3.3. ЗАНЖИРЛИ УЗАТМАЛАР
Занжирли узатма махсус тузилишдаги тишли иккита ғилдирак (юлдузча) ва уларга кийдирилган чексиз занжирдан тузилган бўлади.
Машинасозликда занжирли узатмаларининг ҳаракатга келтирувчи механизм юритма, юк ташиш ва тортиш учун мўлжалланган турлари ишлатилади. Узатма турларининг ҳар бирида ўзига мос занжир ишлатилади.
Юк ташиш учун ишлатиладиган занжирлар ҳаракат тезлиги катта бўлмаган, юк кўтарувчи механизмларда юкни осиб қўйиш ва уни кўтариб туриш учун хизмат қилади.
Тортиш учун мўлжалланган занжирлар элеватор, конвейер ва эсколатор каби юк ташиш механизмларида ишлатилади.
Машина деталлари курсида асосан турли саноат корхоналари машиналарида ҳаракатга келтирувчи механизм сифатида ишлатиладиган занжирли узатмалар ўрганилади. Занжирли узатмалар, уларда фойдаланилган занжирнинг турига қараб, втулкали, втулка-роликли, роликли ва тишли хилларга, занжирлар сонига қараб бир қаторли ёки кўп қаторли хилларга бўлинади. Бундан ташқари, занжирли узатмалар очиқ ёки ёпиқ (махсус кожух ичига олинган ) бўлиши мумкин.
Занжирли узатмаларнинг афзалликлари:
1.Ҳаракатни нисбатан (тишли узатиаларга қараганда) узоқ масофага узата олади, валлар орасидаги масофа 5 метрга етади.
2.Вал таянчларига тушадиган куч тасмали узатмалардагига қараганда кичик;
3.Занжирлар илашиш усулида ишлаганлиги сабабли сирпаниш ходисаси рўй бермайди, надижада узатиш сони ўзгармас қийматга эга бўлади ва тасмали узатмага нисбатан каттароқ қувватни узата олади.
Занжирли узатмаларнинг камчиликлари:
1.Таннархи юқори;
2.Юлдузчаларни тайёрлаш бирмунча мураккаб;
3.Эътибор билан қараб туришни ва синчиклаб монтаж қилишни, ҳамда мойлаб туришни талаб этади.
4.Занжир элементларининг ейилиши звенолар узунлигининг ортишига ва қўшимча динамикавий кучларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади, бу эса узатманинг нотекис ишлашига олиб келади.
Занжирли узатмалардан транспорт, озиқ–овқат ва кимё саноати корхоналарида, ҳамда станоксозликда, қишлоқ ва сув хўжалигида ишлатиладиган машиналарда тасмали узатмалардан фойдаланиш етарли даражада ишончли бўлмаган ҳолларда ишлатилади.
3.4. ТИШЛИ УЗАТМАЛАР
Ҳаракатни бир валдан иккинчи валга тишли ғилдираклар воситасида узатиш механизми тишли узатма дейилади.Хозирги вақтда тишли узатмалар техниканинг турли соҳаларида кенг қўлламда ишлатилиб келмоқда.
Тишли ғилдираклар диаметри 1 мм дан бир неча метрга етади. Валларнинг ўқларини бир-бирига нисбатан жойлашувига қараб тишли узатмалар қуйидаги турларга бўлинади.
- валларнинг ўқлари ўзаро параллел бўлган, сиртқи ёки ички томондан илашадиган цилиндрик ғилдиракли узатмалар;
- валларининг ўқлари ўзаро кесишувчи конуссимон ғилдиракли узатмалар;
-валларининг ўқлари айқаш бўлган винтавий (червякли) ва гипоит деб аталувчи конуссимон ғилдиракли узатмалар;
Тишларнинг ғилдирак сиртида жойлалашувига қараб, тишли узатмалар тўғри тишли, қия тишли, айланавий тишли ғилдираклар деб аталувчи турларга бўлинади.
Тиш профилининг шаклига кўра эвольвентали, циклоидали ва Новиков типидаги турларга бўлинади. Бундан ташқари, айланма ҳаракатни илгариланма ҳаракатга айлантирувчи механизм сифатида фойдаланиладиган, тишли ғилдирак билан тишли рейкадан иборат узатмалар ҳам ишлатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |