2.2 Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш ва коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари
Суд-ҳуқуқ соҳаси ислоҳотлари ва либераллаштириш амалиёти инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлатда “Адолат” тамойили устувор эканлигини кўрсатади. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда суд идораларининг фаолиятини тубдан такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Адолат бу – давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди”.
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни шартли равишда қуйидаги олти босқичга бўлиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Биринчи босқичда (1991-1995 йиллар) - суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ килишнинг миллий стратегияси белгилаб олинди ва конституциявий-ҳуқуқий асослари яратилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида суд ҳокимиятига махсус боб бағишланган бўлиб, унда “Суд ҳокимияти”нинг моҳияти суд тизимининг ташкил этилиши ва судлар фаолиятининг тамойилларини қамраб оладиган қатор қоидалар орқали очиб берилди.
Бундан ташқари, жаҳон тажрибаси ҳисобга олинган ҳолда, биринчи марта мамлакатимизда Конституциявий суд ташкил этилди.
Иккинчи босқичда (1996-1999 йиллар) - мавжуд тажриба ва қонунчиликни таҳлил қилиш асосида суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотларини чуқурлаштириш, одил судлов тизимини демократлаштириш, суд жараёнида айблов ва ҳимоянинг амалда тенглигини таъминлаш мақсадида адвокатура мавқеини кўтаришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилди.
Учинчи босқичда (2000-2004 йиллар) - судларни ихтисослаштириш, жиноий жазоларни либераллаштириш, одил судлов сифатини ошириш, ишларни кўриш муддатларини қисқартириш, фуқаролик ва жиноий ишларни кўриб чиқишнинг апелляция тартибини жорий этиш, кассация тартибини ислоҳ қилиш, суд қарорлари ижросини таъминлашни такомиллаштиришнинг ҳуқуқий механизмлари яратилди.
Тўртинчи босқичнинг (2005-2010 йиллар) асосий вазифалари – мустақиллик йилларида тўпланган тажрибани таҳлил этиш ва умумлаштириш, судларнинг ҳақиқий мустақиллиги ва эркинлигини, инсоннинг яшаш ҳуқуқини ва бошқа конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг масъулиятини кучайтириш бўйича ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш ва аниқ чора-тадбирларни белгилашдан иборат бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 1 августдаги ПФ-3641-сонли “Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида”ги Фармонида ўлим жазоси жиноий жазо тури сифатида бекор қилинди ва унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси киритилиши назарда тутилди. Ўзбекистон Республикасида 2008 йилнинг 1 январидан жиноий жазо тури сифатида ўлим жазоси бекор қилинди ва унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси жорий этилди.
Бешинчи босқич (2010 йил 2015 йиллар). Бу босқичда ислоҳотлар мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада кучайтириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси негизида амалга оширилди. Бунда суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилиш, судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бошланди, тезкор-қидирув фаолиятини тартибга солишни такомиллаштириш чоралари кўрилди.
Олтинчи босқич (2016 йилдан кейин). Суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш мақсадида бир қатор чора тадбирлар амалга оширилди.
Охирги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ислоҳотларни шартли равишда қўйидаги йўналишларини кўрсатиш мумкин:
Do'stlaringiz bilan baham: |