3. Жиноятнинг махсус субъектлари классификацияси
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида махсус субъектлар томонидан содир этилиши мумкин бўлган жиноят таркиблари жуда ҳам кўп. Агар мазкур таркиблар аломатларининг юридик табиатига қараб гуруҳларга ажратилмаса, жиноятнинг махсус субъектини жиноят ҳуқуқи нуқтаи назаридан тадқиқ қилиш тўлиқ бўлмайди.
Бу махсус субъектларни квалификация қилиш йўли билан гуруҳларга ажратишни талаб этади. Квалификация қилиш деганда, нарсалар ва ҳодисаларни уларнинг ўртасидаги ўхшашлик ва тафовутларга қараб туркумларга ажратиш тушунилади. Туркумлаш шундай мўлжал билан амалга оширилиши лозимки, ҳар бир туркум нарсалар ва ҳодисаларнинг бошқа туркумларига нисбатан маълум, аниқ белгиланган ўринни эгалласин. Бу масала юридик адабиётларда ўзининг узил-кесил ечимини топмаган ва турлича ҳал қилинади.
Махсус субъектларнинг тавсифига тааллуқли аломатлар билан бир қаторда, жиноятнинг махсус субъектини тавсифлайдиган бошқа аломатларнинг алоҳида гуруҳи ҳам ажратилади:
1) илгари муайян жиноят содир этган шахснинг жиноят содир этиши (такроран жиноят содир этиш, бир қанча жиноят содир этиш, сурункали жиноят содир этиш, жиноятни ҳунарга айлантириш);
2) илгари судланганлик ёки жиноий жавобгарликка тортилгунга қадар шунга ўхшаш ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарликка тортилганлик;
3) ўта хавфли рецидивистнинг жиноят содир этиши.
Иккинчи гуруҳга қуйидаги кичик гуруҳлар киради: а) шахснинг ёши (вояга етган шахс); б) жинси (эркак ёки аёл); в) соғлиғининг ҳолати ва меҳнатга лаёқати (таносил касалликларга чалинган, меҳнатга лаёқатли шахс ва ҳ.к.).
Учинчи гуруҳга: а) субъектнинг жабрланувчи ва бошқа шахслар (ота-онаси, фарзандлари, бошқа қариндошлари) билан қариндошчилик муносабатларини; б) хизматга доир муносабатларини (жабрланувчи хизмат юзасидан боғлиқ бўлган шахсни); в) бошқа муносабатларни (жабрланувчи моддий жиҳатдан боғлиқ бўлган шахс, васий ва ҳоказоларни) тавсифловчи кичик гуруҳлар киради.
Ижтимоий мавқеи ва ҳолат бир нарса эканлигидан келиб чиқсак, мазкур гуруҳнинг номи фақат субъектнинг ҳуқуқий ҳолатига ишорани акс эттириши лозим. Илгари судланган шахс ва ўта хавфли рецидивистни субъектнинг ижтимоий ўрни ва ҳуқуқий ҳолатини тавсифловчи гуруҳга киритиш асосли бўлмайди, чунки илгари судланган шахс ва ўта хавфли рецидивист, махсус субъектни тавсифловчи аломатлар сифатида, жиноятчи шахсининг салбий хусусиятларини акс эттиради ва унинг ижтимоий хавфлилиги даражасини оширади.
Ниҳоят, кўпгина мутахассисларнинг фикрига кўра, такрорийлик, сурункалилик ва илгари судланганлик жиноятнинг махсус субъектини таснифловчи аломатлардир.
Авваламбор, шуни қайд этиб ўтиш керакки, модданинг диспозициясида баён этилган аломатлар албатта жиноят таркибининг элементларидан бирини тавсифлайди. Модомики, рецидив, такрорийлик, сурункалилик ЖК тегишли моддасининг диспозициясида кўрсатилган экан, улар албатта жиноят таркибининг элементларидан бирини тавсифлайди.
Жиноят ҳуқуқи адабиётларида жиноятнинг махсус субъектига оид масалаларни ёритишда рецидивист махсус субъект сифатида жуда кам тилга олинади.
Муаллифлар ўта хавфли рецидивист тушунчасини таърифлар эканлар, уни бир қатор жиноятларнинг махсус субъекти деб эътироф этадилар ва шу билан бир вақтда, мазкур субъектларни туркумлашда ўта хавфли рецидивистни унга киритмайдилар.
Юқорида айтилганлар қуйидаги хулосаларни чиқариш имконини беради:
- рецидивист (ўта хавфли рецидивист) жиноятнинг махсус субъекти бўлади;
- рецидивист (ўта хавфли рецидивист), жиноятнинг махсус субъекти сифатида, таснифланган жиноят таркибларида муқобил равишда ҳам, номуқобил равишда ҳам назарда тутилиши мумкин. Бундай ҳолларда жиноятнинг рецидивист (ўта хавфли рецидивист) томонидан содир этилиши жавобгарликнинг кучайишига олиб келади;
- рецидив жиноятнинг конститутив аломати бўлган жиноят таркибларида фақат рецидивист (ўта хавфли рецидивист) жиноятнинг субъекти бўлиши мумкин.
ХУЛОСА
Жиноят субъектининг таърифи икки жиҳатдан: жиноят ҳуқуқий (юридик белгиларини аниқлаш) ва криминологик (ижтимоий демографик, психологик ва бошқа ижтимоий белгиларини аниқлаш)ни ўз ичига олади.
Жиноят – инсоннинг онгли иродавий фаолияти. Демак жиноятнинг субъекти ҳам фақат инсон бўла олади.
Жиноят ҳуқуқига биноан ҳар қандай жиноятнинг субъекти фақат шахс бўла олади, бироқ барча шахслар эмас, балки жиноят содир этилган пайтда ақли расо бўлган ва қонунда белигланган муайян ёшга етган шахсгина бўлади.
Айнан ана шу белгиларнинг йиғиндиси жиноят субъектини умумий тушунчасини шакллантиради.
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Жиноят кодексида жиноятнинг махсус субъектининг таърифи берилмаган. Муаллиф жиноятнинг махсус субъектиги қуйидагича таъриф беришни таклиф қилади:
Жиноятнинг махсус субъекти дейилганида ақли расо, қонунда белигиланган муайян ёшга етганлик каби умумий аломат билан бирга жиноят қонунига биноан жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган шахслар доирасини белгиловчи қўшимча аломатларга эга бўлган шахс тушунилади.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
1. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси.
2. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси.
3. Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодекси
4. Жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги Қарори.
5. Жиноят ҳуқуқи дарслиги.
6. Интернет тармоғи.
Do'stlaringiz bilan baham: |