаман. Бу борада халқаро меъёрлар асосида чуқур ўрганишлар ўтказиб, камбағаллик тушунчаси, уни аниқлаш мезонлари ва баҳолаш усулларини қамраб олган янги методологияни яратиш лозим.
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Ўзбекистонда бозор механизмларини кенг жорий қилиш тамойилларига асосланган ислоҳотларнинг янги босқичида давлатнинг иқтисодиётдаги ролини камайтириш ва хусусий секторнинг иштирокини кенгайтириш бўйича навбатдаги ишлар натижадорлигини ошириш иқтисодиётни бошқаришнинг аниқ, шаффоф ва натижага йўналтирилган механизмини ишлаб чиқишни тақозо этмоқда.
Ҳудудларда аҳоли турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, хусусан, камбағалликни қисқартириш вазифалари кўп жиҳатдан иқтисодиётнинг барча тармоқ ва соҳаларининг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш учун фундаментал шароитларни яратиб бериш ҳисобига янги ва барқарор иш ўринларини ташкил этиш билан бевосита боғлиқдир.
Республикада камбағалликни қисқартириш борасида мақбул давлат сиёсатини амалга ошириш тизимини жорий этиш мақсадида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ташкил этилди. Вазирликнинг вазифаларидан бири сифатида камбағалликни қисқартириш белгиланди ва бу борада қуйидагиларнинг амалга оширилиши белгиланди:
иқтисодий ўсишнинг инклюзивлигини таъминлаш, давлат бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоат ташкилотлари ҳамда халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан ҳамкорликда камбағалликни қисқартириш бўйича стратегия ва дастурларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва мувофиқлаштириш;
камбағалликни қисқартиришнинг аниқ дастак ва механизмларини ишлаб чиқиш, хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда камбағаллик даражасини аниқлаш мезонлари ва баҳолаш услубиятини, ижтимоий таъминотнинг минимал стандартлари ва меъёрий асосларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларга эришиш чора-тадбирларини амалга ошириш, яшаш минимуми ва минимал истеъмол саватини ҳисоблаш методологиясини ишлаб чиқиш ҳамда аҳоли даромадлари табақалашувини ўрганиш бўйича тизимли ишларни олиб бориш ҳамда уларнинг давлат мақсадли дастурлари билан ўзаро мувофиқлигини таъминлаш;
меҳнат бозори ва унинг таркибини сифат жиҳатдан ривожлантириш, ишчи кучи миграцияси жараёнларини таҳлил қилиш, такомиллаштириш ҳамда меҳнат ресурсларини тақсимлаш борасида ўзаро мувофиқликдаги ишларни олиб бориш;
инсон капиталини ривожлантириш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
Ҳудудларда “маҳаллабай” тарзида камбағалликни қисқартириш бўйича биринчи навбатдаги амалий ишлар амалга оширилади. Жумладан:
маҳаллаларда ҳар бир хонадон ва оилаларнинг турмуш шароити ва ижтимоий аҳволи оғир бўлган қатламини ўрганиш асосида дастлабки рўйхати ҳамда маҳаллалар паспортлари шакллантирилади;
аҳолининг ушбу қатламини бевосита моддий ва номоддий ёрдам кўрсатилиши лозим бўлган ёки касбга ўқитиш ва тадбиркорликка ўргатиш орқали даромадини ошириш мумкин бўлган гуруҳларга ажратиб олиш орқали, шунингдек, зарур манбаларни аниқлаш ва ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларига асосланган чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилади.
Республикада «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлашнинг янги тартиби босқичма-босқич жорий этилди.
Пандемия шароитида аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар асосида ҳар бир сектор раҳбари томонидан эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш дафтари – «темир дафтар» юритилиши йўлга қўйилди.
«Темир дафтар» карантин шароитида ишсиз, даромадсиз қолган эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож оилаларнинг маҳаллада шакллантирилган шаффоф рўйхатидир. Мазкур рўйхатга киритилган аҳолига доимий равишда зарур ёрдамлар кўрсатилади. Камбағал аҳоли қатламини эҳтиёжмандликдан чиқариш учун мазкур оилаларга моддий ва ижтимоий кўмак берилади. Мазкур молиявий ёрдамлар Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва Президент Администрацияси раҳбари томонидан 2020 йил 16 июнда тасдиқланган «Коронавирус пандемияси шароитида ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғирлашган оилаларнинг бандлигини таъминлаш орқали уларга даромад манбаи яратишнинг «Вақтинчалик тартиб»»ига мувофиқ амалга оширилди.
«Темир дафтар»га кирувчилар рўйхатини шакллантириш маҳалла орқали амалга оширилади. Бунда, ижтимоий парваришга муҳтож оила аъзолари билан гаплашган ҳолда уларни меҳнат тури билан шуғулланиш истаги ва хоҳиши ҳамда салоҳияти борлиги аниқланиб, улар қуйидаги гуруҳларга ажратилади: