2. Соянинг ботаник тавсифи.
Соя ўсимлигининг ботаник тавсифи. Соя (Glicine hispida L.) дуккакдошлар оиласи (Fabaceae) соя (Glicine) туркумига мансуб бир йиллик ўсимлик бўлиб, бутун дунёда кенг тарқалган қадимий экинлардан ҳисобланади. Соянинг ватани Жануби-Шарқий Осиё ҳисобланиб, бундан 6 минг йиллар аввал ҳам Хитойда экилганлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд.
Ҳозирги кунда 2500 дан ортиқ навлари бор. Соя ўсимлиги навига, етиштирилаётган тупроқ ва иқлим шароитларига боғлиқ ҳолда паст ёки узун бўйли бўлади.
Илдизи: кучли ривожланган ўқ илдиз бўлиб, тупроққа 2м гача чуқурликка кириб боради аммо илдизнингасосий қисми 50см қатламда жойлашади. Соя илдизи кучли даражада шохланиб, тармоқ илдизлар тизимини шакллантиради ва улар соя илдизининг 52-64 фоизини ташкил этади ва ўсимликда уруғ шакллангунга қадар ўсади.
Кўп йиллик тажрибаларимиздаги соязорларда ўстирилган ўсимликларда агар уруғни экишдан аввал бактериал ўғитлар (Rizotorfin, Rizofium, Nitrogin)лар билан бойитилмасдан экилган бўлса ёки аввал шу тартибда бойитилмаган уруғ экилган ҳар қандай тупроқда ўстирилган соя ўсимлигининг илдизларида азот тўпловчи туганаклар деярлик кузатилмади. Демак, соя экиладиган тупроқларда Rizobium Japonicumни рассаларини ҳосил қилиниши муҳим ҳисобланади. Соя, асосан, тик ўсувчи ўсимлик бўлиб, унинг ётиб ўсувчи ҳамда чирмашиб ўсувчи шакллари ҳам учрайди. Соя ўсимлигининг бўйи (30-200 см) турлича бўлганидек, поясининг йўғонлиги ҳам турличадир.
Пояси: Айрим навларида поянинг йўғонлиги 3-5 мм бўлса, бошқалариники 9-11 мм, баъзи навларида ҳатто 20-22 мм ни ҳам ташкил этади. Пояси ингичка соя навлари ётиб ўсишга мойил бўлади. Янги ўсиб чиққан соя ниҳолларининг гипокотиллари яшил ёки бинафша рангларда бўлади. Кўпинча, пояда яшил ранглар кучли (тўқ) бўлса, соянинг гуллари оқ рангда, пояда оч бинафша ранглар кўзга ташланса, гуллари бинафша рангда бўлади. Кўпчилик соя навларининг поялари оч қўнғир рангли туклар билан қопланган. Агарда пояда туклар сийрак бўлса, касаллик ва зараркунандаларга нисбатан чидамсизроқ бўлади. Туклар ўсимлик учун, асосан, ҳимоя вазифасини бажаради.
Асосий поядаги ён шохлар турлича - 3-15 см оралигида шаклланади. Одатда, биринчи ва иккинчи тартиб ён шохларининг жойлашиши ўсимликнинг генотипига ва етиштириш шароитларига боғлиқ бўлади. Биринчи тартиб ён шохлар жуда кўп дуккаклар ҳосил қилади, аммо уларнинг анча қисми поянинг юқори қисмидаги дуккаклар пишиб етилгунига қадар тўкилиб кетади. Ён шохларининг жойлашишига қараб, соя 10 поясининг туклари ҳам тарқоқ, ярим тарқоқ ва йиғма ҳолда бўлади. Дуккаклари ҳам ён шохларининг жойлашишига қараб, ғуж ёки тарқоқ бўлади.
Соянинг пояси айрим навларида энг юқори шингил гуллари дуккак ҳосил қилганидан сўнг, ўсишдан тўхтайди; баъзи навларида эса дуккаклари пиша бошлагунча ўсаверади. Соя ўсимликлари поялари бўйининг ўсиш характерига қараб, тугалланган, оралиқ ва тугалланмаган шаклларда бўлади. Тугалланмаган пояда юқори қисмида барглар, баргларнинг остида дуккаклар жойлашади. Оралиқ пояда дуккаклар билан бир қаторда, кичик барглар ҳосил бўлади. Тугалланган пояда дуккаклар билан йирик барглар бир хил баландликда жойлашади. Дуккаклар пиша бошлаганида, ўсимлик пояси сариқ, оч қўнғир ёки малла ранг тусга киради.
Соя ўсимлиги поясининг йўғонлиги, узунлиги ҳамда бўғин оралиқларининг катталиги ва уларнинг сони ўзгариб туради. Бу ўсимликнинг генотипига (навига) ва соя етиштирилаётган табиий-иқлим шароитларига (ҳарорат, ёруғлик, намлик ва тупроқ унумдорлиги, озиқ моддалар миқдори, экиш муддатлари ва ҳоказо) қараб, ўзгариб боради. Соянинг илдиз тизими яхши ривожланган, ўқ илдизи тупроққа 1-1,5 метр чуқурликкача кириб борадиган ўсимликдир. Ўсимликнинг илдизи, асосан, тупроқнинг ҳайдалма қатламида ривожланиб, жуда кўп миқдорда ён илдизлар ҳосил қилади.
Соя уруғлари униб чиққанидан 8-12 кун ўтгач, асосий илдизда дастлабки туганаклар пайдо бўла бошлайди. Туганакларнинг миқдори ва катталиги ўсимликларнинг генотипига, тупроқдаги микрофлорага ва унинг унумдорлигига ҳамда соя уруғларини экишдан олдин нитрогинизация қилинишига боғлиқдир. Туганак бактериялари ҳаводаги молекуляр азотни ўзлаштириб, ўсимликнинг азотга бўлган эҳтиёжини таъминлайди ва тупроқни азотли бирикмалар билан бойитади.
Do'stlaringiz bilan baham: |