119-масала. Юмалоқ мевали қовоқ ўсимликлари ўзаро чатиштирилганда 25% и ясси мевали, 25% и узунчоқ мевали ва 50% и юмалоқ мевали бўлган. Чатиштириш учун олинган ўсимликларнинг генотипини аниқланг.
120-масала. Ясси мевали қовоқ ўсимликлари узунчоқ мевали ўсимликлар билан чатиштирилганда, F1 да олинган ўсимликларнинг 1/4 қисми ясси, 2/4 қисми юмалоқ ва 1/4 қисми узунчоқ мевали бўлган. Чатиштириш учун олинган ўсимликларнинг генотипини аниқланг.
121-масала. Оқ жунли денгиз чўчқачалари қора жунлилари билан чатиштирилганда, уларнинг болалари кулранг жунли бўлган. F2 да эса олиган чўчқачаларнинг 9 қисмига яқини кулранг, 3 қисми қора ва 4 қисми оқ жунли бўлган. Ўрганилаётган белгининг ирсийланиш қонуниятини аниқланг. Нима учун F2 да 9:3:4 нисбатда ажралиш кетганлигини тушунтиринг. Таҳлилий чатиштириш ўтказилса, генотип ва фенотип бўйича қандай натижа олиш мумкин?
122-масала. Яшил донли жавдар ўсимликлари оқ донли ўсимликлар билан чатиштирилганда, F1 да яшил донли ўсимликлар олинган, F2 да олинган 89 та ўсимликнинг дони яшил, 28 тасиники сариқ ва 39 тасиники оқ бўлган. Ўрганилаётган белги қандай ирсийланади? F1 ўсимликлари гомозиготали сариқ ва оқ донли ўсимликлар билан чатиштирилса, дон ранги бўйича қандай натижа олиш мумкин?
123-масала*. Маккажўхори ўсимлигининг иккита навига мансуб оқ донли ўсимликлари чатиштирилганда, F1 да олинган ўсимликлар қизил донли бўлган. F1 ўсимликлари оқ донли нав ўсимликлари билан қайта чатиштирилганда, кейинги авлодда (FB) олиган ўсимликларнинг 50% и қизил донли ва 50% и оқ донли бўлган. F1 ўсимликлари ўз-ўзига чатиштирилганда эса F2 да олинган ўсимликларнинг 9/16 қисми қизил донли ва7/16 қисми оқ донли бўлган. Чатиштириш учун ва чатиштиришдан кейин олинган ўсимликларнинг генотипини аниқланг.
Масаланинг ечилиши:
P ♀ оқ Х ♂ оқ
F1 қизил
Бу олинган натижадан кўриниб турибдики, бир хил генотипли организмлар чатиштирилганда F1 да янги фенотип ривожланяпти. Бундай ҳолатни эса биз фақат аллел бўлмаган генларнинг комплементар таъсиридагина олишимиз мумкин. Шунга кўра, чатиштириш учун олинган оқ донли ўсимликларнинг генотипида комплементар генлар бўлган ҳамда шу генлар бўйича бу ўсимликлар гомозиготали бўлган. Бундай хулоса чиқаришимизга биринчи авлодда олинган ўсимликларнинг ҳаммаси фақат қизил донли бўлганлиги асос бўлади. Бу доминант генлар мустақил ҳолда доннинг рангли бўлишини таъминлай олмайди.
Ўрганилаётган белгининг ирсийланишини генетик жиҳатдан қуйидагича ифодалаш мумкин:
оқ оқ
1) P ♀ AAbb X ♂ aaBB
g Ab aB
F1 AaBb - қизил
қизил оқ
2) P ♀ AaBb X ♂ AAbb
g AB, Ab, aB, ab Ab
FB AABb - қизил
AAbb - оқ
AaBb - қизил
Aabb - оқ
қизил қизил
3) P ♀ AaBb X ♂ AaBb
g AB, Ab, aB, ab AB, Ab, aB, ab
F2 9/16 қизил ( 9 AˍBˍ); 7/16 оқ ( 3 Aˍbb + 3 aaBˍ + 1 aabb)
124-масала. Иккита навга мансуб оқ донли маккажўхори ўсимликлари чатиштирилганда, биринчи авлодда олинган ўсимликларнинг ҳаммаси қизил донли бўлган. Бундай дурагай ўсимликлар бошқа навга мансуб оқ донли маккажўхори ўсимликлари билан чатиштирилганда, кейинги авлодда олинган ўсимликларнинг 3/4 қисми оқ донли ва 1/4 қисми қизил донли бўлган. Чатиштириш учун олинган барча ўсимликларнинг генотипини аниқланг. Ўрганилаётган белгининг ирсийланиш қонуниятини тушунтириб беринг.
Do'stlaringiz bilan baham: |