1-чизма. Жамғариш-инвестиция графиги
1936 йили инглиз иқтисодчиси Жон Мейнард Кейнс капитализм иқтисодиётига янги, иш билан бандлик назариясини киритади. У ўзининг «Пул, фоиз ва иш билан бандликнинг умумий назарияси» асарида янгича иқтисодий мувозанат назариясини изоҳлаб берди.
Кейнс макроиқтисодий мувозанатга тўлиқ бўлмаган бандлик шароитида ҳам эришиш мумкинлигини, тўла иш билан бандлик қонуний ҳолат эмаслигини, балки тартибга солинмаган иқтисодиётда тасодифий рўй беришигина мумкинлигини исботлаб берди. Шунингдек, бу назарияда иқтисодиётдаги тебранишлар фақат уруш, табиий офат ва шу каби вазиятларгагина боғлиқ эмаслигини, балки у тинчлик йилларида ҳам ички омилларнинг салбий оқибатларидан келиб чиқиши мумкинлиги асослаган. Ишсизлик ва инфляциянинг келиб чиқиши инвестиция ва жамғармаларга бевосита боғлиқ. Нархларнинг ошиши ва иш ҳақининг пасайиши бошқа салбий омиллар билан бирга иқтисодиётнинг беқарорлигига олиб келади.
Бундай номутоносибликлар режалаштирилган инвестициялар ва жамғармаларнинг бир- бирига мос келмаслиги туфайли рўй беради.(3-чизма).
Бунга сабаб биринчидан, жамғариш ва инвестициялаш тўғрисидаги қарорларни ҳар хил гуруҳлардаги одамлар турли мақсадларда қабул қилиши бўлса. иккинчидан, жамғарувчилар ва инвесторларни жамғариш ва инвестициялашга турлича сабаблар ундайди. Кейнсчилар фикрича, жамғарма ва инвестициялар битта омилга боғлиқ бўлмаган ҳолда турли сабаблар асосида амалга оширилади. Масалан, кишилар қиймати ўзининг иш ҳақи миқдоридан ортиқ бўлган маҳсулотларни сотиб олиш учун, масалан автомобиль ёки телевизор харид қилиш учун жамғаришади. Жамғармалар бирор шахс ёки оиланинг келажакдаги истеъмолини қондириш мақсадида, яъни, уй хўжаликлари оила бошлиғининг нафақага чиққандан кейинги ҳаётини ёки болалари келажагини таъминлаш мақсадида амалга оширилади. Бундан ташқари жамғармалар тасодифий вазиятларда фойдаланиш мақсадида ҳам амалга оширилади.
Инвесторларни инвестиция қилишга ундовчи сабаблар эса фоиз ставкаси билан бирга кутилаётган соф фойда нормаси ҳамдир.
Классиклар назарияси бўйича жамғарма ва инвестициялар миқдорини аниқлайдиган асосий омил фоиз ставкаси ҳисобланади. Агарда, у ошса, уй хўжаликлари камроқ истеъмол қилиб, кўпроқ жамғаришга ҳаракат қилишади. Уй хўжаликларида жамғармаларнинг кўпайиши кредит нархларининг камайишига олиб келади. Бу эса ўз вақтида инвестициянинг ўсишини таъминлайди.
Кейнсчилар фикрича эса, фоиз ставкаси эмас, балки аҳолининг ихтиёридаги даромади истеъмол ва жамғариш динамикасини белгилаб беради. Келтирилган назарий асосларга таянган ҳолда Кейнс ўзининг макроиқтисодий мувозант моделини ишлаб чиқди.