16.3. Ўзбекистон туризми иқтисодиётида ҳукумат органларининг тутган роли
Бутун жаҳон ҳамжамияти давлатларнинг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятида халқаро туризмнинг ижтимоий - сиёсий ва ижтимоий - иқтисодий ролини юқори даражада эканлигини тан олади. Жаҳон хўжалиги даражасида халқаро туризмнинг дастурли ривожланиши, БМТ, унинг ихтисослашган органлари, туризм соҳасида жуда йирик илмий - ижтимоий дастурлар ва бошқа халқаро ташкилотлар дастурлари орқали амалга оширилади.
Туризм инфраструктурасининг ривожланиши ҳар бир давлат томонидан тузилган, қонун билан асосланган ҳуқуқий муҳит ва конституция кафолатлари доирасида амалга оширилади. Бу муҳитнинг либерализация даражасида туризм фаолиятининг барча субъектлари ва туристларга юридик ва фуқаролик кафолатларининг тўла сақланиши энг аввало халқаро туризмнинг самарадорлигига боғлиқдир.
Бозор иқтисодиёти шароитида ва бозор муносабатлари ривожланиши натижасида Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш учун қулай шарт‑шароитлар юзага келаётганлиги, туризмнинг республика иқтисодиётига янада интеграцияланиши мамлакат иқтисодиётида муҳим аҳамият касб этмоқда. Жаҳон иқтисодиёти тажрибасидан маълумки, туризм соҳаси мамлакат хазинаси учун зарур бўлган валюта тушумини таъминлаш, янги иш жойларини вужудга келтириш ва шу билан биргаликда аҳолининг турмуш даражасини кўтариш учун хизмат қилади. Республикамиз халқаро туризм бизнесидаги имкониятларининг катталиги билан қўшни мамлакатлардан тубдан фарқ қилади. Ўзбекистоннинг географик ўрни ниҳоятда қулай, ажойиб табиий иқлим шароитига эгалиги инсоният маданий тараққиётида ҳам катта ўрин тутади. Ўзбекистон нодир тарихий архитектура ёдгорликларига, ширин-шакар мевалар, хилма-хил таомлар, ажойиб миллий анъана, урф-одатга эга бўлган меҳмондўст халққа эга. Буларнинг барчаси чет эллик туристлар эътиборини ўзига тортади ва кишиларни лол қолдиради. Халқаро туризмни ривожлантиришда Ўзбекистонда мавжуд бўлган сиёсий барқарорлик ҳам муҳим ўрин тутади. Аммо халқаро туризм тараққиёти даражасини юқори босқичга олиб чиқишда ҳали кўп ислоҳотларни амалга ошириш, кечиктириб бўлмас чораларни белгилаш ва уларни жадаллик билан ҳаётга тадбиқ этиш лозим бўлади.
Кейинги йилларда ҳукумат томонидан туризм соҳасини ривожлантиришга эътибор кўпайиб бормоқда, буни ҳукумат томонидан қабул қилинган қарор ва фармонлар мисолида ҳам кўриб ўтиш мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 27 июлдаги №447‑рақамли фармонига асосан «Ўзбектуризм» Миллий Компаниясининг вужудга келиши ва бу ташкилотнинг 1993 йили Бутунжаҳон Туризм Ташкилотига аъзо бўлиб кириши туризм тараққиёти соҳасида қўйилган улкан қадам бўлди. Республикада халқаро туризмни янги босқичга кўтариш ва самара билан фаолият кўрсатишга мос келадиган янги шароит ва механизм вужудга келди. Ҳозир Ўзбекистонга ташриф буюраётган туристларнинг деярли ҳаммаси мазкур компаниянинг хизматларидан фойдаланмоқда.
Ўзбекистонда бозор муносабатлари шароитида туризм бизнесини ривожлантириш чора‑тадбирлари давлат томонидан белгиланган бўлиб, иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш учун турли битимлар, келишувлар амалга оширилган ва оширилмоқда. Шу билан бир вақтда халқаро туризмни ривожлантиришда амалга оширилиши муҳим бўлган ишлар қуйидагилардан иборат деб биламиз19:
- Туризм бизнесида кичик ва хусусий тадбиркорлик фаолиятидан кенг фойдаланиш ва халқаро бозорларга чиқишга интилиш;
- маҳаллий ахборот агентликлари орқали ривожланган мамлакатларни Ўзбекистоннинг туристик имкониятларни таништиришга ҳаракат қилиш;
- туризм соҳасида ишлайдиган мутахассисларни чет элларда бир йилда камида бир марта малака оширишга юбориш, ўқитиш, улар учун барча имкониятларни яратиб, туристларга сифатли хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш;
- республикамиз вакилларининг Европа мамлакатларида ўтказиладиган туристик ярмаркаларда доимий равишда иштирок этишини таъминлаш;
- халқаро туристик ташкилотлар билан ахборот алмашишни яхшилаш, биргаликда фаолият юрита оладиган давлатлар билан қўшма корхоналар, компаниялар тузиш ва улар фаолиятини кенг йўлга қўйиш;
- ички туристик бозорда ўзаро рақобатни янада кучайтириш ва бошқа тадбирларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эгадир.
Туризм инфраструктурасини ривожлантириш Ўзбекистон иқтисодиёти учун ғоятда зарур бўлиб, унинг имкониятларидан келиб чиқиб, туризм соҳаси орқали аҳолининг моддий фаровонлигини яхшилаш, уларни иш билан таъминлаш учун янги иш ўринларини ташкил қилиш мумкин бўлади. Бу мақсадга эришиш учун ҳали амалга ошириладиган ишлар кўлами жуда кенг.
Хулоса
Туризм сиёсати давлатнинг умумиқтисодий ва ташқи алоқалар сиёсатида муҳим рол ўйновчи омилдир. Чунки давлатлар ўртасидаги барча алоқаларни ривожлантиришда туризм муҳим рол ўйнайди. Давлатнинг туризм соҳасига қизиқишга ва эътибор беришга бир қанча омиллар таъсир қилади. Булар иқтисодий, ижтимоий, моддий ва атроф муҳит омиллари. Республикамизда ушбу омилларнинг ривожланиши учун ҳукумат томонидан бир қанча қонунлар, фармонлар чиқарилган. Лекин уларнинг аксарияти ҳанузгача ҳаётга тадбиқ қилинганлари жуда камдир. Шунинг учун асосий эътиборни малакали ходимларни тайёрлашга эътибор қаратиш зарурдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |