4.3.-расм.Шахсни комиллика этиштириш орқали ижтимоийлашув босқичлари
Экзистенциал ёндашуви суст инсонлар ҳам ташқи стимулларга берилувчан бўладилар. Олиниши мумкин бўлган манфаатлар негизида қандай зарарлар, йўқотишлар бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги инсоннинг чап ярим шаридаги мияча томонидан узатилувчи интуитив тўғри фикрларни ўзларидан узоқлаштиришга интиладилар. Бундай ҳолат фанда эскапистик ёндашув, эскапизм назарияси сифатида талқин этилади. (Инглиз тилида ”Escape” - қочиш, узоқлашмоқ деган маъноларни англатади.) Мамлакатимизда инсонни комилликка эриштиришнинг миллий модели ишлаб чиқилди. Ижтимоийлаштиришга шахсни босқичма-босқич ривожлантириш орқали эришиш механизмини қуйидаги чизмага кўра қўллаш кўзда тутилад.
Т.Парсонснинг XXI асрга келиб дунёнинг бош муаммоси иқтисодий, сиёсий ёки экологик муаммо эмас, балки жамиятнинг умумий мақсад ва интилишларидан четда қолувчиларнинг умуминсоний тамойилларга мос бўлмаган хатти-ҳаракатлари, ижтимоийлашган майл-хоҳишлари билан ноилож компромисс қилишдан иборат бўлади, деган башорати бугун ўз тасдиғини топмоқда.
Ғарб дунёсида кечаётган ана шундай салбий жараёнлардан фарқли ўлароқ, Янги Ўзбекистонда инсоннинг ижтимоий ривожланиши жамиятнинг умумий тараққиётидан узилган ҳолда эмас, балки тараққиётга уйғунлашган ҳолда ҳамда мамлакатдаги умумий юксалиш жараёнларининг драйвери сифатида ривожланиб бориши йўлида ғамхўрлик қилинмоқда.
Ижтимоий ривожланиш жараёни соғлом турмуш тарзи омили билан узвий боғлиқ ҳодиса ҳисобланади. Мурожаатномада инсон саломатлигини мустаҳкамлаш масаласига катта эътибор қаратилди. Президентимиз “аҳоли, айниқса, ёшларимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг жорий этиш – энг устувор йўналишлардан бири бўлиши лозим”, деб таъкидладилар. Хусусан, коронавирус пандемиясига қарши ишларни изчил давом эттириш, коронавирусга қарши эмлаш, санитария-эпидемиология хизмати сифатини ошириш, тиббиёт соҳасини рақамлаштириш масалаларига доир долзарб ташаббуслар илгари сурилиб, вазифалар белгиланди. Президентимиз “тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш зарур. Бу борада бирламчи буғинда умумий амалиёт шифокори ўрнига оилавий шифокор ва унга ёрдамчи сифат 5 нафар ўрта тиббиёт ходимидан иборат “тиббий бригадалар” ташкил этилади. Ҳар бир маҳаллада, энг аввало, 5 ёшгача болалар, шунингдек, туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёллар, ногиронлиги бўлганлар, қон-томир, онкологик, эндокрин каби касалликларга мойиллиги бўлган фуқаролар билан ишлашнинг алоҳида тизими жорий этилади”, деб таъкидлаш орқали соғлом турмуш тарзини жорий этиш ва инсон саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича ўтган тўрт йил мобайнида амалга оширилган ишлар узвий давом эттирилишини маълум қилдилар.
“Биз Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга фақат жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан эриша оламиз”.
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Дарҳақиқат, яқинда Президентимиз жисмоний тарбия соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказган видеоселекторда аҳолини жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиб, соғлом ҳаёт кечиришга жалб этиш, шу орқали касалликларнинг олдини олиб, одамларнинг умрини узайтириш фаолиятимизнинг асосий йўналиши ва натижаси бўлиши кераклигини айтдилар. Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармон имзоланди. Ҳужжатга кўра, аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш мақсадида «Соғлом турмуш тарзи» (www.1hls.uz) платформаси яратилади. Бир сутка давомида 10 минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ва ундан юқори ёшдаги Ўзбекистон фуқаросининг электрон ҳамёнига 3 минг сўм, бир ойда бир марта туман (шаҳар) бўйича энг кўп юрган кишига 300 минг сўм, ҳудудлар бўйича энг кўп юрган кишига 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп юрган кишига 1 млн.сўм қўшимча равишда платформадаги электрон ҳамёнига ўтказиладиган бўлди.
Буюк аждодимиз Абу Али ибн Сино ҳам ўз асарларида жисмоний машқларнинг соғломлаштириш ва даволаш тажрибасидаги ўрни ва роли ҳақида ёзиб кетган. У жисмоний машқларга тўхтовсиз, чуқур нафас олишга олиб келувчи эркин ҳаракатлар, дея таъриф бериб, “агар инсон мўътадил ва ўз вақтида жисмоний машқлар билан шуғулланса ва тартибга риоя қилса, у давога ҳам, дориларга ҳам муҳтож бўлмайди, машқларни тўхтатар экан, у сўнади. Зеро, жисмоний машқлар мушакларни, бўғимларни, асабни мустаҳкам қилади”, деб таъкидлаган.
“Камбағалликни камайтириш – бу аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, демакдир”.
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Ҳозирги кунда оддий ҳолга айланган турмуш тарзида энг кўп кузатиладиган салбий иллатлар, яъни кўп овқатланиш, тамаки маҳсулотлари чекиш, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, камҳаракат ҳаёт ва иш тарзи, асаббузарлик ҳолатлари – инсульт ҳамда инфаркт, қандли диабет, онкологик ва бошқа хасталикларнинг сабабчиси ҳисобланади. Бундай ҳолатда, ҳатто энг замонавий тиббий шароитлар яратиб берилса-да, узоқ яшаш ва соғлиқ ҳақида орзу қилиш ҳам бефойда, соғлиғимизни асраш ҳақида биз кўпинча аҳволимиз оғирлашганда ва шифокорга бориш, дори ҳамда даволаниш учун оиламиз бюджетидан пул сарфлашга тўғри келган пайтдагина ўйлаймиз. Касал бўлиш – ўз саломатлигимизга бепарво муносабатда бўлганимиз учун тўланадиган товон деб ҳисоблаш мумкин. 2020 йилда ўтказилган социологик сўровномалар натижалари таҳлили шуни кўрсатдики, пойтахтда яшовчи аҳолининг деярли кўпчилигида овқатланиш рациони бир меъёрда эмас. Оқибатда уларнинг учдан бир қисми ортиқча вазндан азият чекмоқда. Тошкент шаҳри, вилоят марказлари аҳолисининг 36 фоизидан ортиғи камҳаракат ҳаёт тарзида яшайди ва кўпи билан кунига 20-30 дақиқа пиёда юради.
Бутун дунёда ҳам илм-фан ва техниканинг шиддатли ривожи билан гиподинамия, камҳаракатлилик, скелет мушаклари ва юракка тушаётган юкнинг пасайиши оммавий кўриниш олган. Бироқ мазкур муаммони соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб тўлиқ ҳал этиш мумкин. Саломатлик ва узоқ умр кўриш учун ҳар куни 45 дақиқа пиёда юриш муҳим. Шунда инсон кўпгина касалликларни бошлаб берувчи шамоллашни енгиб ўтади. Британиялик олимлар ҳар куни 1 соат давомида пиёда сайр қилган кишилар юрак хасталикларига камроқ дучор бўлишини тадқиқотлар орқали исботлаганлар.
Бугунги кунда оддий бир ҳақиқат барчамиз учун аён бўлиши зарур. Олдимизда турган энг улуғ мақсадларимиз – мамлакатимизнинг буюк келажаги ҳам, эртанги кунимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳам, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида қандай ўрин эгаллаши ҳам – буларнинг барчаси, авваламбор, янги авлоднинг ижтимоий равнақи, фарзандларимиз сиҳат-саломатлиги ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқдир.
Хуллас, ижтимоий ривожланиш ва соғлом турмуш тарзи масаласи самарадорлигини таъминлашнинг мақбул ечимлари қуйидагилардан иборат деб ҳисоблаймиз:
1. Давлатимиз томонидан ижтимоий ривожланиш ва соғлом турмуш тарзи учун яратиб берилаётган қулай иқтисодий, интеллектуал ҳамда сиёсий эркинликларга мутаносиб даражадаги шахс ва жамият фаоллигини таъминлашга эришиш.
2.Турли ижтимоий тузилмаларда юз бераётган жадал юксалиш жараёнларини ҳар бир инсоннинг интеллектуал, маънавий салоҳиятини юксалтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда уни ижтимоий ривожлантириш кесимида амалга ошишини таъминлаш учун аниқ режа ва “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш.
3.Ҳар бир таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларда фуқаролар учун “Мен бугун кимман ва эртага қандайман”, шиори остида индивидуал тараққиёт режаларини тузиш.
4.Ҳар бир маҳалла, оила ва мактабда боланинг 10-11 ёшлигидан бошлаб, соғлом турмуш тарзи ва узлуксиз маънавий-интеллектуал ривожланишини таъминлаш борасидаги аниқ мақсадини шакллантиришга эришиш.
5. Китобхонлик маданиятини вертикал асосларда эмас, балки горизонтал асосларда, яъни “Ота китобхон – бола китобхон” “Ўқитувчи китобхон – ўқувчи китобхон”, “Ака китобхон – ука китобхон” тарзидаги ёндашувни, яъни ибрат омилини қўллаш орқали тарғиботини кучайтириш зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |