Барқарор ривожланиш деганда ҳозирги авлодлар ҳаётий эҳтиёжларини келгуси авлодлар эҳтиёжларини қондиришга зарар етказмасдан амалга ошириладиган ривожланиш тушунилади. Барқарор ривожланиш мазмун бўйича экологик ривожланиш тушунчасига жуда ҳам яқиндир.
1992 йилнинг 3-14 июнь кунларида Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида БМТнинг Атроф муҳит ва ривожланиш бўйича Конференцияси бўлиб ўтди. Унда 179 давлатларнинг раҳбарлари, ҳукумат вакиллари, экспертлар, нодавлат ташкилотлари, илмий ва ишбилармон доиралар вакиллари қатнашдилар. Бу вақтга келиб жаҳонда оламшумул воқеалар рўй берди. 1991 йили Шарқий Европа ва СССРдаги тоталитар система инқирозга учради. Жаҳон уруши ҳавфи кескин камайди ва жуда катта молиявий ресурслардан тинчлик мақсадларида фойдаланиш имконияти вужудга келди.
Конференция қуйидаги муҳим ҳужжатларни қабул қилди:
Атроф муҳит ва ривожланиш бўйича Рио декларацияси;
Барча турдаги ўрмонлардан унумли фойдаланиш, уларни сақлаш ва ўзлаштириш принциплари тўғрисидаги Баённома;
XXИ асрга Кун тартиби-жаҳон ҳамжамиятининг яқин келажакнинг экологик-иқтисодий ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилишга тайёргарлигига йўналтирилган ҳужжат.
Бундан ташқари Конференция доирасида Иқлим ўзгариши бўйича чегаравий Конвенция ва Биологик хилма-хилликни сақлаш Конвенциялари тайёрланди.
27 принципдан иборат «Рио декларацияси» халқаро ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, унга кўра давлатлар бошқа мамлакатларнинг муҳитига зарар етказадиган ҳар қандай фаолият учун жавобгарликни тан олиши, экологик қонунчиликнинг самарадорлигини ошириш, фалокатлардан огоҳлантириш, экологик ҳавф манбаларини бошқа давлатлар ҳудудига ўтказмасликка чақиради.
«XXИ асрга Кун тартиби» инсониятнинг янги асрда барқарор тараққиётини таъминлашга қаратилган муҳим ҳужжат бўлиб, унда атроф муҳит муҳофазаси ва ривожланишга доир муаммоларни ҳал қилиш йўллари ва воситалари кўрсатилган. Конференция қароорларида ҳар бир алоҳида мамлакатда барқарор ривожланиш концепцияси ва миллий даражада «XXИ асрга Кун тартиби» ни ишлаб чиқиши ва амалга ошириш мажбурияти юкланган.
«Рио-92» Конференциясида ўрмонларнинг тартибсиз кесилишининг олдини олиш ва уларни муҳофаза қилишга қаратилган муҳим Баённома қабул қилинди. Конференцияда энг долзарб глобал муаммолар- иқлимнинг ўзгариши ва биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича Конвецияларнинг имзоланиши бошланди.
«Рио-92» Конференцияси алоҳида давлатлар ва жаҳон ҳамжамияти барқарор ривожланишининг стратегик вазифаларини белгилаб берди ва уни амалга оширишнинг ташкилий, ҳуқуқий ва молиявий асосларини ишлаб чиқди.
Ўзбекистон Республикаси Рио декларациясини ратификация қилди. Ўзбекистон Иқлимнинг ўзгариши тўғрисидаги Конвенция ва Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги Конвенцияларга қўшилди. 1998 йили Барқарор ривожланиш Концепцияси тайёрланди. 1999-йили Барқарор ривожланишнинг Миллий стратегиясини ишлаб чиқилди. 2002-йили Ўзбекистонда «XXИ асрга Кун тартиби» қабул қилинди. Ўзбекистон Республикасида барқарор ривожланишни таъминлаш устувор масалага айланди.
90-йилларда алоҳида давлатлар, жаҳон ҳамжамияти, ҳалқаро ташкилотлар «XXI асрга Кун тартиби»ни амалга ошириш бўйича ҳаракатларни амалга оширдилар.
2000 йилда Нью-Йоркда Мингйилик Саммити бўлиб ўтди ва унда «Минг йиллик Декларацияси» қабул қилинди. Минг йиллик ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича жаҳоннинг барча мамлакатларида саъйи-ҳаракатлар бошланди.
қилинган ишларни сарҳисоб қилиш мақсадида 2002 йил Ёханнесбургда БМТнинг Барқарор ривожланиш бўйича Бутунжаҳон Саммити бўлиб ўтди. Унда «Барқарор ривожланиш Бутунжаҳон Саммити қарорларини бажариш режаси» ва «Йоханнесбург декларацияси» қабул қилинди. Саммит режасида сайёрамизнинг турли минтақаларида бақарор ривожланишни таъминлашга асосий эътибор берилди ва унинг принциплари барқарор ривожланишнинг уч таркибий қисми: иқтисодий ўсиш, ижтимоий ривожланиш ва атроф-муҳит муҳофазаси талабларига жавоб беради. Бутунжаҳон Саммитида қашшоқликни йўқотиш ва атроф муҳит муаммоси бош масалалар сифатида таҳлил қилинди. Дунёдаги ривожланаётган камбағал мамлакатларда 1 млрд. дан ортиқ аҳоли доимий овқат етшмаслиги шароитларида яшайди. Бу давлатларга молиявий ёрдам бериш масалалари кўрилди. Йоханнесбург Саммити барқарор ижтимоий-иқтисодий-экологик ривожланиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Ривожланган давлатлардаги юқори ҳаёт даражасини таъминлаш табиий ресурслардан катта миқдорда фойдаланиш ва ўз навбатида атроф муҳитни кучли ифлослаш ҳисобига амалга ошади. 69–расмда ривожланган мамлакат- Германия Федератив Республикаси(ГФР) ва ривожланаётган мамлакат фуқаросининг атроф-муҳитга таъсири солиштирилган.