Назорат учун саволлар
1. Харажатларнинг иқтисодий мазмунини айтиб беринг.
2. Доимий ва ўзгарувчан харажатларнинг фарқли жиҳатлари нималардан иборат?
3. Маҳсулот таннархини калькуляция қилишнинг замонавий усулларини айтиб беринг.
4. Асосий ишлаб чиқариш харажатларининг ҳисоби қандай ташкил қилинади ҳамда маҳсулот таннархида қандай акс эттирилади?
5. Умумишлаб чиқариш харажатларини тақсимлаш услубиётини айтиб беринг.
6. Давр харажатларига қайси турдаги харажатлар киради.
7. 54-сонли Низомнинг моҳиятини ёритиб беринг.
9-МАВЗУ. КАПИТАЛ, ФОНДЛАР ВА МОЛИЯВИЙ НАТИЖАЛАР ҲИСОБИ
9.1. Хусусий капитал, унинг таркиби ва ҳисобининг вазифалари.
9.2. Капитални ташкил қилиш манбалари.
9.3. Устав капитали ва уни шакллантириш манбаи.
9.4. Устав капитали ҳисоби.
9.5. Қўшилган капитал ва унинг ҳисоби.
9.6. Резерв капитали ва унинг ҳисоби.
9.7. Мақсадли тушумлар ҳисоби.
9.8. Келгуси харажатлар ва тўловлар резервларини ҳисоби.
9.9. Тақсимланмаган фойда ва қопланмаган зарарлар ҳисоби.
Таянч иборалар: хусусий капитал, устав капитали, оддий акция, имтиёзли акциялар, пай ва улушлар, таъсисчилар, АЖ, МЧЖ, қўшилган капитал, эмиссион даромад, активларни қайта баҳолаш, резерв капитали, грандлар, субсидиялар, тақсимланмаган фойда (қопланмаган зарар).
9.1. Хусусий капитал, унинг таркиби ва ҳисобининг вазифалари.
Ҳар бир хўжалик субъекти ўзининг молиявий ресурсларини ташкил қилиши ва ундан фойдаланиши мумкин. Бу маблағларнинг манбаи эса фойда, амортизация ажратмаси, қимматли қоғозларни сотишдан тушган маблағлар, акция эгаларининг бадаллари ва таъсисчиларнинг улушлари, кредитлар, ажратилган грантлар, мақсадли молиялаштириш маблағлари ва шунга ўхшаш йўналишдаги маблағлардир.
Субъектнинг хусусий капитали қонунга мувофиқ ёки таъсис ҳужжатлари асосида яратилган жамғармалар ва захиралар қўшилган ҳолда, уларнинг ҳаракати ва ҳолати ўрганилади ва назорат қилинади.
Хусусий капитал устав фондидан (устав капиталидан), қўшилган, захира капиталидан ва тақсимланмаган фойдадан таркиб топади.21
Хусусий капитал хўжалик субъектининг активи ва мажбуриятлари ўртасидаги фарқни ўзида мужассамлаштиради. Хусусий капитал, ишлаб чиқариш ва мулк эгасига тўлаш, қўшимча инвестиция ва бошқа фаолиятларнинг натижаларига боғлиқ ҳолда кўпайиши ёки камайиши мумкин. Хусусий капитал уч қисмдан ташкил топади:
Устав капитали;
Қўшилган капитал;
Резерв капитали.
Барча мулк шаклларидаги корхоналарда капитал, резервлар ва тақсимланмаган фойда бўйича бухгалтерия ҳисобининг вазифалари қуйидагилардан иборат:
Устав капиталини шаклланиши ва ундан фойдаланишни назорат қилиш;
Корхона муассислари, капиталнинг шаклланиш босқичлари ва акциялар турлари бўйича ахборот тўплаш;
Устав капиталининг ҳолати ва ҳаракати хусусида ҳисобот тузиш бўйича маълумотлар олишни таъминлаш;
Қўшилган капитал ҳамда резерв капиталининг шаклланиши билан боғлиқ муомалаларни ўз вақтида ҳисобда акс эттириш.
Корхона соф фойдасининг шаклланиши ва унинг тақсимланишини ўз вақтида ҳисобга олиш ҳамда назорат қилиш.
Корхоналар ўз молиявий ва моддий ресурсларини мустақил шакллантириши талаб этилади. Бундай ресурслар, одатда, хўжалик субъектлари таъсисчилари томонидан ўз хусусий мулкларини устав капиталига улуш сифатида қўшиш билан амалга оширилади. Ушбу молиявий ресурсларнинг асосий манбалари бўлиб фойда, амортизация ажратмалари, акция ва облигацияларни сотишдан олинган даромадлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг пай ва бошқа бадаллари ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |