2.Бюджет тақчиллиги ва уни ижтимоий иқтисодий оқибатлари.
Бюджет тақчиллиги деганда муайян даврда бюджетнинг харажат қисмининг даромад қисмидан ортиб кетиши тушунилади. Дунёнинг кўпгина мамлакатларида ҳар йилги тақчилликнинг ва тез ўсиб борувчи давлат қарзининг мавжуд бўлиши кузатилади. 70-йиллар бошларига келиб, бюджет тақчиллигининг ЯИМ га нисбатан фоиз ҳисобида ўсган давлатлар бу кўрсаткич пасайган мамлакатларга нисбатан кўпчиликни ташкил этган. АҚШ да иккинчи жаҳон уруши йилларигача бюджет тақчиллиги бўлмаган, фақат уруш йилларида давлат бюджетида тақчиллик юзага келган.
Собиқ Иттифоқда маъмурий-буйруқбозлик йилларида давлат бюджети тақчиллиги узоқ вақтларгача мустақил иқтисодий категирия сифатида тан олинмаган. Давлат бюджетини шакллантиришда молиявий ресурсларга бўлган талабдан келиб чиққан холда, уларни молиялаштириш учун маблағлар қидириб топиларди ва шу асосда давлатнинг молиявий манфаатлари таъминланарди. Режали иқтисодиёт маълум даврларгача ҳеч қанақа ларзаларсиз, бир текисда маъмурий-буйруқбозлик асосида ривожланиб бориши даромадлар ва харажатлар орасида “касаллик” аломатларини аниқ кўрсатмади. Аммо, кейинги даврларда собиқ Иттифоқда бюджет тақчиллиги холати юзага чиқа бошлади. Дастлабки йиллардаги бюджет тақчиллиги жамғарма кассалардаги аҳоли маблағлари, ҳаётни узоқ муддатга суғурта қилиш бадалларининг ўсиши ва аҳоли ўртасида давлатнинг ички ютуқли заём облигацияларини чиқариш ҳисобига қоплаб борилди. Бу турдаги қарзлар олдиндан мавжуд бўлган ресурсларни қайта тақсимлаш бўлгани учун молиявий-моддий баланснинг бузилишига олиб келмади, аммо бу жараён давлат қарзларининг ўсишига олиб келди. 1986 йилда бюджет тақчиллигининг жуда тез суръатда ўсиб кетиши (45,5 млрд рубль) Иттифоқ молия тизимининг парокандалик ҳолатини бошлаб берди.
Аммо бюджет тақчиллигини фавқулодда, мустасно бўлган ҳодиса деб қараб бўлмайди. Ўзининг тарихий ва иқтисодий ривожланишининг у ёки бу босқичида бюджет тақчиллигига дуч келмаган давлат бўлмаса керак. Масалан, АҚШ да федерал бюджет кейинги ярим аср мобайнида фақат 1969 йилдагина тақчилликсиз ижро этилган.
Тақчилликнинг ҳажми:
• миллий валютада абсолют суммада;
• мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажмига нисбатан;
• миллий даромад ҳажмига нисбатан;
•бюджет даромадлари ва харажатларига нисбатан фоизларда аниқланади.
Тақчилликнинг келиб чиқиш сабаблари қуйидагилар бўлиши мумкин:
• иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида давлат бюджети ҳисобидан капитал қўйилмалар ҳажмининг ошиб кетиши;
• фавқулодда ҳолатлар – урушлар, давомий оммавий тартибсизликлар, табиий офатлар;
• ЯИМ усиш суръатларининг пасайиб кетиши, ишлаб чиқаришнинг издан чиқиши;
• бюджет даромадлари базасининг мустаҳкам эмаслиги;
• ЯИМ нинг ўсиш суръатларига эришмасдан туриб марказлашган узоқ муддатли инвестицияларни, ижтимоий-маданий тадбирларни молиялаштиришни муттасил ошириб бориш;
• иқтисодий инқирозлар ва бошқалар
Умуман олганда, Ўзбекистон Республикаси илмий адабиётларида (жумладан, Н.Жумаев, У.Бурхоновларнинг “Молиянинг долзарб муаммолари” илмий монографиясида) илгари сурилган “функционал молия” ғоясига кўра, Ўзбекистон Республикасида бюджет тақчиллиги муаммоларини хал қилиш учун умуман иқтисодиётни баланслаштириш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, инфляциясиз тўла бандликка эришиш зарур19.
Do'stlaringiz bilan baham: |