Эркин сузиб юрувчи валюта курси шароитида макроиқтисодий сиёсат
Сузиб юрувчи валюта курси шароитидаги бюджет-солиқ сиёсати савдо, демак, тўлов баланси учун пул-кредит сиёсатига нисбатан катта аҳамият касб этади. Айнан бюджет-солиқ сиёсатидан ташқи балансга эриш учун фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Ички балансни таъминлашда эса пул-кредит сиёсатидан фойдаланиш биринчи планга чиқади.
Пул таклифини кенгайтириш фоиз ставкаларини пасайтиради ва харажатларнинг ошишига олиб келади. Маълумки харажатларнинг ортиши импортнинг ўсишини рағбатлантиради ва савдо балансини ёмонлаштиради. Тўлов балансининг тақчиллиги юзага келишига фоиз ставкасининг пасайиши сабабли капиталнинг мамлакатдан чиқиб кетиши ҳам таъсир кўрсатади. Лекин эгилувчан валюта курси шароитида тақчиллик сақланиб қолмайди. Импортнинг ўсиши ва капиталнинг оқиб кетиши хорижий валютага талаб ошишига олиб келади ва миллий валюта қадрсизланади. Бу қадрсизланиш мамлакат экспортчиларининг рақобатбардошлигини кучайтиради. Оқибатда савдо баланси яхшиланади. Экспортнинг ортиши мамлакатимиз маҳсулотига бўлган талабнинг ўсишини англатади ва пул массасининг дастлабки ўсиши натижасида юзага келган иқтисодий юксалишни янада кучайтиради.
Демак, пул-кредит сиёсати ички даромадларга бевосита (пул таклифининг ўсиши орқали) ва билвосита (алмашинув курсининг пасайиши ҳамда экспортнинг ўсиши орқали) таъсир кўрсатади.
Сузиб юрувчи валюта курси шароитида давлат харажатларининг ортиши ички ва ташқи мувозанатга икки йўналишда: даромад орқали ва фоиз ставкаси орқали таъсир кўрсатади. Даромадларнинг ортиши( мултипликатор самараси орқали) импортни кўпайтиради, савдо балансини ёмонлаштиради ва миллий валютанинг курсини пасайтиради. Давлат харажатларининг ортиши, шунингдек, ҳукумат олаётган қарзларини кўпайтираётганлигини англатади, бу эса фоиз ставкаларининг ортишига олиб келади. Юқорироқ фоиз ставкалари эса хориждан капитал оқиб келишини рағбатлантиради. Бу эса миллий валюта курсини оширади ва капитал ҳаракати счётини яхшилайди. Якуний натижа эса капиталнинг мобиллиги даражасига боғлиқ бўлади.
Капиталнинг паст мобилиги шароитида бюджет экспанцияси даромад орқали кўпроқ таъсир кўрсатади. Капиталнинг унча кўп бўлмаган миқдорда оқиб келиши савдо балансининг тақчиллигини қоплай олмайди ва оқибатда валюта курси пасаяди.
Шундай қилиб, пул сиёсатининг ички даромадга аниқ ижобий таъсиридан фарқли равишда бюджет-солиқ сиёсати капиталнинг паст мобиллиги шароитидагина самарали бўлади.
Хулоса ясаб, пул ва бюджет –солиқ сиёсатининг, ташқи балансни сақлаб турган ҳолда ишлаб чиқариш ҳажмига таъсир кўрсатиши нуқтаи назаридан, нисбий самарадорлигини баҳолашимиз мумкин.
Маълумки, қайд қилинган валюта курси шароитида ички монетар сиёсат амалда “фалажланган” бўлади ва фақат бюджет-солиқ сиёсатигина самара беради. Ва бу самара капиталнинг мобиллиги ортиши билан кўпайиб боради.
Сузиб юрувчи валюта курси шароитида ички ишлаб чиқариш ҳажмига, шубҳасиз, капиталнинг мобиллиги қандай бўлишидан қатъий назар пул-кредит сиёсати ижобий таъсир кўрсатади.