6. Хорижий давлатларда жавобгарликни суғурта қилиш хусусиятлари
Жавобгарликни суғурта қилиш ривожланган мамлакатларда айниқса кенг тарқалган суғурта шаклларидан бири ҳисобланади. Мазкур мамлакатларнинг аксариятида жавобгарликни суғурта қилиш мажбурияти қонун ҳужжатларида назарда тутилади.
Мазкур қонун ҳужжатларининг мазмун ва моҳияти шундан иборатки, хавфли объектлардан фойдаланувчи ёки бундай объектлар (транспорт воситалари)ни бошқарувчи ҳар ким бундай фойдаланиш ёки эгалик қилиш натижасида учинчи шахсларнинг мол-мулки ёки ҳаёти ва соғлиғига етказилиши мумкин бўлган зарар ёки зиён учун жавобгар бўлиши лозим.
Қонун бўйича жавобгарлик эҳтиётсизлик орқасида ҳуқуқбузарлик содир этиш ёки шартнома мажбуриятларини бузиш билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Фуқаролик жавобгарлигини ёки учинчи шахслар олдида жавобгарликни суғурта қилиш энг кўп сонли суғурта тури ҳисобланади20.
Жаҳон амалиётида ҳам қонун ҳужжатларининг талабларига кўра, ҳам касбий регламентлар (кодекслар, стандартлар)га мувофиқ касбий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ жавобгарликни суғурта қилиш шартномаларида суғурта қилдирувчилар сифатида кўпинча шифокорлар, фарматсевтлар, аудиторлар, брокерлар, архитекторлар, адвокатлар, нотариуслар ва айрим бошқа касбларнинг эгалари амал қилади.
Ушбу суғурта тури АҚШда мижозлар томонидан ўз ҳаёти ва соғлиғига зарар етказганлик учун врачлар ва тиббиёт ҳамшираларига қўйилган даъволар сони сезиларли даражада кўпайган ўтган асрнинг 60-йиллари ўрталаридан бошлаб оммавий тус олди.21
Чет элда жавобгарликни суғурта қилиш кўпгина ташкилотлар, айрим касб эгалари ва оддий фуқаролар учун аллақачон меъёрга айланган. Масалан, учинчи шахслар олдида касбий жавобгарликни мажбурий суғурта қилиш ресторан бизнеси, спорт - кўнгилочар муассасалари, транспорт воситалари, казино, тунги клубларнинг эгалари, шунингдек шифокорлар, адвокатлар, нотариуслар, божхона ходимлари фаолиятига тегишлидир.
Буюк Британияда автотранспорт эгалари, авиаташувчилар, отда юриш билан шуғулланувчи шахслар, шунингдек атрофдагилар учун хавфли бўлган ҳайвонларни уй шароитида сақлайдиган шахсларнинг учинчи шахслар олдидаги фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш мавжуд. Бундан ташқари, адвокатлар, бухгалтерлар, суғурта брокерлари, шунингдек атом энергетикаси қурилмасининг операторлари учун касбий жавобгарликни мажбурий суғурта қилиш назарда тутилган.
Мажбурий суғурта шартномалари (амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ) Англия суғурта бозорида мавжуд суғурта компаниялари томонидан тузилади. Буюк Британиянинг давлат ташкилотлари мажбурий суғурта масалалари билан шуғулланмайди.
Германияда мажбурий суғурта нисбатан чекланган хусусиятга эга. Германия федерал қонунчилиги даражасида иш берувчининг ёлланма ходимларга ишлаб чиқариш жароҳати ёки зарарли меҳнат шароитлари билан етказилган зарар учун жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш, автотранспорт воситалари эгаларининг йўл-транспорт ҳоисаси натижасида етказилган зарар учун учинчи шахслар олдидаги фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш, авиаташувчилар ва ноҳарбий ҳаво кемалари ҳаракатини бошқарувчи диспетчерлар, бухгалтерлар, овчилар, атом энергетикаси қурилмаларининг операторлари, атом энергияси ва радиоактив изотоплардан фойдаланувчилар, фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларнинг касбий (фуқаролик) жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш назарда тутилган. Бундан ташқари, Германиянинг айрим федерал ерларида иморатларни уларнинг мулкчилик шаклидан қатъи назар, ёнғиндан мажбурий суғурта қилиш белгиланган.
Ғарбий Европанинг иқтисодий ривожланган мамлакатларида фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш ярим асрдан ҳам кўпроқ давр мобайнида мавжуд. Бундай суғурта полисига эга бўлмаган одам кўчага чиқиши, боз устига рулга ўтиришини тасаввур қилиш ҳам мумкин эмас. Ёки бўлмаса, айтайлик, бирон-бир банк битими титул суғуртаси учун шартномасиз амалга оширилмайди.
Европанинг бир қатор давлатларида бошқа мамлакатлардан келган туристларга умумий фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш талаби қўйилади. Умумий фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш талаби туристлар ташриф буюрадиган мамлакатлар қонунларининг амал қилиши билан боғлиқ. Европа давлатларининг аксариятида, Шенген гуруҳи мамлакатларида эса - мажбурий тартибда, умумий фуқаролик жавобгарлиги тўғрисидаги қонунлар амал қилади.22
Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш жавобгарликни суғурта қилишнинг жаҳонда айниқса кенг тарқалган тури ҳисобланади. Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш аксарият мамлакатларда мажбурий ҳисобланади ва тегишли қонун ҳужжатларида назарда тутилган. Мазкур қонун ҳужжатларида транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш асосий принциплари ва шартлари, жавобгарлик лимитлари ва ҳоказолар белгиланган.23
Жаҳон хўжалик алоқаларининг кенгайиши, туризмнинг ривожланиши, алоқаларнинг кенгайиши муносабати билан автофуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш ҳозирги вақтда халқаро аҳамият касб этди. “Яшил карта тизими” деган ном билан кенг тарқалган жавобгарликнинг мазкур турини суғурта қилиш халқаро тизими 1953 йилнинг 1 январида кучга кирди.
Яшил карта тўғрисидаги шартнома иштирокчиси бўлган мамлакатлар уларнинг исталган бирида сотиб олинган халқаро автомобил қатновида транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш тўғрисидаги суғурта полисларини ушбу мамлакатлар ҳудудида эътироф этиш мажбуриятини олдилар. Яшил карта тизимининг асосий элементи иштирокчи-мамлакатларнинг миллий бюролари ҳисобланади.
Ушбу тузилмалар чегарани кесиб ўтаётганда суғуртанинг мавжудлиги устидан назоратни ташкил этадилар, шунингдек суғурта ҳодисалари бўйича арз қилинган даъволарни тартибга солиш масалаларини (мамлакат ичида ва чет элда) суғурта компаниялари билан бирга ҳал этадилар. Миллий бюролар қароргоҳи Лондонда жойлашган ягона Халқаро бюрога бирлаштирилган. Халқаро бюро бутун дунёдаги миллий бюролар фаолиятини мувофиқлаштиради. Яшил карта бўйича суғурта товонини тўлашни ваколатли суғурта компаниялари амалга оширади.24
Германияда авиакорхоналар, ядровий энергетика қурилмалари, фарматсевтика саноати корхоналарининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий тартибда суғурта қилинади.
Тиббиёт ходимларининг касбий жавобгарлигини суғурта қилиш тизими иқтисодий ривожланган мамлакатларда узоқ йиллардан бери кенг қўлланилади. Айни вақтда, турли мамлакатларда суғурта қилиш схемалари бир-биридан сезиларли даражада фарқ қилади.
АҚШда тиббиёт ходимларининг касбий жавобгарлигини суғурта қилиш тизимининг икки тури фарқланади. Уларнинг биринчисида суғурта компанияси соғлиққа зарар етказилгани ҳақидаги шикоятларнинг барчаси бўйича компенсацияларни шикоят тақдим этилган вақтдан қатъи назар мазкур полис амалда бўлган йил давомида тўлаш мажбуриятини олади. Иккинчи турдаги полислар фақат ўша йили етказилган зарарга тегишли бўлган шикоятлар бўйича компенсациялар тўланишини таъминлайди.
Чет элда кенг истеъмол моллари ишлаб чиқарувчиларнинг жавобгарлигини истеъмол қилиш кўп йиллик тажрибага эга. Хусусан, 1985 йилдан бошлаб Европа иқтисодий ҳамжамияти доирасида унинг амал қилишини Ғарбий Европанинг барча мамлакатларига татбиқ этиш тўғрисидаги битим амал қилади. Аксарият товар ишлаб чиқарувчилар жавобгарликнинг ушбу турини ҳам ўз ишчанлик обрўсини ошириш, ҳам маҳсулотни истеъмол қилувчига етказилган зарар қопланишининг молиявий кафолатларини олиш, ҳам суд муҳокамалари ва зарурий экспертизалардан халос бўлиш учун суғурта қилишни лозим деб ҳисоблайди, чунки суғурталовчи суғурта қилдирувчининг манфаатларини судда ҳимоя қилишни таъминлайди, экспертиза юзасидан маслаҳат хизматлари кўрсатилишини ташкил этади.
Ушбу суғурта турининг истеъмолчилар учун қулайлиги шу билан белгиланадики, мавжуд юридик нормаларга кўра ишлаб чиқарувчининг жавобгарлиги зарар мазкур ишлаб чиқарувчи томонидан етказилгани далиллар билан исбот қилинганда унинг айби мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар эътироф этлади. Бундан ташқари, анча катта миқдорда суғурта товони олиниши мумкин, чунки мазкур суғурта тури бўйича товар ишлаб чиқарувчиларнинг жавобгарлигини чеклашга йўл қўйилмайди.25
Жавобгарлик ҳажмига маҳсулот истеъмолчиларининг соғлиғи ёки мол-мулкига зарар етказиш ва уларнинг ҳалок бўлиши ҳам киритилади. Товар бозорда ишлаб чиқарувчининг рухсатсиз пайдо бўлган, у реализация қилиш учун ишлаб чиқарилмаган, товар сотувга келиб тушган пайтда унда нуқсонлар мавжуд бўлмаган ҳолларда жавобгарликдан озод қилишга йўл қўйилади.
Товар ишлаб чиқарувчи, агар у истеъмолчи томонидан бепарволикка йўл қўйилганини исботлаб берса, жавобгарликдан қутулиб қолиши мумкин. Атроф муҳитни ифлослаш учун жавобгарликни суғурта қилиш табиий офатлар ва ёнғинлардан кўриладиган зарарлар билан таққослаганда экологик зарарлар миқдори сезиларли даражада ошгани билан белгиланади. Атроф муҳитни ифлослаш учун жавобгарликни суғурта қилиш ўтган асрнинг 60 - йилларидан эътиборан ривожлана бошлади.
Аввалига жавобгарлик ҳажмига ишлаб чиқаришда юз берган бахтсиз ҳодиса туфайли атроф муҳитнинг ифлосланиши натижасида учинчи шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига зарар етказувчи хавфлар киритилар эди. Бунда суғурта товони фақат экологик ҳалокат қўққисдан ва кутилмаганда юз берган ҳолда тўланар, доимий равишда ёки вақти-вақти билан етказиладиган зарар истисно этиларди. 70-йилларнинг бошида бу истисно бекор қилинди.
Ғарбий Европа ва Америка мамлакатларининг деярли барчасида ошиқча хавф манбаси бўлган объектлардан фойдаланишда жавобгарликни суғурта қилиш суғуртанинг ихтиёрий тури сифатида мавжуд. Хавфли объектлар эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш мазкур шаклининг моҳияти шу билан белгиланадики, ушбу мамлакатларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ, бундай турдаги корхоналар учун етказилган зарарни қоплаш бўйича кучайтирилган жавобгарлик белгиланган.
Бундан ташқари, бу ерда бозорда мавжуд бўлган шароитлар (давлат даражасида ўрнатилган саноат хавфсизлиги юксак стандартлари; операторлар ижтимоий жавобгарлик даражасининг юқорилиги, шунингдек ошиқча хавф манбаси бўлган объектларнинг эгаларига нисбатан учинчи шахсларнинг даъволари бўйича зарарларни қоплаш билан боғлиқ потенциал ҳаражатларнинг катталиги) ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Масалан, АҚШда корхона суғурта полисига эга бўлмаган ҳолда унга кредит бериш рад этилиши мумкин, у аудиторларнинг талаблари билан мос келмайди, бундан ташқари, мазкур корхона ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида бошқа бир қатор муаммоларга ҳам дуч келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |