7. 4. Овқатлантиришни ташкил этиш
Овқатланиш ҳар қандай инсоннинг табиий эҳтиёжидир. Овқатланиш, туризмда одатдаги оддий ва зарурий эҳтиёждан ташқари яна кўнгил очиш ва маҳаллий маданиятнинг, хусусан, гастрономиянинг муҳим таркибий қисмини англаш сифатида ҳам қаралади. Миллий таом - халқ маданиятининг муҳим қисми бўлиб, ўзида аниқ ажралиб турувчи хусусиятларни мужассамлантиради ва ҳузур - ҳаловат олишнинг воситаси ҳисобланади.
Умумий овқатланиш тизими туристик марказ ёки худудга ташриф буюрувчиларнинг эҳтиёжларини қондирувчи турли тоифадаги ресторанлар, барлар, кафе ҳамда ошхоналар, тез овқатланиш ва ўзига - ўзи хизмат қилиш жойларидан ташкил топади. Овқатланишнинг турлари (эрталабки нонушта, ярим пансион, пансион) доимо туристик хизматлар кўрсатиш таркибида белгиланган бўлади. Ярим пансионда (икки марта овқатланиш) эрталабки нонушта ва тушлик ёки кечки овқат назарда тутилган бўлади. Пансион - бу уч марталик овқатланишдир. Қимматбаҳо хизмат кўрсатиш вариантларида бутун кун давомида ва ҳаттоки тунда исталган вақтда ва исталган миқдорда овқатланиш ҳамда ичимликлар (спиртли ичимликларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда) ичиш имконияти назарда тутилиши мумкин.
Шунингдек, таклиф этилаётган овқат хилларининг миқдори ташриф буюрилаётган мамлакат ёки минтақанинг анъаналарига боғлиқ бўлади ва кўпинча калориялилиги ҳамда хизмат кўрсатишнинг турлари белгиланган бўлади. Масалан, (европача, континенталь, инглизча, америкача ва ҳ. к.). Меҳмонларга хизмат кўрсатишнинг тури ҳам муҳимдир (масалан, шведча дастурхон).
Умуман олганда, турист эрталаб енгил овқат тановвул қилиши, яъни енгил нонушта қилиши қабул қилинган. Шунинг учун, одатда, меҳмонхоналарнинг кўп қисми овқатланиш жойларига ёки ресторанларга эга бўлиб, меҳмондўстликнинг зарурий таркибий қисми ҳисобланган хизмат кўрсатишларни таклиф қилади, бу эса кўп ҳолларда жойлаштиришнинг қийматига киритилган бўлади. Меҳмонхона қошидаги ресторанда овқатлантириш жойлари мавжудлигининг кўрсаткичи жуда муҳим. Агар бу кўрсаткич (миқдор) мавжуд номерлар фонди миқдорига мос бўлса (тўғри келса) яна ҳам яхши.
Нонушта масаласида энг яхшиси шуки, турист меҳмонхонадан ташқарига чиқмаслиги керак, гарчи овқатланиш жойлари назарда тутилмаган, туристларга эса яқинрокда жойлашган ресторанда овқатланиши мумкинлиги тавсия қилинган жойлаштириш воситалари ҳам мавжуд бўлсада. Бундай ҳолда жойлаштириш хизматининг қиймати кескин пасайиб кетади.
Таом ҳар бир инсоннинг шунчаки оддий эҳтиёжи бўлиб қолмай, балки туристлар томонидан кўнгил очиш ва роҳатланиш ҳам, - деб қаралади. Турли халқларнинг ва ҳаттоки жойларнинг таоми ўзига хосликка, кўп ҳолларда ўзига жалб этувчи хусусиятига эга. Бундан ташқари, ардоқли меҳмонни яхшилаб зиёфат қилиш - барча халқларга хос бўлган ёқимли анъанадир. Кўпчилик туристлар учун миллий таомлар тур дастурининг жуда қизиқарли элементи ҳисобланади. Овқат шинавандалари учун махсус турлар ҳам мавжуд бўлиб, бунинг асосини мунтазам равишда турли хилдаги миллий таомлар, ресторанларга бориш, гастрономия принципларини ўрганиш ва алоҳида махсус таомлар тайёрлаш, маҳсулотларни дегустация қилиш, вино, пиво ҳамда колбаса заводларини бориб кўриш ва бошқалар ташкил этади. Тиғиз экскурсион дастурларнинг айрим ҳолларида кундузги овқат туристларга қуруқ паёк ҳолида берилади. Иссиқ мамлакатларда туристларга катта миқдордаги ичимлик суви бериш назарда тутилади.
Овқатлантиришни ташкил этиш тиббий соҳани ҳам ҳисобга олган бўлиши керак. Нотўғри овқатланиш, ёмон (қоидаларга риоя қилмаган ҳолда) тайёрланган овқат захарланишга олиб келиши мумкин. Айниқса, кўчадаги майда сотувчилар қўлидаги сув ва овқат, шунингдек, сифатсиз ресторанлардаги таомлар хавфлидир. Айрим тоифадаги туристлар руҳида диний белгилар бўйича умум қабул қилинган чекланишалар (чўчқа гўштини истеъмол қилмаслик, рўза тутиш), болалар овқати талабларини ҳам ҳисобга олиш керак. Овқатланишга бўлган бундай талабларнинг ўзига хослигини туристлар тур сотиб олаётганларида кўрсатишлари керак.
Хулоса
Туристик индустрия - туристик фаолиятнинг туристларга хизмат кўрсатишни таъминловчи турли субъектлари (меҳмонхоналар, туристик комплекслар, кемпинглар, мотеллар, пансионатлар, умумий овқатланиш, транспорт, суғурта, банк, маданият, спорт муассасалари ) мажмуи ҳисобланишини биз юқорида кўриб чиқдик. Мазкур мавзуда биз шунингдек, туризмни ташкиллаштирувчилар: тур операторлар ва туристик агентликларни ўргандик. Тур операторлар -туристик маҳсулотни шакллантириш (тузиш ёки лойиҳалаш)ни, уни бозор томон харакатини, шунингдек сотишни амалга оширувчи юридик шахс эканлигини; туристик агентликлар эса - истеъмолчига айрим туристик хизматлар ва турларни чакана сотиш функциясини амалга оширувчи корхона ёки жисмоний шахс эканлигини, туристларни ташиш - филлар, туялар, отлар, эшаклар, итлар, велосипед, автомобил, автобус, темир йўл, ҳаво йўллари, сув йўллари орқали эканлигини билиб олдик.
Жойлаштиришни туризмнинг энг муҳим элементи, - деб ҳисобладик. Меҳмонхоналар - меҳмондўстлик тизимининг моҳияти эканлигини, айниқса, меҳмонни ҳурмат қилиш, уни кутиб олиш ва хизмат кўрсатиш одобини янада яхши эгаллашимиз кераклигини тушундик. Жойлаштириш тизими дейилганда мижозларга махсус жойлаштирилган ( чайладан тортиб то улкан меҳмонхоналаргача бўлган ) биноларни тушундик.
Овқатланиш инсонинг табиий эҳтиёжи ҳисобланишини, миллий таомнинг туристик фаолиятдаги аҳамиятини, ресторан, бар, кафе, тез овқатланиш шаҳобчаларини ўргандик.
Do'stlaringiz bilan baham: |