Бэкон Фрэнсис (1561–1626), инглиз файласуфи ва давлат арбоби. Фрэнсис Бэкон илмнинг манбаини эмпирик тадқиқотдан излаш керак, деб ҳисоблаган. Илмий тадқиқот инструменти сифатида у ишончли илмий билим пойдеворини қуришга имкон берадиган тафаккур инструменти сифатида “янги органон”ни таклиф қилган. 1620 йили Френсис Беконнинг “Янги Органон” китоби нашр қилинди. Бу китобда у замонавий илмий билимнинг ахволига ўз нуқтаи назарини баён қилиб, билим олишнинг янги методини ҳамда ўз фалсафий концепциясини баён қилди. Ф. Бэконнинг фикрича, ҳиссий тажрибага асосланадиган маълумотлар учун исботлаш усули эксперимент ҳисобланса, назарий фанлар учун исботлаш усули индуктив мантиқ ҳисобланади.
Фрэнсис Бэконнинг фикрича объектив реалликни бузадиган тўрт хил идоллар мавжуд: 1) одам ўз табиатига кўра йўл қўядиган хатолар – хато идоллари; 2) алоҳида одамнинг бидъатлари билан боғлиқ хатолар – ғор идоллари; 3) тилдан фойдаланишдаги ноаниқликлар билан боғлиқ мулоқотда пайдо бўладиган хатолари – майдон идоллари; 4) нотўғри фалсафий системаларни қабул қилиш билан боғлиқ хатолар – театр идоллари.
Янги давр психологик ғоялари
XVII аср Европа фанида феодал муносабатларнинг вайрон бўлиши, ўз асарларида психик феноменларни табиий илмий позициядан туриб тушунтиришга интилган тадқиқотчилар пайдо бўлиши билан сезиларли ўзгаришлар вужудга келди. Бу даврда психологик билимлар тараққиёти учун Р. Декарт, Б. Паскаль, Б. Спиноза ва Г. Лейбниц каби олимларнинг ишлари сезиларли таъсир кўрсатди.
Декарт Рене (1596 – 1650), француз файласуфи. Р. Декартнинг энг таниқли асарлари: “Метод ҳақида мулоҳаза...” (1637), “Биринчи фалсафа ҳақида мушохада...” (1641), “Фалсафанинг бошланиши” (1644).
Рене Декарт одам организми ўз ишини “нерв машинаси” (механик система)га ўхшаб амалга оширади, деб ҳисоблаган. Ташқи импульслар нерв найчаси ичида жойлашган нерв ипларининг учига таъсир қилади, ип таранглашади ва мияни нерв билан боғлайдиган клапанларни очади, миядан клапан орқали мускулга ҳавосимон бирикма кўринишидаги “ҳайвоний руҳ” келади ва мускул реакциясини хосил қилади. Одам ўз ўзича, тафаккур ва иродага эга бўлган вужуд билан руҳнинг жонсиз механизми алоқасидан иборат. Вужуднинг руҳ билан ўзаро ҳамкорлиги ёнғоқсимон без (гипофиз) ёрдамида амалга ошади. Инсон руҳининг энг муҳим қобилиятлари тафаккур ва ирода ҳисобаланди. Декартнинг фикрича руҳнинг фаол ва азобланувчи ҳолат (эҳтирос)лари мавжуд. Эҳтиросларнинг асосий ҳаракати руҳни вужуд ҳозирланган нарсага мойил қилишдан иборат. Рене Декарт руҳ ва вужуд турлича қонунларга буйсунади, шунинг билан бирга улар мустақил субстанциялар сифатида ўзаро бир-бирига таъсир кўрсатади, деб ҳисоблаган. Вужуд фаолиятининг принципи рефлекс бўлса, руҳники рефлексия ҳисобланади. Руҳ билан вужуд бир бутун одамда қандай қилиб бир вақтда мавжуд бўла олади, деган муаммони ҳал қилиш заруратига дуч келиб, Рене Декарт “Психофизик ўзаро ҳамкорлик” номини олган ечимни таклиф қилди: вужуд руҳга, руҳ эса вужудга тобе эмас. Рене Декарт ўйлай олмайдиган жонсиз автомат бўлганликлари учун руҳга эга эмаслар, деган тезисни илгари сурган.
Do'stlaringiz bilan baham: |