Асосий предикат доирасида ифодаланадиган результатив маъно предикатнинг асосини ташкил қилувчи феълнинг лексик маъноси билан боғлиқ. Мазкур ҳолда ҳолат ўзгариши натижасида юзага келадиган результативлик агенсга йўналтирилган бўлади, эга вазифасида қўлланилган номинатив бирликнинг сифатий хусусияти ёки ҳолатининг ўзгаришига олиб келинади.
Результатив тузилмаларда иштирок этадиган сифат ушбу маънони кўрсатувчи асосий морфологик белги ҳисобланади ва синтактик тузилмани ташкил қилувчи асосий элемент сифатида тан олинади. Шунинг учун ҳам баъзи ҳолларда результатив фраза атамаси билан ҳам юритилади.
Результатив тузилма сифатида қуйидагилар ажратилди:
1) тузилмада иштирок этаётган феъл номинатив аргументнинг ҳолатига таъсир этиши, ҳолат ўзгаришига олиб келиш имконияти мавжудлиги;
2) ҳаракат бажарувчиси ифодаланмайди, ифодаланганда ҳам факультатив тарзда намоён бўлади;
3) результатив тузилмаларнинг шаклланишида мураккаб тўлдирувчининг объект вазифасида қўлланилиши (инглиз тилига хос) муҳим аҳамият касб этади;
4) инглиз тилида результатив тузилмалар аниқ морфологик белгиларга эга, жумладан, иккиламчи предикат вазифасидаги элементни сифат, сифатдош II, инфинитивнинг акционал хусусияти ташкил қилади;
5)мураккаб тўлдирувчи вазифасидаги результатив тузилмалар каузатив ва депиктив тузилмалар билан муносабатга киришади, кўпгина ҳолларда бир тузилма икки хил маънони, результативлик ва каузативлик, результативлик ва депиктивликни ифодалаб келади;
6) ўзбек тилида результатив тузилмалар локатив, инструментал отга нисбатан бажарилган ҳаракатни акс эттиради;
7) ўзбек тилида результатив тузилмалар сифатдош шакли, “бўлмоқ”, “қилмоқ” феълларининг етакчи ва кўмакчи вазифаларида номинатив бирликнинг ҳолат ўзгаришини англатганда ҳосил бўлади;
8) результатив маъноларнинг ифодаланишида аналитик шаклларнинг ҳам ўрни беқиёс;
9) иккала тилда ҳам мажҳул нисбатга хос грамматик шакллар ёрдамида результатив тузилмалар ҳосил бўлади. Мазкур ҳолларда феълнинг акционал чегараланган хусусияти муҳим аҳамият касб этади;
10) результатив тузилмаларда агенс ва пациенс иштироки муҳим.
Инглиз тилидаги чегараланган хусусиятли феълларнинг сифатдош II шакли мураккаб тўлдирувчининг иккиламчи предикати вазифасида, аниқловчи вазифасида ҳолат ўзгариши ва ҳаракат натижасини ўрнатувчи лисоний восита сифатида амал қилади.
Результативлик ва перфект мазмунан бир-бирига яқин ҳодиса бўлса-да, ифода мазмунига кўра, семантик воқеланиши томонидан фарқ қилади. Жумладан, инглиз тилида перфект ва результативлик маълум грамматик шаклланганлиги, прагматик ифодаланиш жиҳатларида, воқеа-ҳодисалар кетма-кетлигида фарқли томонлари аниқ кўзга ташланади. Ўзбек тилида эса перфект ва результатив маъноларни фақатгина контекстда, прагматик ифодаланиш жиҳатларини эътиборга олган ҳоллардагина аниқлаш мумкин.
Результатив тузилмаларда иштирок этадиган ва муҳим ўринга эга сифатдошнинг –ган шакли феълнинг акционал хусусияти ва лексик маънога боғлиқ ҳолларда керакли маънони англатади. Ҳолатни англатувчи феъллар сифатдош шаклида қўлланилганда субъект ҳолатининг нутқ вазиятига тенг бўлган ҳолатнинг ёки жараённинг юзага келишини кузатишимиз мумкин. Сифатдошнинг результатив тузилмаларни ҳосил қилишида феълдан ясалган сифатдошнинг акционал хусусияти таъсирини асосий белги сифатида тан олиш керак. Аниқ мисоллар асосида олиб борилган таҳлилларга асосланиб, айтиш мумкинки, чегараланган хусусиятли феъллар сифатдош (II) шаклида ҳаракат ёки жараён маъносини йўқотади ва ҳолат ўзгариши натижасида юзага келган результативликни ифодалайди.
Инглиз тилида результатив тузилмалар грамматик мақомга эга. Улар феълнинг ўтимлилик хусусиятига боғлиқ бўлиб, тузилма доирасида агенс ёки пациенснинг иштироки муҳим аҳамият касб этади. Ўтимли феъллар ва ўтимсиз феъллар иштирокидаги результатив қурилмалар транзитивлик жиҳатидан ҳам фарқ қилади. Ўтимли феъллар воситасиз тўлдирувчи олади ва мазкур объект сифат ўзгаришига учрайди. Шунингдек, мазкур тузилма мазмуни бевосита феълнинг лексик маъносига боғлиқ.