32-модда. Суғурта шартномаси иштирокчилари
Суғурталовчилар, суғурта қилдирувчилар, суғурталанган шахслар, наф олувчилар ва манфаатдор шахслар суғурта шартномасининг иштирокчилари сифатида иш юритиши мумкин.
Суғурталовчи билан суғурта шартномасини тузувчи ва суғурта мукофотини (суғурта бадалларини) тўловчи юридик шахс ёки муомалага лаёқатли жисмоний шахс суғурта қилдирувчидир. Суғурта қилдирувчилар учинчи шахсларни (суғурталанган шахсларни) суғурта қилиш тўғрисида фақат уларнинг розилиги мавжуд бўлган тақдирдагина суғурталовчилар билан шартномалар тузиши мумкин, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Суғуртада иштирок этаётган, мулкий манфаатлари суғурта ҳимоясининг объекти бўлган жисмоний шахс суғурталанган шахсдир.
Суғурталанган шахс, агар ўзига нисбатан суғурта шартномасини тузса ва ҳисобланган суғурта мукофотини тўласа, суғурта қилдирувчи ҳам бўлиши мумкин.
Суғурта қилдирувчи (суғурталанган шахс) томонидан суғурта товонини ёки суғурта тўловини олувчи сифатида тайинланган жисмоний ёки юридик шахс наф олувчидир. Наф олувчи суғурта шартномаси ҳақидаги ахборотни суғурта қилдирувчидан, суғурталанган шахсдан ёки суғурталовчидан олишга ҳақли.
33-модда. Суғурта мукофоти
Суғурталовчи суғурта шартномаси бўйича тўланиши лозим бўлган суғурта мукофотининг миқдорини белгилашда ўзи ишлаб чиққан суғурта тарифларини қўллашга ҳақли бўлиб, бу тарифлар суғурта объекти ва суғурта таваккалчилигининг хусусияти ҳисобга олинган ҳолда суғурта суммаси бирлигидан ундириладиган мукофотни белгилайди.
Суғуртанинг айрим турлари бўйича суғурта мукофотининг миқдори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган суғурта тарифларига мувофиқ аниқланади.
34-модда. Суғурта товонини (суғурта тўловини) тўлаш
Суғурталовчи суғурта шартномасида кўрсатилган шахсга фақат суғурта ҳодисаси юз берган тақдирда суғурта товонини (суғурта тўловини) тўлаши шарт.
Суғурталовчи қуйидагиларга ҳақли эмас:
агар у суғурта шартномасида ёки қонунда кўрсатиб ўтилган суғурта ҳодисаси юз берганлиги тўғрисидаги далилларни олган бўлса, суғурта шартномасида белгиланган муддатда суғурта товонини (суғурта тўловини) тўлашни рад этишга;
агар суғурта ҳодисасининг юз бериши суғурта қилдирувчининг (суғурталанган шахснинг ва (ёки) наф олувчининг) суғурта ҳодисаси юз беришига қаратилган қасддан қилган ҳаракатлари натижасида келиб чиққан бўлса, суғурта товонини (суғурта тўловини) тўлашга. Бундай ҳолда суғурталовчи тўланган суғурта мукофотини қайтармайди.
Тарафларнинг келишувига кўра, суғурталовчи зарарларни тўлиқ ҳисоб-китоб қилгунига қадар суғурта товонининг бир қисмини тарафлардан бирортаси ҳам низолашмайдиган миқдорда тўлаши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |