Режалаштириш тартибга солувчи жараён сифатида корхона фаолиятини яқин ва узоқ истиқбол сари илгари суриш, асослаб бериш, муайянлаштириш ва изоҳлаб беришни ифодалайди. Охирги ҳолатда гап корхона фаолиятини башорат қилиш ҳақида бориши мумкин. Башорат қилишни режалаштиришнинг бошланиши ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган давоми сифатида кўриб чиқиш мумкин. Режалаштириш ва прогнозлаштириш ўзаро алоқада бўлган иккита жараён бўлиб, хўжалик фаолиятини аввалдан бажарилган ҳисоб-китоблар, энг кам таваккалчилик ва энг юқори натижаларга эришиш асосида юритишни кўзда тутади.
Режалаштириш корхона томонидан бажарилувчи вазифалар муайянлаштирилган режаларда ўз аксини топади. Бозор иқтисодиётида режа “ёт унсур” ёки “юқоридан” келувчи буйруқ сифатида қабул қилиниши сабабли, ҳозирги хўжалик юритиш фаолиятида индикатив режа ва прогноз деб номланувчи, лекин моҳиятига кўра режалаштиришнинг барча ҳолларда объектив заруриятини тасдиқловчи тушунчалардан фойдаланилади. Демак, режалаштириш, жумладан, индикатив режа ва прогноз – бу, корхоналарнинг хўжалик фаолияти учун маҳсулот ишлаб чиқариш ва уни сотиш учун барча омиллардан фойдаланиш ва тайёргарликнинг ўз вақтида бўлиши билан боғлиқ бўлган қулай шароитларни яратишдир.
Режа ва режалаштириш орасидаги фарқни англаш муҳим аҳамият касб этади. Режалаштириш индикатив режа ёки прогноз каби режаларни ишлаб чиқиш жараёни бўлса, режа корхонанинг маълум бир вақт мобайнида амалга оширувчи техник-иқтисодий кўрсаткичларини ўзида акс эттирувчи ҳужжатни ифодалайди. Бошқача қилиб айтганда, режа – бу, корхонанинг мақсадли функциялари ва уларни амалга ошириш йўлларини белгилаб берувчи режалаштиришнинг моддийлашган шаклидир.
Шу тариқа режалаштириш бозор ва бозор механизмига қарама-қарши бўлмасдан, аксинча, ишлаб чиқаришнинг мақбул йўналишларини аниқлаш, фойдаланилмаган заҳира ва имкониятларни қўллаш, корхонанинг оқилона баҳо сиёсатини шакллантириш ҳамда хўжалик юритиш алоқаларининг самарали шаклларини ўрнатишга кўмаклашади. Режалаштириш ва башорат қилиш ёрдами билан ички ва ташқи бозордаги истеъмолчилар талаби аниқланади, корхонанинг ташқи иқтисодий фаолияти кучайтирилади.
Бироқ режалаштириш имкониятларини мобилизация қилиш режалаштиришнинг ўзидагина ифодаланмайди. Режалаштириш одамлар, биринчи ўринда мутахассислар томонидан амалга оширилиши сабабли исталган режа ёки прогнознинг ҳаётга татбиқ этилиши кўп жиҳатдан иқтисодчиларнинг малакасига, улар режалаштиришнинг услубий асосларини яхши билишига, шунингдек, ишлаб чиқариш режаларининг бозор талабларини ҳамда корхонанинг мўлжалланган даромадга эришишини ҳисобга олишига ҳам боғлиқ. Режани ишлаб чиқиш қанчалик асослаб берилган бўлса, унинг ҳақиқийлиги ва иқтисодиётдаги аҳвол билан боғлиқлиги шунчалик юқори бўлади.
Корхоналар фаолияти ва иқтисодиётда режалаштиришдан ташқари башорат қилиш ҳам катта роль ўйнайди. Башорат қилиш хўжалик фаолияти юритувчи субъектнинг истиқболда юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларни илмий асослаган ҳолда аввалдан кўра билишини ифодалайди. У юзага келаётган ёки келажакда юзага келиши мумкин бўлган иқтисодий, илмий-техник ва ижтимоий ҳолатларни баҳолаш ва таҳлил қилиш асосида яратилади ҳамда муқобил қарорларни танлашга имкон яратади.
Аввалги маъмурий-буйруқбозлик тизимининг хўжалик юритиш шароитларида, кўп йиллар давомида фан-техника тараққиёти ва унинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларининг узоқ муддатли истиқболи ишлаб чиқилган. Унинг асосида халқ хўжалигининг алоҳида тармоқлари, шунингдек, республикалардаги ишлаб чиқариш кучларининг ривожланиш истиқболлари шакллантирилар эди. Бироқ бу башоратлар доим ҳам ишончли эмасди ва асосийси, доим ҳам амалиётда қўлланавермас эди. Бу эса бошқа сабаблар билан бирга ўтган асрнинг 80-йиллари охирида иқтисодиёт инқирозга учрашига олиб келди. Бошқача қилиб айтганда, хўжалик амалиёти режалаштириш ва башорат қилишнинг устунликларидан етарлича фойдалана олмади. Шу сабабли иқтисодий фаолият башоратларини ишлаб чиқиш ва қўллаш бўйича жаҳон тажрибасини ўрганиш ва унинг ўзига хос хусусиятларини мамлакатимиздаги ишлаб чиқариш ва юзага келаётган бозор муносабатлари шароитларида қўллаш жуда муҳимдир.
Башорат қилиш режалаштириш тавсифида ўз аксини топади: ишлаб чиқариш ва корхона иқтисодий ҳаётининг бошқа жиҳатларини стратегик режалаштириш - ўрта ва узоқ муддатли башоратлар асосида ҳамда жорий режалаштириш - қисқа муддатли башоратлар асосида ишлаб чиқилади. Бу йўналишларнинг иккаласи ҳам ўзаро узвий алоқада бўлиб, ишлаб чиқариш стратегиясини фан-техника тараққиёти ва ҳаётнинг реал воқелиги билан боғлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |