4-МАВЗУ: МАРКЕТИНГ МУҲИТИ
Режа:
Корхонанинг микромуҳити ва унинг тавсифи.
Корхонанинг макромуҳити ва унинг тавсифи.
Корхонанинг микромуҳити ва унинг тавсифи.
Маркетинг муҳити деганда корхона маркетинг хизмати ходимларининг мижозлар билан яхши ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш ва бу муносабатларнинг сақланишига бевосита таъсир кўрсатувчи субъектлар ва кучларнинг мажмуи тушунилади. Муҳит доимий ўзгаришда бўлиб, корхонанинг фаолиятига ижобий ёки салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли маркетологлар муҳит доирасида бўлаётган ўзгаришларни диққат билан кузатиб боришлари керак.
Одатда муҳитлар микромуҳит ва макромуҳитларга ажратилади.
Корхонанинг микромуҳити. Маълумки, ҳар қандай корхонанинг бирдан-бир мақсади фойда олишдан иборатдир. Бу ерда маркетинг бошқаруви тизимининг бош мақсади истеъмолчиларнинг талабига мос товар ишлаб чиқаришдан иборатдир. Бироқ, маркетинг хизмати ходимларининг ана шу мақсадга эришишларида корхонанинг бошқа бўлинмалари, воситачилар, рақобатчиларнинг фаолияти ҳам муҳим роль ўйнайди. Шундай қилиб, корхонанинг микромуҳитига таъминотчилар, воситачилар, мижозлар (истеъмолчилар) киради.
Таъминотчилар - бу корхонанинг аниқ товар ишлаб чиқариши учун зарур бўладиган хом-ашё материаллари, жиҳозлар ва техник воситалар билан шартномага биноан таъминлаб турувчи фирмалар ва айрим шахслардир. Корхонанинг у ёки бу маҳсулотни ишлаб чиқариши учун зарур бўлган хом ашёнинг ўз вақтида етказиб берилмаслиги бу корхонанинг самарали фаолият кўрсатишига жиддий таъсир кўрсатади.
Воситачилар - бу маҳсулотларни силжитиш, тарқатиш ва сотишда фирмаларга ёрдам кўрсатувчи бозор субъектларидир. Воситачилар савдо ва транспорт ташкилотлари, сотиш билан шуғулланувчи фирмалар ва молия ташкилотлари бўлиши мумкин.
Савдо ва транспорт воситалари мижозларга товарларни сотиб олиш ва ташиш жойи, вақти бўйича қулай хизмат кўрсатиб, буюртмачиларнинг бу борадаги сарф харажатларини камайтиришга ёрдам беради. Маркетинг хизмати кўрсатиш бўйича воситачилар эса, маркетинг тадқиқотлари ўтказиш, реклама ишларини ташкил этиш, шу товарларга мос бозорларга силжитиш вка ҳоказолар бўйича ёрдам кўрсатадилар. Молия воситачилари сифатида банклар, кредит ва суғурта компаниялари хизмат кўрсатадилар.
Ҳар қандай фирма ўз фаолияти жараёнида турли хил рақобатчилар билан муносабат юритишларига тўғри келади. Рақобатчилар деганда маълум бир фирма фаолият юритаётган бозорларда худди шундай маҳсулотни сотишда иштирок этаётган корхоналар тушунилади. Бундай корхоналар орасидаги кураш ҳаққоний рақобатга, баъзан эса ғирром рақобатга ҳам асосланган бўлиши мумкин. Ҳаққоний рақобатга асосланган кураш деганда таннархни пасайтириш, маҳсулот сифатини ошириш, қўшимча хизматлар секторини кенгайтириш ва замонавий маркетингнинг бошқа усулларини қўллаш натижасида борадиган курашни тушунамиз. Ғирром рақобатга асосланган кураш деганда эса демпинг, коррупция, шантаж, шунингдек, иккинчи томонни хом ашё, иш кучи ва таъминотчилардан маҳрум этиш йўллари билан олиб бориладиган курашлар тушунилади. Ривожланган мамлакатларнинг кўпчилигида рақобатчилар орасидаги кураш ҳаққоний рақобатларга асосланганлиги билан алоҳида диққатга сазовордир.
Do'stlaringiz bilan baham: |