15-модда. Суғурта брокери
Суғурта қилдирувчининг номидан ва топшириғига биноан суғурта шартномасини тузишни ҳамда унинг бажарилишини ташкил этишга доир фаолиятни амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган юридик шахс суғурта брокеридир.
Суғурта брокерининг фаолияти суғурта соҳасидаги бошқа фаолият турлари билан қўшиб олиб борилиши мумкин эмас, бундан қайта суғурта брокерининг фаолияти мустасно.
Суғурта брокери суғурталовчининг устав фондида (устав капиталида) иштирок этишга ҳақли эмас. Суғурта брокери ўзи ва суғурта қилдирувчи ўртасида тузилган шартнома асосида хизматлар кўрсатади.
16-модда. Қайта суғурта брокери
Ўз номидан ва қайта суғурта шартномаси бўйича суғурта қилдирувчи сифатида иштирок этувчи суғурталовчининг топшириғига биноан қайта суғурта шартномасини тузишни ҳамда унинг бажарилишини ташкил этишга доир фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс қайта суғурта брокеридир.
Қайта суғурта брокери суғурталовчининг устав фондида (устав капиталида) иштирок этишга ҳақли эмас. Қайта суғурта брокери ўзи ва суғурта қилдирувчи ўртасида тузилган шартнома асосида хизматлар кўрсатади.
17-модда. Суғурта ҳамда қайта суғурта брокерларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Суғурта ва қайта суғурта брокерлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
суғуртанинг (қайта суғуртанинг) ҳар қандай тури бўйича воситачилик фаолиятини ваколатлари доирасида амалга ошириш;
суғурта (қайта суғурта) шартномаси тузилган тақдирда, суғурталовчини танлаш;
суғурталовчидан лицензиянинг мавжудлиги, устав фондининг, суғурта захираларининг ҳамда қабул қилинган мажбуриятларнинг миқдорлари тўғрисида, шунингдек суғурталовчининг тўловга қобилиятлилиги ва молиявий барқарорлигига доир бошқа кўрсаткичлар ҳақида маълумотлар олиш;
эксперт ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш.
Суғурта ва қайта суғурта брокерлари қонунчиликка ҳамда ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Суғурта ва қайта суғурта брокерлари:
суғурта фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши;
суғурта (қайта суғурта) шартномасини тузиш ва бажариш бўйича тўлиқ, ишончли ҳамда холисона ахборотни мижозларнинг сўровларига кўра тақдим этиши;
мижознинг тижорат сирини ва бошқа сирини ташкил этадиган маълумотларни ошкор қилмаслиги;
қонунчиликда белгиланган ахборотни ваколатли давлат органининг талабига кўра тақдим этиши;
фирма номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли ва (ёки) жойлашган ери ўзгарган тақдирда, бу ҳақда ваколатли давлат органини ҳамда суғурталовчиларни хабардор қилиши;
қонунчиликда белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисобини юритиши, молиявий, статистика, солиқ ҳисоботларини ва бошқа ҳисоботларни тузиши шарт. Суғурта ва қайта суғурта брокерларининг зиммасида қонунчиликка ҳамда ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |