Визуал реперезентатив тизимли кимсанинг нутқида – кўриш, қараш, тасаввур этиш, аниқ, узоқни кўзлаб, олдиндан кўриш, нарсаларга эътибор бериш, кўрсатмок, хаёлан, кузатиш, қарашлар, ўхшаш, тасвир, ноаниқ ва шу каби сўзлар кўп учрайди.
Аудиал репрезентатив тизимга мансуб кишининг нутқида – эшитмоқ, тингламоқ, эшитилмоқ, акс садо каби, шовқин, тинч, товушнинг турли оҳанглари, пичирлаб айтмоқ, тадаффуз этмоқ, аниқ эшитмоқ каби сўзлар тез-тез учрайди.
Кинестетик учун эса – сезмоқ, ҳис этмоқ, синмоқ, тутиб олмоқ, (фикрни) илғаб олмоқ, совуқ, иссиқ, қаттиқ, уринмоқ, қийин, босим, босмоқ, кўз югуртириб чиқиш, сезгир, тегизмоқ, тийиб туриш ёки тура олмаслик ва шу каби сўзлар кўп учрайди.
Шахсий ҳисоботлар. Инсон ўзини қайси репрезентатив тизимга мансуб деб ҳисоблаши.
Турли репрезентатив тизимлар етакчи бўлган кимсалар мулоқотида баъзи бир қийинчиликлар учраши мумкин. Масалан, визуал реерезентатив тизимга асосланиб баён этилаётган ахборотни кинестетик одам ахборот етишмовчилиги сифатида қабул қилиши мумкин.
Икки репрезентатив тизимга мансуб кимсалар мулоқотидаги зиддиятни кузатар эканмиз, хизмат юзасидан бўлган вазият ходим ва раҳбар муносабатларида қуйидаги муаммони туғдириши мумкин – раҳбар-визуал бирон масалани ходим-аудиалга тушунтирар экан, раҳбар ходимнинг тинглаётганини диққат билан кузатади ва ходим бир томонга ўгирилиб қулоқ тутиб турганини кўриб бу ҳолатни эътиборсиз равишда тинглаш деб талқин этиши мумкин. Аслида эса аудиал учун айнан шундай тана ҳолати маълумотни тинглаш учун қулайдир. Турли репрезентатив тизимга мансуб бир оила аъзолари ўртасидаги муносабатлар ҳатто можароларга ҳам олиб келади. Ота фарзандини койир экан, фарзанд кучли ҳислар оғушида бўлади ва ерга қараб туради (ҳақиқий кинестетик ҳолати). Фарзандининг ҳаракатларини кузатиб турган ва визуал репрезентатив тизим устунлик қилаётган ота эса фарзандининг эътиборини суҳбатга йўналтириш мақсадида уни койий бошлайди: «Мен сенга гапираяпман, сен эса нима ҳақида ўйлаяпсан? Қани, кўзимга қарачи.». Айни пайтда ота учун фарзандининг тушунганлиги аломати унинг ота томонга нигоҳ ташлаши бўлиб ҳисобланади. Агар шундай ҳолат юз бермаса, демак, ота фарзандининг эътибори бошқа нарсаларга йўналган, деб йўяди. Турли ререзентатив тизимга мансуб кишилар, масалан раҳбар ва ходим суҳбатида қўлланувчи сўзлар ҳам орада маълум зиддиятни юзага келтиради. Ходим кайси репрезентатив тизим орқали маълумотни қабул қилиши, ёдда сақлаши ва онгида қайта ишлаши хусусиятларини билиш бериладиган топшириқни унга янада мослаштириб баён этиш имконини беради. Визуал ходимга масалани тушунтириш давомида унинг тасаввурига асосланиш, тасвирлаш ва чизмадан фойдаланган маъқул. Аудиал ходимга эса унинг идрок хусусиятига мос сўзларни танлаш ва маълумотнинг мантиқий томонига эътибор берган ҳолда баён этиш керак. Кинестетик репрезентатив тизим етакчи бўлган ходимга эса маълумотда ҳиссиёт ва туйғуни ифодаловчи тушунчалар, вазифанинг таркибий бўлакларига мувофиқ пайдо бўлувчи турли сезги ҳислари мужассамлашган бўлгани маъқул. Масалан, «… эшикдан ичкарига кирганингизда қаршингизда катта ҳарфлар билан ёзиб қўйилган…». Ушбу қисқа матндаги таги чизилган сўзлар айнан кинестетикларга хос калит сўзлар бўлиб ҳисобланади. Етакчи ререзентатив тизимлари турлича бўлган икки ходимнинг телефондаги суҳбати қуйидагича ўтиши мумкин:
«Аудиал: - Мени диққат билан эшит, муҳим топшириқ бор, яхшилаб тушуниб ол.
Визуал: - Бундай муҳим масалани телефон орқали ҳал қилиб бўлмайди, кел кўришиб гаплашиб олайлик».
Кези келганда шуни айтиш керакки, одатда аудиал типига мансуб кимсалар телефон орқали ишларни ҳал этишни маъқул кўришади. Телефоннинг ишламай қолиши улар учун иш кунининг самарасиз ўтиши белгисидир. Визуал кимса битта чироқ ёниб турган жойда иккинчисини излайди ва ҳамма нарса кўз остида бўлишини хоҳлайди. «Минг бор эшитгандан кўра, бир марта кўрган афзал» мақоли визуалларнинг ҳаёт тамойилидир. Кинестетик учун эса хонадаги жиҳозларнинг қулай жойлашганлиги, айниқса ўтирадиган стул ва суянадиган столининг қулайлиги катта аҳамиятга эга.Ходимларнинг етакчи репрезентатив тизимга мансублигини билиш улар ўртасидаги баъзи тушунмовчиликлар, муқаррар булган зиддиятларни олдини олиш имконини беради. Ташкилот миқёсида ходимларни классификациялашга оид яна бир ёндошув машҳур психолог К. Юнг томонидан яратилган психотиплар ҳақидаги таълимот бўлиб, бунга мувофиқ инсон характерининг айрим хислатлари туғма асосга эга. Масалан, улардан бири инсон ўзига куч-қувват олишда қаерга йўналганлиги билан боғлиқ ҳолатдир. Кимдир шу қувватни ташқи муҳитдан олса, кимдир ўз ички дунёсига мурожаат этади. Ташқи муҳитга йўналган кимсалар экстраверт деб аталади, эътибори ўз ички дунёсига қаратилган шахсга эса интроверт ибораси қўлланади. Ушбу икки типнинг батафсил тавсифи қуйидагича:Экстраверт – ўзгалар билан мулоқотда бўлишга эҳтиёжи катта ва бу орқали ўзига ғайрат олади, танҳо қолиш уни қувватсизликка олиб келади; аввал гапириб, кейин эса ўйлайди; фаол ва мулоқотга киришувчан; атроф-муҳитдаги кўп нарсаларни билишга интилади.Интроверт – якка, танҳо қолганда ўзини яхши ҳис этади, фикр ва ўйларини бошқалар билан ўртоқлашмайди, кучли муҳокама жараёни уларни тез толиқтиради, гапиришдан кўра тинглашни яхши кўради, суҳбатдан сўнг фикрлари ва ҳиссиётларини жамлаб ва тартиблаб олиш учун танҳо қолишни маъқул кўради.
К. Юнгнинг типологиялар ҳақидаги таълимоти ўзининг узоқ давомига эга ва юқорида таъкидланганларга («экстраверт ва интроверт»)қўшимча равишда «сезгир ва интуитив», «фикрловчи ва ҳис этувчи», «баҳоловчи ва идрок этувчи» каби типлар ҳам қайд этилади. Кейинчалик бу услуб янада такомиллашиб Майерс-Бригс услубида типологиялаш деган номга эга бўлди. Юнг типологиясидаги тўрт кўрсаткичга кўра тоифалаш шунчалик аҳамиятлики, ҳатто АҚШнинг «Форд» автомобиль компаниясидаги меҳнат жамоалари таркиби айнан шу услубда бир-бирига мувофиқ келувчи ходимлардан ташкил этилганлиги маълум.
Россиялик психолог Самоукина таклиф этадиган типологияга биноан ходимларни ўз ичига йўналган – “ички” ҳамда ташқи муҳитга йўналган - “ташқи” шахсларга тоифалаш мумкин. Бундай таърифга биноан “Ички” кимсалар бажараётган меҳнатнинг мазмунига катта эътибор беришади ва ҳиссий қониқишни устувор деб ҳисоблашади. Улар у ёки бу меҳнат тури, вазифани танлашда унинг натижаси хамкасабалари олдида обрў-ътибор қозонишга ёрдам беришига эътибор қаратишади. Ўз имкониятини намоён этиш ва қобилиятларни ривожлантириш улар учун етакчи мотивация омили бўлиб ҳисобланади. Улар маошни етакчи ўринга қўймайдилар, агар катта пул эвазига зерикарли ишни бажариш лозим бўлса, улар бундан воз кечишлари табии й ҳол. Бундай ходимлар учун кам маош тўланса ҳам, уларнинг қобилияти ва ғоясини амалга ошириш муҳим ҳисобланади.
“Ташқи” ходимлар – улар учун бажарилаётган меҳнат ҳаётда муваффақиятга эришганлик белгиси эканлиги, жамиятда юқори нуфузга эгалиги жуда муҳимдир. Улар маошни қадрлайдилар. Мансабда ўсиш, раҳбарият томонидан рағбатлантириш ва мақтов бундай ходимлар учун катта аҳамиятга эга. Улар муваффақият тимсолларини эгаллашни хоҳлайдилар – яхши кабинет, замонавий автомобиль, чиройли кийим ва шу кабилар.
Юқорида таъкидланган икки тоифадан ташқари “аралаш” типга мансуб ходимлар хам эслатиб ўтилади. Улар учун иккала омил ҳам аҳамиятга эга. Лекин, бундай ходим учун меҳнат мазмуни етакчи бўлиб ҳисобланади.
Ташкилот ҳаёти доимо режаланган тарзда кечмайди. Хом ашё танқислиги, вақт ва имкониятларни тақсимлашдаги қийинчиликлар ва бошқа бир қанча омиллар таъсирида ташкилотда зўриқиш муҳити юзага келиши мумкин. Бундай муҳитнинг ходимлар фаолиятига таъсирини таҳлил этиш мақсадида “тазйиқ кўрсатувчи” омиллар деган иборани қабул қилишимиз мумкин. Тазйиқ кўрсатувчи омиллар қаторига шахснинг ички психологик муаммолари, ходимни ўраб турган шарт-шароитнинг қониқарсиз аҳволда эканлиги, жамоадаги шахслараро муносабатларнинг тажанглиги, меҳнатни ташкил этиш билан боғлиқ бўлган муаммолар ҳамда ходимнинг оиласидаги қийинчиликлар кириши мумкин. Бу омиллар ўзаро боғлиқ ва ходимнинг бир соҳадаги қониқарсиз ҳолати бошқа жабҳаларда ҳам шундай натижани юзага келтириш эҳтимоли баланд.
Do'stlaringiz bilan baham: |