4.3. Эталонларнингяратилиш тарихи Энг қадимий ўлчовлар тахминан 5000 йил муқаддам, Вавилонлик олимлар томонидан яратилган. Улар ўлчовларни узунлик бирлиги асосида олишга келишганлар. Қолган бирликларни қуйидагича келтириб чиқарганлар: юза бирлиги – томонлари узунлик бирлигига тенг бўлган квадрат; ҳажм - кирралари узунлик бирлигига тенг бўлган куб; оғирлик бирлиги – бирлик ҳажмни тулдирувчи сувнинг оғирлиги. Бу ўша даврга нисбатан жуда улкан янгилик эди. Чунки бунда турли катталикларнинг бирликлари ўзаро боғлиқда қурилиши мумкин эди.
Орадан кўп асрлар ва минг йилликлар утди. Вавилон ва бошқа давлатлар таркалиб ёки парчаланиб кетди. Маданий ривожланишда бирмунча турғунлик хўқм сурди. Илмий ва маданий ривожланиш секин аста Марказий Осиё томон сурила бошлади. Марказий Осиё, айниқса Мовароуннаҳрда аждодларимиз илмий ва маданий ривожланиши бутун дунёга урнак бўла оладиган даражада амалга оширдилар. Кўплаб асарлар ёзилади. Афсуски, бу асарларнинг аксарияти турли боскинчилик урушлари даврида йўқ бўлиб кетган. Лекин шу асарлар бир неча юз йиллар давомида дунёнинг йирик илм даргохларида ўқув дарсликлари ва қўлланмалари сифатида фойдаланилганлиги ҳозирда маълум.
Олимларимиз кўпроқ табиий ва антропометрик бирликларга аҳамият беришган. Баъзи бир бирлик ўлчамлари бошқа давлатларда ҳам тадбиқ этила борган. Масалан, Қадимги Рус ва бошқа Европа давлатларига ўлчаш бирликлари аршин (форсча «арш» - тирсак) , сажень («саржин» - уч тирсак) шулар жумласидандир.
Йиллар ўтган сари, халқаро ижтимоий ва иқтисодий алоқалар янги поғоналарга кўтарилди ва халқаро келишувлар асосида яратилиши лозим бўлган бирликларга эҳтиёж тобора ортди. Ва нихоят, XVIII асрнинг охирларига келиб бу муаммо ўта долзарб аҳамият касб эта бошлади.
Хўш, яратиладиган ўлчовлар тизими қандай бўлиши керак эди?
Энг аввало, ҳар бир ўлчов бир нечта давлатлар учун умумий тавсифга эга бўлиши лозим эди.
Ўлчовларнинг доимий ва ўзгармас бўлиши учун улар табиий бўлиши лозим эди. Шунда, агар яратилган намуна (эталон) йўқолса, уни яна қайтадан тиклаш, яъни табиатдан олиш имконияти сақланиб қоларди.
Ўлчовлар ўзаро бир тизимда боғланган бўлиши керак эди.
1790 йилнинг 8 майида, Франция Миллий мажлиси ўлчовлар тизимини яратиш борасида реформа ўтказиб, декрет қабул қилди. Бунга боғлиқ амалларни бажариш фанлар академияси зиммасига юкланди. Машхур ва таниқли олимлардан иборат махсус комиссия тузилди. Бу комиссия «Барча даврлар ва ҳамма ҳалқлар учун» шиори остида фаолият юритдилар.
Комиссия олдидаги муҳим вазифа Париж меридиани бўйича Дюнкерн ва Барселона шаҳарлари орасидаги масофани аниқ ва бир йуналишда ўлчаш эди. Айнан шу икки шаҳарнинг олинишига сабаб, уларнинг иккови ҳам денгиз сатҳида ва бир Париж меридианида ётар эди.
Вазифани бажариш академиклар Мешен ва Деламбрларга топширилди. Бу ишни бажаришга 6 йил вақт кетди. Текис жойларда бевосита, паст-баланд жойларда эса кўп учбурчак шакллари ясалиб, унинг базис томони бўйича тўғри масофа аниқланар эди.
Ўлчашлар тугаганидан сўнг, олимлар янги ўлчовнинг узунлигини ҳисоблаб чиқардилар. Бу узунлик Париж меридианининг қирқ миллиондан бир улушига тенг эди. Янги узунлик бирлигига метр («метрон» - грекча “ўлчов”) номи берилди. айнан мана шу бирлик метрик бирликлар тизимининг асоси бўлиб ҳисобланди
1869 йил Петерберг академияси дунёдаги барча йирик илм даргохларига метрни қайта кўриб чиқиш хусусида қуйидагича мурожаат қилдилар:
«Илм-фан ютуқларига суяниб, Метр-Ер меридиани чароғининг ўн миллиондан бир улуши деган таърифдан воз кечиш лозимдир. Чунки такомиллаштирилган тарздаги кейинги ўтказилган аниқ ўлчашлар натижалари ҳар хил бўлган. Лекин ҳар бир қайта ўлчашдан сўнг метрнинг узунлигини ўзгартириш йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолатдир».
Буни ҳисобга олган Петербург академияси Франция архивида сақланаётган метрнинг дастлабки ҳолида нусхаларини тайёрлаш ва турли давлатларга беришни таклиф этди.
1875 йил Парижда халқаро конференция чақирилди. 17 давлат вакиллари метрик тизимни халқаро сифатда тан олиш бўйича метрик конвенцияни (шартномани) имзоладилар. Айнан шу конференцияда Халқаро комиссиянинг кўзатуви остида платина ва иридий котишмаларидан 34 дона метр эталони ва 43 та килограмм эталони тайёрланди. Шулардан №28 ва №11 метр эталонлари ҳамда №12 ва «26 килограмм эталонлари Россияга берилди.
1967 йили энг замонавий асбоблар билан Ер меридианининг қирқ миллиондан бир улуши аниқланди ва натижага кўра Франциядаги архив метр меридионал метрдан фақат 0,2 мм қисқарок экан.
Платина-иридийдан тайёрланган метр эталонининг хатолиги +1,1.10-7 метр бўлиб, асримизнинг бошидаёқ бу эътироф этилган эди. 1960 йилда оғирлик ва ўлчовлар бўйича XI бош конференция атом нурланишларининг спектрал чизиқлари тўлқин узунликларининг доимийлиги асосида криптон метр эталонига таъриф берилди.
Ундаги хатолик 5.10-9 метрга тенг эди.
Бирок космик асрда бу ҳам қониқтирмади ва 1983 йил, оғирлик ва ўлчовлар бўйича XVII Бош конференцияда метр эталонига янги таъриф берилди: метр - ёруғлик нурининг вакуум шароитида секунднинг 1/299792458 улушидаги босиб ўтган масофасига тенг.
Масса бирлигининг эталони ҳам қизиқ тарихга эга. «Архив килограмм» 1872 йилда тайёрланган бўлиб, тоза сувнинг 40С даги 1 дм3 ҳажмга тўғри келадиган массасига тенг ҳисобланган. У баландлиги ва диаметри 39 мм га тенг бўлган платина цилиндрдан иборат. Ундан олинган нусхалар эса платина-иридий котишмасидан тайёрланган.