I-S>0 I>S хориждан капитал киритилиши
Агарда инвестициялар (I) миллий жамғармалардан кўп бўлса (I>S), ортиқча инвестициялар хориждан олинадиган қарз ҳисобига молиялаштирилиши лозим. Бу қарзлар мамлакатга товар ва хизматларни экспорт қилишга нисбатан кўпроқ импорт қилинишини таминлайди (М>Х). Яъни, соф экспорт манфий қолдиққа (Хn<0) эга бўлади. Мамлакат халқаро жараёнга қарздор бўлиб қатнашади.
Жорий операциялар мусбат қолдиққа эга бўлганда, ортиқча маблағлардан хорижга инвестиция қилишда ёки хориждан кўчмас мулк сотиб олишда фойдаланилади.
Xn>0 X-M>0 X>M;
I-S<0 I хорижга капитал чикарилиши
Давлатлар расмий захиралар ва қарзлар ҳисобига қоплаш қобилиятига эга бўлмаган тўлов балансининг катта даврий тақчиллиги бўлган ҳолларда ўз валюталари девалвациясини амалга оширишлари мумкин. Бу импортнинг физик ҳажми кўпайишига ва оқибатда мамлакатда хорижий валюта тушумининг ўсиши ҳамда тўлов баланси камомади тугатилади.
Тўлов баланси таҳлили
Тўлов балансини тузиш тамойилларига кўра у доисмо баоанслашган бўлади. Манфий ёки мусбат қолдиқ тушунчаси фақатгина тўлов балансининг алоҳида қисмларига таълуқли. Шу билан бирга тўлов баланси қолдиғининг миллий иқтисодиётга таъсири амалиётда бир хил тавсифланмайди. Иқтисодий сиёсат мақсадларидант келиб чиқиб тўлов балансининг мусбат қолдиғи ҳам, манфий қолдиғи ҳам ижобий ёки салбий деб баҳоланиши мумкин.
Тўлов баланси ҳолатига баҳо беришда савдо баланси қолдиғи, жорий операциялар баланси қолдиғи, капитал ҳаракати ва молия баланси қолдиғи ҳамда расмий ҳисоб китоблар баланси қолдиғи алоҳида таҳлил этилади.
Савдо баланси қолдиғи ўзгаришига баҳо беришда бу ўзгаришлар қайси омиллар таъсирида рўй берганлиги эътиборга олинади. Масалан, манфий қолдиқ экспортнинг қисқариши ҳисобига рўй берган бўлса, бу ҳолат миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлилиги пасайганлигидан далолат бериши ва негатив ҳодиса деб қаралиши мумкин. Лекин бу ҳолат мамлакатга тўғридан- тўғри инвестициялар оқими кўпайиши ҳисобига импортнинг ўсиши натижасида рўй берган бўлса милий иқтисодиётнинг заифлашидан далолат деб қаралмайди.
Жорий операциялар ҳисоби баланси, одатда, тўлов балансининг маълумот берувчи қолдиғи деб қаралади. Чунки бу қолди билан бирга ички иқтисодий сиёсатни чекловчи ташқи иқтисодий омил ҳисобланиши билан бирга мамлакатнинг молиялаштиришга эҳтиёжини белгилайди. Жорий операциялар ҳисоби балансининг мусбат қолдиғи мамлакат бошқа давлатларга нисбатан нетто кредитор эканлигидан далолат беради, ва аксинча манфий қолдиғи ( яъни жорий операциялар ҳисоби балансининг тақчиллиги) мамлакат товарлар ва хизматларнинг нетто- импорти учун тўловларни амалга оширишга ва трансферт тўловларини молиялаштиришга мажбур бўлган соф қарздорга айланганлигини англатади. Амалда жорий тўлов балансининг
мусбат қолдиғига эга мамлакат миллий жамғармаларнинг бир қисмини капитални ички жамғаришга йўналтириш ўрнига мамлакат ташқарисига инвестициялайди.
Капитал ҳаракати ва молия баланси қолдиғи жорий операциялар баланси ҳолатининг ойнадаги акси ҳисобланади, чунки реал ресурслар оқимини кўрсатади. Шунингдек жорий операциялар баланси ҳолати қисман «Соф хатолар ва четда қолдиришлар» моддасига тўғри келади.
Расмий ҳисоб китоблар баланси қолдиғи тўлов баланси умумий (якуний) қолдиғининг кенгроқ тарқалган номланиши бўлиб норезидентларнинг мамлакатга нисбатан ликвидли талабларнинг кўпайиши (камайиши) ёки хорижий ликвидли активлардаги мамлакат расмий заҳираларнинг кўпайишидан ( камайишидан) далолат беради. Бу қолдиқ «Заҳира активлари» моддасидан бошқа барча моддаларни қамраб олади.
Қайд қилигнган валюта курслари шароитида (1979 йилга қадар) расмий ҳисоб китоблар ҳолатига катта аҳамият берилар эди, чунки унинг тақчиллиги мамлакатнинг бошқа давлатлар олдидаги мажбуриятларининг ортганлигини (ёки заҳираларининг камайганлигини) англатгани ҳолда валюта курсининг барқарорлигига таҳдид солар эди. Сузиб юрувчи валюта курсининг киритилиши билан умумий тўлов баланси тушунчасини йўққа чиқарди, расмий заҳиралар динамикаси эса нафақат расмий ҳисоб китоблар қолдиғининг оқибати, балки тўлов балансининг бошқа бўлимларида ҳисобга олинган оқимларидаги ўзгаришларнинг сабабчиси ҳам бўлиб қолди.
Тўлов балансини макроиқтисодий тартибга солиш воситалари ва усуллари
Тўлов баланси мувозанатини таъминлаш учун жорий ҳисоблар ва капитал ҳаракати қолдиқлари бир-бирини айнан қоплаши зарур бўлади. Марказий Банк валюта интервенциясини амалга ошириш чорасини кўрмаса, ва расмий валюта заҳиралари миқдорини ўзгартирмаса тўлов баланси ҳисобларини валюта курсининг эркин тебраниши ҳисобига ўзаро тартибга солиш амалга оширилади.
Бундай шароитда капитал оқиб келиши сабабли миллий валютанинг қимматлашуви, капитал чиқиб кетиши сабабли эса унинг арзонлашуви рўй беради. Валюта курсининг эркин тебраниши тўлов балансининг жорий ва капитал ҳисобларини автоматик равишда мутаносиблаштириш механизми ҳисобланади.
Эркин тебранувчи валюта курси тарафдорлари таъкидлашича, тўлов балансининг ортиқчалиги ёки тақчиллиги бундай вазиятларда тез орада барҳам топади. Валюта курсларининг эркин ҳаракати тўлов балансининг ортиқчалиги ёки камомадини йўқотади..
Эркин тебранувчи валюта курслари тўлов балансини тенглаштиришда катта имкониятларга эга бўлсада, камчиликликлардан холи эмас. Чунончи, бундай валюта биринчидан, савдонинг ноаниқлиги ва қисқаришига, иккинчидан, савдо шароитининг ёмонлашишига, учинчидан, беқарорликка ва бошқаларга олиб келади.
Агар Марказий Банк расмий валюта заҳиралари воситасида чет эл валютасини сотиб ёки сотиб олиб валюта курсини эркин тебранишига барҳам берса валюта курсининг эркин тебраниши воситасида тўлов балансини тартибга солиш зарурати йўқолади.
Бунда тўлов баланси тақчиллиги Марказий Банк расмий заҳираларини қисқартириш ҳисобига молиялаштирилиши мумкин. Бундай вазиятда ички бозорда чет эл валютаси таклифи ошади. Қайд этилган операция экспортга хос бўлиб кредитда плюс белгиси билан (Марказий Банкда хорижий валюта захираси камайишига қарамасдан) ҳисобга олинади. Ушбу тадбир натижасида ички бозорда миллий валюта таклифи камаяди, унинг алмашинув курси нисбатан кўтарилади ва бу инвестициялар ҳажмига ҳамда иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатади.
Тўлов балансининг актив-(мусбат) қолдиғи эса Марказий банкнинг расмий валюта заҳиралари миқдорининг ортишига олиб келади. Бунда Марказий банк валюта захираларини тўлдириш учун чет эл валютасини сотиб олиши натижасида ички бозорда миллий валюта таклифи нисбатан ошади, унинг алмашинув курси камаяди, бу ҳол эса иқтисодиётга (инвестициялар ҳажми ва иқтисодий ўсишга) рағбатлантирувчи таъсир кўрсатади.
Марказий банк томонидан ўтказиладиган бундай операциялар расмий резервлар билан бўладиган операциялар дейилади. Бу операциялар натижасида тўлов баланси қолдиғи нолга тенглашиши керак.
Тўлов балансининг актив қолдиғи ёки тақчиллиги мамлакат иқтисодиёти хусусиятларига қараб турлича баҳоланиши мумкин.
Валютаси халқаро ҳисоб-китобларда, ҳамда бошқа мамлакатлар заҳира валютаси сифатида фойдаланиладиган мамлакатлар учун тўлов баланси тақчил бўлиши табиий ҳол ҳисобланади.
Бундай мамлакатлар тўлов балансини узоқ муддат макроиқтисодий тартибга солмаслиги мумкин.
Миллий валютаси жаҳон иқтисодиётида захира валютаси ҳисобланмайдиган мамлакатлар Марказий Банкларидан расмий валюта захираси чекланганлиги туфайли тўлов балансининг узоқ муддатли тақчиллиги бу резервларнинг сарфлаб бўлинишига олиб келади. Бундай ҳолларда тўлов балансини макроиқтисодий тартибга солинади. Мамлакат савдо сиёсати ва валюта алмашинув курсини ўзгартириши чораларини қўллаб чет эллардаги ўз харажатларини камайтиради, ёки экспортдан ўз даромадларини оширади.
Бундай тартибга солиш натижасида баҳолар умумий даражасининг ошиши оқибатида аҳоли турмуш даражасининг пасайиши, миллий валютанинг қадрсизланиши, иқтисодиётнинг айрим тармоқларида бандлиликнинг пасайиши рўй бериши мумкин.
Валюта резервлари сарфлаб бўлганлиги, илгари олинган чет эл кредитларини қайтарилиш графиклари бузилганлиги туфайли бундай кредитларни яна олиш имкониятлари йўққа чиққанлиги сабабли мамлакат тўлов баланси тақчиллигининг узоқ вақт давом этиши тўлов баланси инқирози дейилади.
Тўлов баланси инқирозини ҳал этишнинг ягона йўли макроиқтисодий тартибга солиш ҳисобланади.
Ўтиш даври иқтисодиётида хорижий валютага спекулятив талаб ошиши Марказий Банкни қийин аҳволга солиб қўяди. Чунки расмий валюта захиралари бир вақтнинг ўзида ҳам тўлов баланси тақчиллигини ҳам ички спекулятив талабни қондириш учун етарли бўлмаслиги мумкин.
Валюта алмашинув курсини тартибга солиш бу вазиятдан чиқишнинг ягона йўлидир.
Қисқа истиқболда тўлов баланси қолдиғи жамғариш ва инвестициялар ҳажмларини белгиловчи омиллар (масалан бюджет солиқ сиёсати, фоиз ставкалари) таъсирида ўзгариши мумкин.
Агар мамлакатда рағбатлантирувчи фискал сиёсат юргизилса бу ҳол миллий жамғармаларнинг пасайишига олиб келади. Бу ўз навбатида жорий операциялар ҳисоби бўйича тақчилликка, капитал ҳаракат ҳисоби бўйича мусбат қолдиққа олиб келади.
Чекловчи фискаль сиёсат миллий жамғармалар ҳажмларини оширади, бу ўз навбатида капитал ҳаракати ҳисоби бўйича тақчилликка, жорий операциялар ҳисоби бўйича мусбат қолдиққа олиб келади.
Жаҳон фоиз ставкаларининг ошиши капитал ҳаракати ҳисоби бўйича тақчилликка, жорий операциялар ҳисоби бўйича мусбат қолдиққа эришишга олиб келади. Жаҳон фоиз ставкаларининг пасайиши эса акс натижаларга олиб келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |