4.2. Бино ва унинг конструкцияларида учрайдиган нуқсон, шикастланиш ва деформация ҳолатлари
Лойиҳалаш, қуриш ва бинодан фойдаланиш талабларига амал қилинмаслиги натижасида ҳосил бўлган нуқсонлар пайдо бўлиши билан бино ва иншоотларни эскириши тезлашади.
Эксплуатациядаги бино конструкциялари ташқи муҳит билан ўзаро мураккаб таъсирда бўлади. Авария ҳодисаси деб - иншоот элементларида бутунлай ёки қисман бузилиш ҳолатлари мавжуд, юк кўтарувчи конструкциялар бузилиш босқичидаги ҳолатига айтилади; авария ҳолати –алоҳидаги элементлар чегаравий ҳолатда бўлиб, кучланганлик даражаси материалнинг мустаҳкамлик чегарасидан ошмаган ёки баъзи конструктив элементларнинг алоҳидаги деталлари ишдан чиққан, бироқ бузилиш руй бермаган ҳолати тушунилади.
Нуқсон – бу конструкциянинг алоҳида олинган кўрсаткичларга, меъёрий талабларга ёки лойиҳага мос келмаслигидир. Масалан, ғишт теримда қоришманинг қалинлигини ортириб юборилиши нуқсон ҳисобланади, чокдаги нуқсон туфайли бинонинг бузилиши– шикастланишдир. Демак, одатда конструкциянинг нуқсонли ҳолати уни шикастланишга олиб келади ва бу ҳолат охир-оқибат конструкциянинг бузилиши ёки авария ҳолатига олиб келиши мумкин.
Айниқса асос, пойдевор ва бинонинг юк кўтарувчи конструкцияларидаги нуқсонлар хавфли ҳисобланади, чунки бу элементларда нуқсонларнинг бўлиши бутун бинони бузлишига олиб келиши мумкин. Бинони юк кўтармайдиган конструкцияларидаги нуқсонлар бирмунча хавфсиз ҳисобланади, аммо бундай нуқсонлар бинони эксплуатация хусусиятларини камайтиради.
Демак, нуқсон шикастланишнинг бирламчи сабабчиси ҳисобланади. Уни олдини олиш ёки уни бўлишига йўл қўймаслик лозим. Баъзи ҳолларда нуқсонни олдини олиш ёки бартараф қилиш имконияти бўлмайди. Бундай нуқсонлар бинони эскиришини тезлаштиради.
Нуқсонларни қуйидагича турларга ажратиш мумкин: жойлашиш ўрни бўйича, сабаб ва вақти бўйича, келиб чиқиш характери ва аҳамиятлиги бўйича.
Жойлашиш ўрни бўйича нуқсонлар бинони жойлаштиришдаги камчиликлар натижасида рўй беради, ер ости сувларини сатҳини ҳисобга олмаслик, ер усти сувлари, сел келиши, қуёшга нисбатан жойлашишини нотўғри танланиши.
Лойиҳа-қидирув ишларидаги нуқсонларга - қурилиш майдончасини нотўғри танланиши, грунт физик-механик хусусиятларини нотўғри баҳолаш, материални, конструкцияни ва кесим юзаларни нотўғри танлаш, ташқи юкларни аниқлашдаги хатоликлар ва ҳ.к. киради. Баъзи нуқсонлар тўғридан-тўғри қурилиш жараёнида лойиҳа чизмаларида ноаниқликлар ёки чизманинг тўлиқсизлиги, баъзи ишлар бўйича лойиҳада зарурий кўрсатмаларнинг йўқлиги сабабли қурувчи томонидан ечим қабул қилиниб, мавжуд имкониятдан фойдаланган ҳолда вазиятдан чиқилади.
Нуқсонларни қуйидаги кўрсаткичлар бўйича турларга ажратиш мумкин.
Нуқсонларнинг кўрсаткичи бўйича текширув натижасида бевосита кўзга ташланмайдиган ва очиқ яъни кўринадиган турларга бўлинади (3.2-расм).
Аҳамияти (хавфлилиги) бўйича уч турга бўлинади:
аварияга олиб келувчи нуқсонлар. Бундай нуқсонлар аниқланганда уларни дарҳол бартараф этиш зарур;
бузилиш хавфини туғдирмайдиган, бироқ, конструкцияни кучсизланишига олиб келадиган ёки бинонинг эксплуатацион сифатига таъсир кўрсатадиган нуқсонлар, шунинг учун улар ҳам бартараф қилиниши зарур;
бузилишга олиб келмайдиган, бироқ, бинонинг эксплуатацион сифатига таъсир кўрсатадиган ва эксплуатация жараёнида қўшимча ҳаражатлар талаб қиладиган нуқсонлар.
Бинодаги нуқсонларнинг ўрганиш ва классификациялаш улар туғдирадиган хавфни олдиндан башорат қилиш ва зарурий чора тадбирлар қўллаш имкониятини беради ҳамда лойиҳа ва қурилиш жараёнида бундай нуқсонларга йўл қўйилишини камайтиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |