9-расм. Гидромеханизация воситалари билан грунтли тўғон барпо этиш схемаси:
а – план; б – грунтни тўкмага ювиш технологияси; в – карьерда грунтни сув остидан қазиб олиш; 1 – тақсимловчи қуйқа ўтказгич; 2 – сув чиқариш қудуқлари; 3 – магистрал қуйқа ўтказгич; 4 – электр узатиш тармоқлари; 5 – сузувчи қуйқа ўтказгич; 6 – лойқа сургич; 7 – ҳовуз; 8 – кўтармалар; 9 – сув чиқариш қувури; 10 – сўргич-юмшатгич
Юқорида кўрсатилган технологиялар грунтларни қазиб олиш, бир жойдан бошқа жойга кўчириш ва ётқизишнинг оддий физик усулларига асосланади. Гидротехника қурилиши амалиётида иншоотлар барпо этишнинг мураккаброқ усуллари ҳам қўлланилади. Уларнинг қаторига аввало портлатиш усули киради. Бу методнинг ўзига хос хусусияти шундаки, у узоқ тайёргарлик - қудуқлар қазиш, портловчи моддаларни ўрнатишдан кейин яхши самара беради. Йўналтирилган портлаш ёрдамида тўғон кўтариш, дарёни тўсиш, канал қазиш мумкин. Портлаш мустаҳкам қоялардан туннеллар ўтказиш, гидроэлектростанцияларнинг ер ости заллари учун ўйиқлар очиш имконини беради. Бундан ташқари, портлаш муайян шароитда ер остидаги боғланишсиз грунтни ҳам, сув остидаги боғланишсиз грунтни ҳам зичлаши мумкин.
2. Бетон иншоотлар барпо этиш
Деярли барча гидротехника иншоотлари бўғинларида тўлиқ ёки қисман бетон ва темир-бетондан қуриладиган иншоотлар мавжуд. Йирик қурилишларда ётқизиладиган бетон ҳажми бир неча миллион куб метрга етади.
Гидротехника иншоотлари бетони ўзига хос хусусиятларга эга бўлади. Унга муттасил ёки вақти-вақти билан сув, температура ўзгаришлари таъсир кўрсатади. Шу сабабли унга, одатдаги мустаҳкамлик талабларидан ташқари, сув ўтказмаслик, совуқбардошлик, оқиндилар таъсирида едирилишга ва оқимнинг катта тезликлари таъсирига чидамлилик, ёрилишга чидамлилик каби махсус талаблар ҳам қўйилади.
Бу талабларга риоя этиш бетон учун материаллар, уларнинг миқдори ва сифатини махсус танлаш ҳамда бетонни тайёрлаш ва уни иншоотга ётқизишнинг муайян технологияси билан таъминланади.
Бетонлар қуйидаги асосий элементлардан таркиб топади: цемент, йирик тўлдиргич (гравий ёки шағал), майда тўлдиргич (қум) ва сув. Бетоннинг эластиклиги ва ётқизиш учун қулайлик даражасини ошириш, сув ва цемент сарфини камайтириш учун бетонга ҳар хил юмшатувчи қўшилмалар қўшилади. Цемент ва қўшилмалар каби материаллар заводда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ҳисобланади ва қурилишга сиртдан келтирилади. Шағал, гравий, қум каби материаллар эса маҳаллий қурилиш материаллари қаторига киради ва одатда қурилиш яқинида ёки яқинроқда жойлашган конларда тайёрланади.
Бетон сифати, унинг зичлиги ва бир жинслилигини таъминлаш, цемент сарфини камайтириш учун тўлдиргичлар йирик даражаси ҳар хил бўлган фракцияларга сараланади ва шағал саралаш ёки майдалаш-саралаш заводларида ювилади. Сўнгра материаллар омборларга ва бу ердан эҳтиёжга қараб бетон заводига тушади (10-расм). Бетон қоришмасини тайёрлаш (материалларнинг барча элементларини қориштириш) бетон заводида бетон қоргичларда амалга оширилади. Барча материаллар, шу жумладан цемент ва сув, улар аралаштирилгунга қадар, бетоннинг лойиҳавий таркибига мувофиқ аниқ дозаланади (тарозида ўлчанади).
Do'stlaringiz bilan baham: |