Инглиз ва ўзбек тилларидаги результатив тузилмалар, ушбу маънони англатувчи лисоний бирликларнинг функционал-семантик ва лисоний-маданий ва когнитив жиҳатларини чоғиштирма таҳлил қилишга қаратилган тадқиқотимиз бўйича қуйидаги хулосаларга келинди.
1. Қиёсланаётган тилларда результатив семантикаси ҳар бир тилнинг структуравий, морфологик, синтактик, лексик, ҳамда лингвомаданий хусусиятларига асосланган ифодаланиш усуллари, моделларда ўз ифодасини топган;
2. Маълум шакл ва мазмунга эга бўлган барча сатҳлардаги тил бирликлари тузилмани ташкил қилиши мумкин. Тузилмалар синтаксис ва семантиканинг муҳим тадқиқ объектларидан бири сифатида алоҳида ифодаланиш мазмунига эга. Шу аснода, барча тиллар таркибида каузатив, пассив, депиктив, результатив, инструментал, интенсив каби тузилмалар қатори мавжуд. Булар орасида ўз ифодаланиш усули, ясалиш шаклллари, синтактик-семантик боғланишига эга, типологик таҳлилга мос бўлган результатив тузилмалар муҳим аҳамият касб этади;
3.Ўзбек тилида результатив тузилмалар шаклан депиктив тузилмаларга ўхшаш ҳодиса саналади. Результатив ва депиктив иккиламчи предикатларни ташкил қиладиган –ган шаклдаги сифатдош қуйидаги синтактик вазифаларни бажаради: 1) сифатдош предикатликка боғлиқ элемент сифатида баҳоланади; 2) сифатдош асосий предикатга нисбатан ҳол вазифасини бажаради;
3) сифатдош ушбу тузилмаларда результативлик ва депиктивлик маъноларини акс эттирувчи асосий элемент ҳисобланади; 4) сифатдош результатив тузилмаларда асосан–иб шаклини олган қилмоқ ва бўлмоқ феъллари билан алоқага киришади;
4. Инглиз тилига хос бўлган результатив тузилмаларнинг асосий кўрсатгичи мураккаб тўлдирувчи вазифасида келган иккинчи компонентнинг морфологик белгиси саналади ва бу ҳолатни: 1) объект ҳолатининг ўзгаришини кўрсатувчи сифатнинг қўлланилиши; 2) чегараланган хусусиятли феълнинг инфинитив шакли; 3) каузатив феъллардан кейин қўлланиладиган мураккаб тўлдирувчининг иккинчи компоненти сифатдош II шакли таъминлайди. Мазкур ҳолларда иккиламчи предикат объект ҳолатини ўзгарганлик натижасини англатиб келади.
5. Каузативликнинг ифодаланиши тилларнинг морфологик, синтактик шаклланишига кўра фарқ қилади. Баъзи тилларда мазкур ҳодиса морфологик хусусиятларга эга бўлса, бошқаларида лексик хусусиятга эгадир. Лексик хусусият морфологик шаклланган тилларга ҳам хос жиҳат саналади. Чунки каузатив бевосита феълнинг лексик ва семантик хусусияти бўлиб, морфологик жиҳатдан ўзига хос тузилмаларни ташкил этади.
6. Инглиз ва ўзбек тилларида результатив тузилмалар аниқ ва ўхшаш шаклларга эга эмас. Инглиз тилида результативлик иккиламчи предикат вазифасида сифат, инфинитив ва сифатдош шакллари, баъзи (одатда чегараланган хусусиятли) феълларнинг мажҳул нисбат шакли, боғловчи феъл ва сифат бирикмали тузилмаларда, результатив маънога эга феълларнинг лексик маъноси ёрдамида ифодаланади.
7. Ўзбек тилида результативлик–ган шаклига эга бўлган сифатдош ва бўлмоқ, қолмоқ, кетмоқ кўмакчи феъллари билан ҳосил бўладиган аналитик бирикмаларга, сифатдош ва эди тўлиқсиз феъл бирикмаларига, феълнинг лексик-семантикасида натижага йўналтирилган маъно мавжуд. Масалан: синмоқ, ўлмоқ, йиқилмоқ каби феълларга, тасвирий ифода маълум натижани англатувчи тузилмаларга хос ҳодиса саналади.
8. Перфект ва результатив семантика нутқ вазияти билан ҳолда фарқланади. Инглиз тилида перфект ўтган замон нуқтаи назаридан нарратив матнда ҳаракатлар кетма кетлигида, таксис ҳодисаларида, ҳозирги замонда эса нутқ вазиятига алоқадор ҳодиса сифатида баҳоланса, результативлик эса ҳолат ўзгариши билан боғлиқ маълумотни ўзида сақлайди. Бундан ташқари, ушбу ҳодисалар динамиклик ва статик хусусиятлар асосида ҳам фарқланади.
9. Лексик воситалар результативликни ифодаланишида муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, результатив тузилмаларда иштирок этадиган феъл, от, сифат каби лисоний бирликларнинг лексик маънолари айнан результатив маънони ифодалашда муҳим ўрин тутади.
10. Мажҳул нисбат тузилмаларида результативлик агентив тўлдирувчига нисбатан йўналтирилган ҳаракатнинг натижаси ёки субъектнинг ҳолат ўзгаришини таъминловчи восита сифатида намоён бўлади.
11. Сифатдош шакли (инглиз тилида сифатдош II шакли) феълнинг кучсизланган маъносини акс эттиради ҳамда ҳаракат натижасида ҳолат ўзгариши билан боғлиқ результативликни англатади.
12.Қиёсланган тилларда результатив тузилмалар маълум грамматик кўрсатгичларга эга. Хусусан инглиз тилида феълнинг ўтимлилик хусусияти етакчилик қилиб, тузилма доирасида агенс ёки пациенснинг иштироки муҳим ўрин тутади. Ўзбек тилида феълнинг аналитик шакллари, сифатдош шакли результатив тузилмаларнинг асосини ташкил қилади. Ўтимли феъллар ва ўтимсиз феъллар иштирокидаги тузилмалар транзитивлик жиҳатлари билан фарқ қилади. Ўтимли феъллар воситасиз тўлдирувчи олади ва объект сифатий ўзгаришга учрайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |