Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Тархон ибн Узлоғ ал-Форобий, (лотинча шакли — Alpharabius; 872, Фороб —14 декабрь 950 ва 12 январь 951, Дамашқ). Абу Наср Форобий - "Шарқ Аристотели" деб танилган Ўрта Осиёлик файласуф ва энциклопедик олим. Қадимги юнон фанининг ютуқларини ўрта аср Шарқида тарғиб қилишда ва тарқатишда муҳим рол ўйнади, юнон мутафаккирлари - Платон, Аристотел, Эвклид, Птолемей, Порфирий асарларига шархлар ёзди, уларнинг илмий фикрларини ривожлантирди. Аристотел таълимотини чуқур ўрганиб, унинг барча асарларини изоҳлаб берди, хатоларини кўрсатишга ҳаракат қилди. Форобийнинг бу фаолияти фақат Шарқнинггина эмас ўрта аср Европасини ҳам юнон илми билан таништиришда катта аҳамият касб этди. Фаробий ўрта аср фанининг барча муҳим соҳалари - медицина, математика, астрономия, филология, мусиқашунослик, логика, ҳарбий ҳунар, ахлоқшунослик, давлатшунослик ва айниқса фалсафа бўйича 160 дан ортиқ асар ёзиб қолдирди. У биринчи бўлиб " Иқсо ал улум " асарида илмлар классификациясини яратди. Бунда ўрта асрда маълум бўлган 30 дан ортиқ фаннинг таърифи, аҳамияти кўрсатиб берилади. Барча фанлар бешта гуруҳга-тил, мантиқ, математика, табиий ва илоҳий ва шаҳар ҳақидаги фанларга бўлинади. Бу классификация ўрта аср илмий ютуқларини умумлаштириш ва илмий билимларнинг ривожи учун катта аҳамиятга эга бўлди. Фаробий Аристотел логикасига асосланиб, ўрта аср учун мантиқий қомус яратди, бу қомус логиканинг барча қисмларини: категориялар, ҳукмлар, силлогизм, исбот ва унинг турларини, шунингдек, поэтика, риторика, софистикага оид қимматли маълумотларни ўз ичига олади. Форобий логикаси Шарқда ва сўнгроқ Ғарбда ҳам машҳур бўлган. Форобий назарий медицина, унинг вазифаси, инсон органларининг хизмати ва ўзаро алоқасига оид ҳам муҳим рисолалар ёзиб қолдирди. Унинг алгебра, геометрияга оид рисолалари яхши математик бўлганлигини кўрсатади. Қомусий билими ва юнон илмини яхши билганлиги учун Фаробий "Шарқ Аристотели" - "Иккинчи муаллим" номини олди. Форобий фалсафаси қадимги юнон, хусусан Аристотел таълимоти ҳамда ўз даври илмий ютуқлари таъсирида шаклланди. Форобий фалсафасида олам ягона мавжудотдан иборат, Оллоҳ ҳамма нарсанинг бошланғичи, барча вужудлар ундан эманация асосида келиб чиқади, материя ҳаммасининг якуни, ҳеч қачон йўқ бўлмайди, абадий, замонда чексиз, ўзгариб туради. Нарсалар янгиланади, лекин моддийлик йўқолмайди. Форобий фалсафаси пантеистик бўлиб, материализм элементларига бойдир. Форобий табиий ходисаларга, сабабий боғланишга катта эътибор беради. Материя турли ҳислатларга бой, бу ҳислатлар қатор категорияларда ифодаланади. Инсон вужуд ва жоннинг бирлигидан иборат, вужудсиз жон йўқ, лекин вужуднинг ўлимидан сўнг жон сақланиб, дунёвий жонга қўшилади ва инсониятнинг маънавий ютуқларини ўзида сақлаб қолади. Инсон материянинг энг олий формаси, ўз ақли, нутқи билан ҳайвонотдан фарқ қилади. Форобий инсон тафаккурининг билиш қобилияти чексиз эканлигини, фаннинг муҳим ролини, ақл ҳақиқатнинг мезони эканини қайд қилади. Форобий рационализмни асослашга ва тарғиб этишга ҳаракат қилди. Форобий "Фозил шаҳар ахолиси қарашлари асослари", "Бахту-саодатга эришув ҳақида" каби асарларида ижтимоий ҳаёт ҳақида ўз даври учун изчил таълимот яратди. Инсон жамоаси инсонларнинг ўз эҳтиёжларини қондиришга бўлган интилиши асосида вужудга келувчи ўзаро ёрдам, бирлашув натижасида пайдо бўлган. Бундай жамоанинг энг етук шакли шаҳардир.
Форобий инсонларни ўзаро ҳамкорликка чақиради, дунёда ягона, бир бутун инсон жамоасини тузиш ҳақида орзу қилади. Давлатнинг вазифаси инсонларни бахт-саодатга олиб боришдир-бу эса илм ва яхши ахлоқ ёрдамида қўлга киритилади. Форобий давлатни бошқаришнинг турли шаклларини, ҳар томонлама етук шахс, етук ҳислатларга эга бўлган бир неча шахслар ва демократия ёрдамида бошқариш шаклларини қайд қилади. Форобий ҳар томонлама етук, барча аҳолини, илм маърифатга олиб борувчи идеал жамоа ҳақидаги ғояни олға суради. Форобийнинг идеал жамоа, умумий бахт-саодат ҳақидаги фикрлари гуманизмнинг ривожи учун назарий асос бўлиб хизмат қилди. Форобий фатализмни, астрологияни, мистик фикрларни танқид қилди, фалсафий, илмий билимларни диндан мустақил ажратишга уринди, уларнинг фазилатларини кўрсатди. Форобий ўрта аср Шарқида илғор ижтимоий фалсафий фикрларнинг ривожига катта таъсир кўрсатди: айрим асарлари XII-асрдаёқ лотин тилига, сўнг Европа тилларига таржима қилинди.
Форобий асарларида инсоннинг руҳий қувватлари ва уларнинг класификациясига катта ўрин берилган. У барча руҳий қувватларни ҳаракатлантирувчи ва билувчи гуруҳларга ажратади. Ҳаракатлантирувчи бутун табиатга хос, билувчи қувват эса тирик жониворларнинг психикада ташқи предметларни акс эттиришини англатади.
Форобий фикрига кўра инсон туғилганда пайдо бўладиган биринчи қувват озиқлантирувчи қувват бўлиб, у озиқланиш жараёнини бошқаради. Кейин сўзловчи қувват, интилувчи қувват, тасаввур қуввати ва сезувчи қувват пайдо бўлади.
Одам сўзловчи қувват ёрдамида билим ва ҳунарларни эгаллайди. Ҳаракат ва хулқда гўзаллик ва расволикни ажратади, фойда билан зарарни фарқлайди.
Интилувчи (эҳтирос ва ғазаб) қувват ёрдамида инсон хоҳлайди ёки юз ўгиради. Натижада одамда нафрат ёки муҳаббат, дўстлик ёки душманлик, қўрқоқлик ёки мардлик каби эмоциялар пайдо бўлади.
Тасаввур қуввати инсонга предметлар йўқолгандан кейин ҳам уларнинг образини қайта тиклаш имконини беради.
Сезувчи қувват беш хил кўринишга эга. Улар ёрдамида инсон таъсирни фарқлай олади. Форобий "Фозил шаҳар ахолиси қарашлари" асарида ёзади: инсон туғилганида унда озиқланувчи қувват пайдо бўлади. Шундан сўнг туювчи қувват пайдо бўлади бу ёрдамида у совуқ, иссиқни сезади. Кейин унда ҳидни билувчи сўнгра ранг ва ёруғликни сезувчи қувватлар пайдо бўлади. Ҳиссий қувватлар билан бирга унда ўзи сезаётган нарсага тортувчи ёки ундан итарувчи қувват пайдо бўлади, натижада унда ўзи сезаётган нарсага симпатия ёки антипатия пайдо бўлади. Шундан сўнг одамда тасаввур қуввати пайдо бўлади. Ниҳоят унда ақл қуввати пайдо бўладики, унинг ёрдамида инсон ақлий ва мавҳум фикр юритади, гўзаллик ва бадбашараликни фарқига боради, илм, санъат ва фанни эгаллайди.
Шундан сўнг Форобий билиш-психик жараёнларнинг классификациясини беради:
Do'stlaringiz bilan baham: |