Синов лабораторияларини аккредитлаш бўйича эксперт-аудитор учун тавсия этиладиган талаблар
Синов лабораторияларини аккредитлаш бўйича эксперт-аудитор қуйидаги масалалар бўйича билимларни пухта эгаллаган бўлиши керак:
синалувчи маҳсулотнинг хоссалари, уларнинг консрукциялари, технологияси, ишлаб чиқарилиши, бирикма ва материаллар таркиби;
аниқ синовлар ва уларнинг хиллари;
ишланма, аттестатлаш, синов ва ўлчаш услубларини қўллаш;
синов ва ўлчаш ускуналари, унинг ишлатиш ва техникавий хизмати, аттестатлаш, ўлчаш усуллари;
синовларнинг метрологик таъминланиши, қўлланиладиган ўлчаш воситаларини қиёслаш (калибрлаш);
синов ва ўлчаш натижаларини қайта ишлаш, уларнинг аниқлик ва ишончлилигини баҳолаш усуллари ҳамда олинган натижаларни таҳлил қилиш;
мустаҳкамликка, сифат даражасига бўладиган талабларни аниқлаш усуллари, сифатни статистик назорати, сифатни, мустаҳкамликни баҳолаш усуллари, ишлатилишдаги тавсифлари, рад этиш ва шикастланганлигининг таҳлили;
синов лабораториясининг малакали ходимларига нисбатан талаблар;
синов натижаларини расмийлаштириш қоидалари;
синов лабораториясининг хоналарига ва ундаги шароитларга талаблар;
чет эллардаги ўхшаш синовларнинг даражаси.
Эксперт-аудиторлар тайёрлаш
Ҳозирги бозор иқтисодиёти даврида сифатли маҳсулотлар етказиб бериш, уларнинг ташқи бозордаги харидорбоблигини оширишда эксперт-аудиторларни тайёрлаш муҳим аҳамият касб этади.
Сертификатлаштириш фаолиятига қадам қўяётган корхоналар жамоалари ичида сертификатлаштириш фаолиятида ишлай оладиган, ўз касбини севадиган ходимлар талайгина топилади. Лекин бу соҳада уларни ўқитиш маълум бир ўзига хос хусусиятларга эга. Юқорида айтилган талабларга жавоб берадиган ходимларни танлаб олиш ва уларни сертификатлаштириш ва лабораторияни аккредитлашга ишларига тайёрлаш катта маъсулият талаб қилади.
Корхоналарда сертификатлаштириш соҳасидаги ишларни инобатга олиб, сертификатлаштириш миллий идораси Ўзстандарт агентлиги томонидан эксперт-аудиторлар тайёрлаш махсус курслари ташкил этилиб, бу соҳадаги ўқишнинг ташкилий томонлари СМСИТИнинг асосий фаолиятларидан бири деб қаралмоқда. Эксперт-аудиторларни тайёрлаш одатда икки босқичда олиб борилади: назарий билимларни олиш ва аттестатлаш натижасида уларга тегишли расмий ҳужжатлар топшириш.
Назарий билимларни олишда малакали ўқитувчилар халқаро сертификатлаштириш соҳасидаги маълумотлар билан, сертификатлаштиришга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ бўлган маълумотлар билан сертификатлаштиришда қатнашувчи томонлар ва уларнинг вазифалари ҳамда бурчлари билан, лабораторияларни аккредитлашга боғлиқ билимлар билан, сертификатлаштириш фаолиятида метрологик таъминот маълумотлари билан, сертификатлаштиришнинг ҳуқуқий меъёрлари ва уларга риоя қилишликдаги маълумотлар билан, маҳсулот сифатини яхшилаш ва унга таъсир кўрсатувчи омиллар билан кенг ва ҳар тарафлама таништиради.
Талабаларнинг назарий билимларини «Ўзстандарт» агентлиги томонидан тузилган махсус комиссия баҳолайди. Баҳоланиш натижалари етарли даражада бўлса, уларга сертификатлаштириш миллий тизимининг эксперт-аудитори деган гувоҳномаси берилади (агар аттестатлашдан ўтмаса рад этилади).
Эксперт-аудиторлар уларга юклатилган вазифалари бўйича муайян бурч ва масъулиятларга эгадирлар.
Эксперт-аудиторлар текширув режаси белгилаган доирада фаолият юритмоқлик; ҳолислик ва текширув натижаларини ҳаққоний баҳолаш; текширишга керакли ҳужжатларнинг кетма-кетлигини ва сақланишини таъминлаш ва бошқа шу каби бурчларга эгадирлар.
Эксперт-аудиторлар ўз бурчларини виждонан бажармаслиги, хизмат вазифаларини суистеъмол қилиш, шахсий манфаати йўлида фойдаланиш, сўровчини камситиш ёки унинг тижорат сирларини очиб ташлаш каби хатти-ҳаракатлари учун қонун олдида жавобгардирлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |