Нақшбандия ва ўз-ўзини тарбиялаш муаммоси
Муҳаммад ибн Муҳаммад Жалолиддин Хожа Баҳовуддин Нақшбанд 1318 йилда Бухоро шаҳри яқинидаги Кўшки Ҳиндувон (кейинчалик Қасри Орифон) қишлоғида туғилган. Баҳовуддин ўз таҳсил ва тарбиясини Сайид Мир Кулол ва Бобо Самосийдан олган. Сайид Мир Кулол маърифатли руҳоний бўлиб, Афлотун ва Арасту фалсафасини, имом Исмоил Бухорий, Мусо ат-Термизийларнинг китобларини мутолаа қилар, тасаввуфга доир китоблар ёзар эди.
Ўша вақтда дарвеш-қаландарларининг баъзилари уй-жойсиз, бошпанасиз, икки дунё бир қадам деб сафарларда юрсалар, бошқалари - ўзлари танлаган пирлари, устозлари қошида билим, тарбия олишар ва хонақоҳга вақфлардан, хайру-садақалардан тушган неъматлар билан яшар эдилар. Баҳовуддин Нақшбанд дарвешларнинг ҳаёт тарзини ислоҳ қилиб, бутунлай ўзгартирди. У сўфийлар, дарвешларнинг таркидунёчилик қилишга, бу дунё ишларидан этак силкиб, қўлни ювиб қўлтиққа уришига қарши чиқди. У дарвеш ва сўфийларни ўзларининг осойишта, беҳавотир яшашлари учун, бировларнинг қўлига қараб қолмасликлари учун ҳалол меҳнат ва ҳунармандчилик билан шуғулланишга чақирди. Бу соҳада ўзи ибрат кўрсатиб, дастгоҳда тўқувчилик қилиб, нақш боғлаб, шогирдларига ҳунар ўргатди. Баҳовуддин қисман ҳазрати Султон ул-орифин Аҳмад Яссавий изидан бориб, унинг нафс ва таъмагирликни қоралашига амалий жавоб тариқасида, биринчилардан бўлиб, дарвеш, сўфийларнинг ҳам меҳнат, касб, ҳунар билан шуғулланиб, ҳам илм маърифат олишини ёқлаб чиқди.
Баҳовуддин Нақшбанд руҳоний, сўфий, дарвешнинг қўли меҳнатда, хаёли Худои таолода бўлиши керак, деб ҳисоблади ва бу таълимотни ихчам, лўнда қилиб: ”Дил ба ёру, даст ба кор” сўзларида теран ифодалади. Нақшбанд ўрнатган бу янги удумга амал қилувчилар кундан-кунга, йилдан-йилга ошиб борди. Бутун бошли дарвешларнинг жамоалари, минглаб қаландарлар тинч, осойишта ҳаётга қайтдилар. Улар ҳақ таоло йўлида маърифат ҳосил қилиш билан бир вақтда ишлаб, ўзларини ўзлари боқа оладиган даражага етдилар. Шайхнинг издошлари кўпайди. Шу тариқа Нақшбандия тариқати юзага келди.
Нақшбандия таълимотида хурфикрлиликка кенг йўл берилган. Бу сулукдагилар меҳнат қилиш, илм олиш, ўз меҳнати билан топилган бойлик ҳалол бўлиши, ноз-неъматларни кўпчилик билан баҳам кўриш, фақирона ҳаёт кечириш, ҳаммага яхшиликни раво кўриш ғояларини илгари сурганлар. Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий ижодига Нақшбанд ахлоқий-фалсафий қарашлари беқиёс таъсир кўрсатган. Алишер Навоий Нақшбандга катта ҳурмат билан қарар эди. Шунинг учун улуғ шоир асарларида унинг номи тез-тез учраб туради. Хусусан, Навоий ўзининг “Ҳайратул-аброр” достонида Нақшбанд таърифига 15 банд бағишлаган. Шоир ҳар бир байтнинг ҳар мисрасида шеъриятнинг такрор санъатидан фойдаланиб, “нақш”, ва шу сўз билан боғлиқ “нақшбанд”, “наққош”,”мунаққаш” каби сўзларни 30 марта қўллаган ва шу усул билан Баҳовуддин Нақшбанднинг фазл ва камолотини таъриф ва тавсиф этган.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, Баҳовуддин Нақшбанд тариқати ахлоқий тизими аввалги тасаввуфлардан бироз фарқ қилади. Нақшбандия таълимотида инсон табиат неъматларидан лаззатланиши, аммо лаззат ҳисси Оллоҳни эсдан чиқаришга, у дунёни унутишга хизмат қилмаслиги, инсон ботиний Ҳақ-Оллоҳ билан, зоҳирий халқ билан бўлиши, инсон ҳаётни, табиатни севиши лозим деб тушунтирилади. Сўфий ҳақ билан шундай ботиний муносабатда бўлсинки, халқ уни Холиқ билан ҳеч қандай алоқадорлиги, боғлиқлиги йўқ деб фикр юритсин. Сўфийнинг бу хатти-ҳаракати восилликка, фонийликка халал бермайди.
Нақшбандия тариқати ушбу 4 тамойил асосида қурилган:
Do'stlaringiz bilan baham: |