Асосий таянч тушунчалар:
Макроиқтисодиёт – моддий ва номоддий ишлаб чиқариш соҳаларини яхлит бир бутун қилиб бирлаштирган миллий иқтисодиёт ва жаҳон хўжалиги даражасидаги иқтисодиётдир.
Миллий ҳисоблар тизими – миллий маҳсулотни ишлаб чиқариш, тақсимлаш ҳамда улардан фойдаланишни тавсифлайдиган ўзаро боғлиқ кўрсаткичлар тизими.
Ялпи миллий маҳсулот (ЯММ) – миллий иқтисодиётда бир йил давомида вужудга келтирилган ва бевосита истеъмолчиларга бориб тушадиган пировард маҳсулот ва хизматларнинг бозор нархларидаги суммаси.
Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) – йил давомида мамлакат ҳудудида ишлаб чиқарилган пировард маҳсулот ва хизматларнинг бозор нархларидаги қиймати.
Соф миллий маҳсулот (СММ) – йил давомида жонли меҳнатнинг унумли ҳаракати билан яратилган янги маҳсулотдир.
Миллий даромад – янгидан вужудга келтирилган маҳсулотнинг пулдаги ифодаси бўлиб, ҳозирги ҳисоблар тизимида СММдан эгри солиқларни чиқариб ташлаш йўли билан аниқланади.
Шахсий даромад – миллий даромаддан ижтимоий суғурта ажратмалари, корхона фойдасидан олинадиган солиқлар ва корхонанинг тақсимланмайдиган фойдасини чиқариб ташлаш ҳамда аҳоли қўлига келиб тушадиган ижтимоий тўловлар суммасини қўшиш йўли билан аниқланади.
Номинал ЯИМ – жорий нархларда ҳисобланган ЯИМ.
Реал ЯИМ – нархларнинг ўзгаришини ҳисобга олиб, ўзгармас ёки қиёсий нархларда ҳисобланган ЯИМ.
Қўшилган қиймат – ишлаб чиқарилган маҳсулот қийматидан сотиб олинган ва унумли истеъмол қилинган хом ашё ва материаллар қиймати чиқариб ташлангандан кейин қолган қисмининг бозор қиймати.
Оралиқ маҳсулот – ишлов бериш, қайта ишлаш ва қайта сотиш мақсадларида сотиб олинган маҳсулотлар.
Пировард маҳсулот – ишлаб чиқариш жараёни якунланган, шахсий ва унумли истеъмол қилишга тайёр бўлган маҳсулотлар.
Хуфёна иқтисодиёт – ЯИМни ишлаб чиқариш, тақсимлаш ва ундан фойдаланишнинг расмий иқтисодиётдан яширин қисми.
Такрорлаш учун савол ва топшириқлар:
Миллий иқтисодиёт тушунчаси нимани ифодалайди? Унинг қандай таркибий қисмлари мавжуд?
Оддий ва кенгайтирилган такрор ишлаб чиқаришнинг фарқи нимада? Улар иқтисодиётнинг қандай кўринишлари учун хос эканлигини изоҳланг.
Миллий ҳисоблар тизимининг моҳияти нимада? У ўз ичига қандай кўрсаткичларни олади.
Мaкpoиқтисoдий кўpcaткичлap нималар ва улар миллий иқтисодиётда қандай рoл ўйнaйди?
ЯИМ вa СMМ биp-биpидaн нимa билaн фарқлaнaди? СMМ вa миллий дapoмaд-чи?
Миллий маҳсулот ҳаракат шакллари тавсифини беринг.
ЯИМ қандай усулларда ҳисобланади? Уларнинг фарқи нимадан иборат.
Номинал ва реал ЯИМ тушунчаларини изоҳланг. Уларнинг фарқини кўрсатинг.
Агар жорий йилдаги номинал ЯИМ ҳажми 700 млрд. сўмга, нарх индекси 1,5 га тенг бўлса, реал ЯИМ ҳажми қанча бўлади? Агар нарх индекси 0,8 га тенг бўлса-чи?
Соф иқтисодий фаровонлик кўрсаткичининг моҳияти ҳамда ҳисоблаш тартибини тушунтириб беринг.
15-БОБ. ЯЛПИ ТАЛАБ ВА ЯЛПИ ТАКЛИФ
Мазкур дарсликнинг 7-бобида талаб ва таклиф тушунчалари, уларнинг миқдорига таъсир этувчи омиллар, шунингдек, талаб ва таклиф қонунлари ҳамда улар ўртасидаги мувозанатлик масалалари баён этилган эди. Лекин унда талаба ва ўқувчиларнинг тушунишини осонлаштириш мақсадида ушбу масалалар товар ва хизматларнинг алоҳида олинган турлари бўйича кўриб чиқилган эди. Миллий иқтисодиёт яхлит ҳолда, яъни макроиқтисодиёт даражасида ўрганилаётган жараёнда мамлакат барча фуқаролари, тадбиркорлар, давлат ва чет эл истеъмолчиларининг жами товарлар ва хизматлар турлари бўйича талаби ва таклифини ўрганиш иқтисодиётни самарали ва мувозанатли юритишда муҳим аҳамиятга эгадир.
Шунинг учун бу бобда макроиқтисодий таҳлил давом эттирилиб, энг аввало яхлит олинган кўриб чиқилади ва унинг макродаражадаги асосий кўрсаткичлари бўлган ялпи талаб ва ялпи таклиф тушунчаларининг иқтисодий мазмунини тавсифланади. Таҳлил давомида ялпи талаб ва ялпи таклифга таъсир этувчи омиллар, улар таъсирида нархлар даражасининг ўзгариши ҳамда ишлаб чиқаришнинг мувозанатли ҳажми қандай ўрнатилишини баён этилади.
15.1. Ялпи талаб тушунчаси ва унинг ҳажмига таъсир
қилувчи омиллар
Иқтисодиётни мувозанатли ривожлантириб, унинг барқарор ўсишини таъминлашда энг аввало ялпи талабнинг мазмунини билиш зарур.
Ялпи талаб (aggregate demand, AD) – барча истеъмолчилар, яъни аҳоли, корхоналар ва давлат томонидан нархларнинг муайян даражасида сотиб олиниши мумкин бўлган турли товарлар ва хизматларга бўлган талабнинг умумий ҳажмидир. Шунингдек, ялпи талабни миллий иқтисодиётдаги реал пул даромадлари ҳажми сифатида ифодалаш ҳам мумкин.
Ялпи талаб барча истеъмолчиларнинг турли хил товарларга ва хизматларга бўлган талаблари йиғиндисидан ташкил топади. Биламизки, товар ва хизматлар икки хил бўлади: шахсий истеъмол товарлари ва тадбиркорлар ишлаб чиқариш жараёнида унумли истеъмол қиладиган ишлаб чиқариш омиллари – ер, капитал ва ишчи кучи.
Истеъмол товарлари турли-туман моддий, маънавий товарлар ва хизматларни ўз ичига олади. Шунингдек, турли кўринишдаги (масалан, давлат, хусусий, жамоа, корпоратив) тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш омилларига бўлган талаби ҳам турли-тумандир (масалан, турли машиналар, станоклар, асбоб-ускуналар, иншоотлар, транспорт воситалари, ёнилғи, хомашё, материаллар, ишчи кучи ва ҳ.к.). Талабнинг умумий миқдори сотиб олишга мўлжалланган товарларнинг турлари, миқдори, сифати ҳамда нархига боғлиқ бўлади. Уни қуйидаги чизма орқали осонроқ тушуниш мумкин (15.1-чизма).
Do'stlaringiz bilan baham: |