3.3.6. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши юзасидан назорат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лицензияловчи орган томонидан амалга оширилади.
Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга оширишда лицензияловчи орган ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режали текшириш;
- қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилганлиги ҳолатлари бўйича берган мурожаатлари асосида махсус ваколатли орган — Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарори бўйича лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишининг текширишларини ўтказиш;
- лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши юзасидан текшириш ўтказишда тегишли ихтисослик бўйича мутахассисларни жалб қилиш;
- лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текширишда пайдо бўладиган масалалар бўйича лицензиатдан зарур ахборотни сўраш ва олиш;
- текширишлар натижалари асосида, лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларининг аниқ бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;
- лицензиатга аниқланган бузилишларни бартараф этишни юкловчи қарорлар чиқариш ва лицензиат аниқланган бундай бузилишларни бартараф этиши шарт бўлган муддатларни белгилаш;
- лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ёки бекор қилиш тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қарор чиқариш ёки судга мурожаат қилиш;
- Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти томонидан тақдим этилган тегишли материаллар, шу жумладан текшириш учун харид қилиш ва назорат остида олиш бўйича материаллар асосида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг текширув ҳужжатлари асосида дори воситалари ва тиббий буюмларга нарх белгилаш тартиби қўпол равишда бузилганлиги учун дорихона, дорихона филиалига берилган лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисида белгиланган тартибда қарор чиқариш;
Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текширишда лицензияловчи органнинг текширувчи ходимлари томонидан икки нусхада далолатнома тузилади, уларнинг биттаси лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси лицензияловчи органда қолади.