5. Иш ҳақини ташкил этишнинг асосий вазифалари ва тамойиллари.
Меҳнат ва унга ҳақ тўлаш
Меҳнат – ҳар бир шахс ва умуман, жамият эҳтиёжларини қондириш учун зарур бўладиган моддий ва маънавий неъматлар яратиш соҳасидаги мақсадга мувофиқ фаолиятдир.
Моддий ишлаб чиқариш жараёнини тадқиқ қилиш асосида шундай фикрга келиш мумкинки, меҳнат аввало, инсон билан табиат ўртасида содир бўладиган шундай жараёнки, унда инсон ўз фаолияти билан ўзи ва табиат ўртасидаги моддалар алмашинувини бевосита ифодалайди, тартибга солади ва назорат қилади.
Меҳнат жараёнининг оддий жиҳатларига унинг мақсадга мувофиқлиги, меҳнат буюми ва меҳнат воситаларини киритиш қабул қилинган. Меҳнат буюмлари ва ишлаб чиқариш қуроллари жонли меҳнат жараёнига киритилмаса, улар ўз-ўзидан фаолият кўрсата олмайди. Жонли меҳнат эса ҳамиша фақат кишиларнинг табиатга муносабатидангина эмас, шу билан бирга, жараён қатнашчилари ўртасидаги муносабатдан ҳам иборат.
Меҳнат муносабатларини йўлга қўйиш шароитида меҳнатга ҳақ тўлашнинг ташкилий тизими юзага келади. Меҳнатга ҳақ тўлашни ташкил этишда иш берувчилар билан уни амалга оширувчилар, яъни ходимлар манфаатлари эътиборга олинади. Бу ерда шуни таъкидлаш зарурки, бозор муносабатларига ўтишда томонлар меҳнатга ҳақ тўлаш масалаларини ҳал этишда тенг ҳуқуқларга эга бўлишлари лазимлиги шак-шубҳасиздир. Корхона маъмурияти (ёки мулкдорнинг вакили) билан ходимлар манфаатларини ҳимоя қилувчи касаба уюшмалари ўртасида тузилган жамоа шартномалари меҳнат муносабатларини тартибга солишнинг, шу жумладан, меҳнатга ҳақ тўлаш масалаларини тартибга солишнинг ҳуқуқий, амалий ва бирдан-бир таъсирчан шаклига айланади.
Бозор шароитида, айниқса, ўтиш даврида, тақсимлаш муносабатлари, давлатнинг тартибга солиш йўналишлари ва хусусияти ўзгариб боради, маъмуриятчилик андозаларига барҳам берувчи янги бошқарув шакллари пайдо бўлади. Корхоналар даражасини тартибга солиш жараёнларига янги талаблар қўйилади. Давлатнинг аралашуви даромадларни тақсимлаш шарт-шароитлари ва тамойилларига риоя қилишни аниқлаш, таҳлил этиш ва таъминлаш учун зарурдир.
Тақсимлаш муносабатлари давлат йўли билан тартибга солинишининг асоси меҳнат соҳасидаги қонунлар ва битимлар, солиқ тизимида якка даромадларнинг ўсиши билан инфляция ўртасидаги боғлиқликни аниқлашдан иборат бўлиши лозим. Давлатнинг иштирокисиз инсонга даромадни кафолатлаб бўлмайди, бу даромад унга корхонанинг иқтисодий фаолиятидан қатъи назар муносиб ҳаёт кечиришни таъминлайди. Давлатнинг функциясига, бундан ташқари, аҳолининг кам таъминланган қатламлари даромадларини оширишни киритиш зарур, бу нарса иш кучини меъёрл даражада такрор ҳосил қилиш учун, меҳнат ресурсларини мақбул тарзда тақсимлашни таъмин этиш, ижтимоий кескинликни юмшатиш ва ҳоказолар учун керак бўлади. Давлат иш кучини такрор ҳосил қилиш иштирокчиси бўлганлиги сабабли таклиф этилган иш кучининг кўпроқ қисмини ўзига қабул қилади, унинг тадбиркорлар талабига жавоб беришига интилади.
Иш ҳақининг моҳияти унинг ижтимоий ишлаб чиқариш босқичлари бўлган маҳсулот ишлаб чиқариш, уни тақсимлаш, айирбошлаш ва истеъмол қилишда бажарадиган функциялари (вазифалари) да намоён бўлади.
1. Такрор ҳосил қилиш функцияси. У ходимларни, шунингдек, уларнинг оила аъзолари иш кучини такрор ҳосил қилиш, авлодларни қайта кўпайтириш учун зарур бўлган ҳаётий неъматлар билан таъминлашдан иборат. Унда эҳтиёжларнинг ортиб боришидан иборат иқтисодий қонун ўз ифодасини топади. Мазкур функция иш ҳақининг давлат томонидан тартибга солиниши хусусиятлари, иш ҳақининг иш кучини такрор ҳосил қилишни таъмин этадиган миқдорини қонуний даражада белгилаш билан мустаҳкам боғлиқдир.
2. Рағбатлантирувчи функция. Унинг моҳияти ходимнинг иш ҳақи унинг қуйидаги меҳнат ҳиссасига, корхонанинг ишлаб чиқариш – хўжалик фаолияти натижаларига боғлиқлигини белгилашдан иборат бўлиб, бунда кўрсатиб ўтилган боғлиқлик ходимни ўз меҳнати натижаларини доимий равишда яхшилаб боришга қизиқтириши лозим.
3. Ўлчов - тақсимлаш функцияси. Бу функция истеъмол фондларини ёлланма ходим билан ишлаб чиқариш воситалари эгаси ўртасида тақсимлаш вақтида жонли меҳнат ўлчовини акс эттириш учун мўлжалланган. Иш ҳақи воситасида ишлаб чиқариш жараёни ҳар бир иштирокчисининг меҳнат ҳиссасига мувофиқ унинг истеъмол фондидаги алоҳида улуши аниқланади.
4. Ресурсларни жойлаштириш функцияси. Мазкур функциянинг аҳамияти кескин ошиб бормоқда. Унинг моҳияти меҳнат ресурсурсларини минтақалар, иқтисодиёт тармоқлари ва корхоналар бўйича қулай равишда жойлаштиришдан иборат. Меҳнат ресурсларини жойлаштириш соҳасидаги давлат бошқаруви энг кам даражага келтирилган шароитда, меҳнат бозорининг самарали фаолият кўрсатишини шакллантириш фақат ҳар бир ёлланма ходимда ўз меҳнатини сарфлаш жойини танлашда эркинлик бўлган тақдирдагина турмуш даражасини оширишга интилиш, иш топиш мақсадида уни бошқаси билан алмаштиришни тақозо қилади, бу иш эса унинг эҳтиёжларини энг кўп даражада қондириши лозим.
5. Аҳолининг тўловга қобилиятли талабини шакллантириш функцияси. Бу функциянинг вазифаси тўловга қобилиятли талабни мувофиқлаштиришдир. Бундай талаб деганда харидорларнинг пул маблағлари билан таъминланган эҳтиёжларининг намоён бўлиш шакли тушунилади, шунингдек, истеъмол товарларини ишлаб чиқариш назарда тутилади. Тўловга қобилиятли талаб икки асосий омил – жамиятнинг эҳтиёжлари ва даромадлари таъсирида шаклланади ва бозор шароитида иш ҳақи ёрдамида товарни таклиф қилиш билан талаб ўртасида зарур мутаносиблик ўрнатишга ёрдам беради.
Юқорида айтиб ўтилган функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги энг муҳим тамойилларга риоя қилиниши зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |