Фалсафий дунёқараш. Даставвал “философия” тушунчаси кенг маънода инсоният томонидан тўпланган назарий билимларнинг йиғиндисини билдирган.
Фалсафа мифология ва диндан нималарни мерос қилиб олди, деган савол туғилиши мумкин. Фалсафа уларнинг дунёқараш характерини, дунёқараш схемаларини, яъни умуман оламнинг пайдо бўлиши, унинг тузилиши, инсонниг юзага келиши ва унинг борлиқдаги ўрни ҳақидаги масалаларни мерос қилиб олди. У яна бутун инсоният тараққиёти давомида тўпланган ижобий билимларни мерос қилиб олди. Бироқ фалсафада юзага келган дунёқараш муаммолари улардан фарқ қилиб, рационал баҳо, ақл нуқтаи назаридан ҳал этилади. Шунинг учун фалсафа назарий шаклланган дунёқарашдир. Фалсафа - умуман оламга, унда инсоннинг ўрни, инсоннинг инсонга муносабатини ифодалайдиган умумназарий қарашлар тизимидир. Шундай қилиб фалсафа дунёқарашни билимлар шаклида намоён этади ва тизимга солади. Бу нарса фалсафа билан фанни бир-бирига боғловчи муҳим ҳақиқатдир.
Воқеликни фалсафий ўзлаштиришнинг муҳим бир томони субстанционализм ҳисобланади. (лот. “субстанция” - асосда турадиган моҳият дегани).
Субстанция борлиқ, табиат, жамият, инсон ва бир бутун оламдаги барча нарса-ҳодисаларнинг асосини ташкил этадиган бирламчи нарсадир. У моддий ёки руҳий шаклда бўлиши мумкин. Чунончи, қадимги олимларнинг бир гуруҳи моддаларнинг бирон-бир турини, масалан, сув, ҳаво, атом ва шунга ўхшаганларни ана шундай тарзда изоҳлаганлар. (Материализм)
Баъзи мутафаккирларнинг фикрича, субстанция - бу мавжудликнинг асоси бўлган мутлоқ ғоя, руҳ ёки субъект онгидир. Чунончи, қадимги юнон файласуфи Пифагорнинг айтишича, субстанция сонлардир. Афлотун субстанция деганда ғояларни назарда тутади. Немис олими Кант назарида, субстанция тажриба берган маълумотларни умумлаштирувчи тафаккурнинг априор шаклидир. Гегель “мутлоқ ғоя”ни субстанция деб қарайди.(Идеализм) Декарт эса субстанция масаласини кўриб чиққанда дунёнинг негизига ҳам материяни, ҳам руҳни қўйган.
Фалсафа тарихида дастлабки вақтларда субстанция ҳамма нарсани ташкил этадиган модда деб тушунилган. Ўрта аср Шарқида субстанция Ал-Киндий, Форобий, Ибн Сино, Ибн Рушд асарларида моддий асос, моҳият сифатида талқин этилган. Кейинчалик бутун коинотнинг асосида турган субстанция худонинг махсус нишонаси деб тушунилади (схоластика).
Фалсафа таркиб топган билимлар тизими сифатида ўзига хос бир қатор муаммоларга эгадир. Шулардан бири юқорида кўрганимиз “фалсафа нима?” деган масаладир. Уни ҳал этиш асосида ҳар бир файласуф ўз концепциясини яратади. Уни ҳал қилиш учун конкрет муаммоларни аниқлаб олинади, у ёки бу категориялардан фойдаланилади. Ҳар бир фалсафий тизим ўзининг бош муаммосига эга бўлиб, бу нарса унинг асосий мазмунини ва моҳиятини ифодалаган. Чунончи, антик замон файласуфлари учун оламнинг мавжудлиги ҳақидаги масала ана шундай маънога эга бўлган. Сократ буни “ўз-ўзингни бил” деган тамойил билан боғлайди, янги замон файласуфлари учун бу - билиш қандай амал қилади, деган муаммодир.
Фалсафанинг баҳс мавзуи ва ўзига хос хусусиятларини унинг функциялари ҳақидаги масалани ҳал қилмай туриб тўла очиб бўлмайди.
Энг аввало, бу дунёқараш функциясидир. Бу функция оламни мавҳум-назария ҳамда тушунчалар орқали изоҳлаши билан дунёқарашнинг барча турлари ва даражаларидан ажралиб туради.
Do'stlaringiz bilan baham: |