Горизонтал юк кўтарувчи конструкциялар – одатда, қаватлараро ёпмалар, том, чордоқ, ертўла ёки техник қаватлар ёпмалари бўлиб, улар ўзларига тушадиган барча вертикал юкларни ҳамда шамол ёки зилзила натижасида ҳосил бўладиган горизонтал юклар ва таъсирларни қабул қиладилар ва вертикал юк кўтарувчи конструкцияларга узатадилар.
Вертикал юк кўтарувчи конструкциялар – одатда, деворлар, устунлар барча вертикал ҳамда горизонтал юкларни қабул қилиб, ўз навбатида уларни пойдевор конструкциясига узатадилар.
Биноларда юк кўтарувчи конструкциялардан ташқари ажратиб турувчи ёки тўсиқ вазифасини бажарувчи конструкциялар бўлади. Уларга эшиклар, деразалар, пардадеворлар каби конструкциялар кирадилар.
Мамлакатимизда йилига жуда катта ҳажмда турли вазифаларга мўлжалланган бинолар ва саноат иншоотлари қурилмоқда шу боисдан қурилиш муддатларини қисқартириш, унинг сифатини кўтариш, меҳнат сарфини камайтириш учун қурилишни индустрлаштириш, яъни бинолар ва иншоотлар қурилишини саноат асосига ўтказиш керак бўлади.
Бироқ биноларнинг конструктив элементларини заводда ишлаб чи-қариш уларни оммавий тарзда ишлаб чиқарилганда, ўша элементларни турли-туман вазифага мўлжалланган биноларда қўллаш мумкин бўлган ҳолларда иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлади. Шунинг учун, ишлаб чиқаришнинг деярли барча соҳаларида қабул қилинганидек, унификацияга, яъни биноларни, уларнинг қисмларини, алоҳида конструктив элементларини бир хилликка келтиришга зарурият туғилади.
Қурилишда унификация бино қисмлари ва конструктив элементлар турлари (типлари) ва ўлчамларининг сонини чеклашни билдиради.
Элементларнинг шакл, бичим ва конструктив белгилар бўйича типлари сонини чеклаш (масалан, ёпма плиталарни жуда кўп мумкин бўлган ечимларидан фақат яхлит, кўп қаватли ва қовурғали плиталар ишлаб чиқарилади) энг мукаммал ечимларни танлаш йўли билан амалга оширилади (3.2-расм).
Буни типизация деб аталади. Текширувдан муваффақиятли ўтган типовой конструкциялар мажбурий равишда қурилишда қўлланиш учун тасдиқланадилар.
.
3.2-расм. Конструктив элементнинг типлари сонини чеклашга мисол: а – яхлит темирбетон плита; б – айлана ковакли плита; в – овал ковакли плита; г – қовурға-ли плита; д – қовурғалари юқорида жойлашган плита
Оммавий тарзда қўллаш учун тасдиқланган типовой конструкцияларнинг шакли, бичими, физик ва ўлчам катталикларига давлат стандарти (ЎзСТ) томонидан махсус норма (меъёр) талаблар ўрнатилади. Буни стандартизация деб аталади. Давлат стандарти тасдиқланганга қадар бундай меъморий ҳужжат сифатида тармоқ стандарти (ОСТ) ҳам қўлланилиши мумкин.
Унификациялаш мақсадида ўлчамлар сонини чеклаш ягона модуль системаси асосида амалга оширилади. Ягона модул системаси (ЯМС) бинолар, уларнинг қисмлари ва конструкциялар ўлчамларининг белгиланган бирлик – модулга каррали бўлиши асосида шу ўлчамларни мувофиқлаштириш қоидаларининг мажмуини билдиради.
Асосий модул М сифатида 100 мм катталик қабул қилинган. Бинонинг унификацияга алоқадор барча ўлчамлари М=100мм га бўлинадиган бўлиши керак. Унификациялаш даражасини ошириш учун ҳосилавий модуллар белгиланган. Булар йириклаштирилган ва каср модуллардир. Йириклаштирилган модуллар: 2М,3М,6М,12М, 15М, 30М ва 60М. Бундай модуллардан бинонинг пландаги ўлчамларини, шунингдек йирик конструкция ва буюмларнинг ўлчамларини белгилашда фойдаланилади.
Каср модуллар:
1 М ,
2
1 М ,
5
1 М ,
10
1 М ,
20
1 М ,
50
1 М .
100
Улар конструкция ва деталларнинг нисбатан кичик ўлчамларини белгилашда қўлланилади.
Белгиланган модуллашган ўлчамлар қаторидаги ёнма ён катталиклар орасидаги фарқ градация деб аталади. Ўлчамларни белгилашда ўсиб градацияни қўллаш унификациялаш даражасининг янада ошишига имкон туғдиради. Масалан, жамоат биноларидаги қаватлар баландлигини белгилашда қуйидаги модуллашган ўлчамлар қўлланилган: 3 м, 3,3 м, 3,6 м, 4,2 м, 4,8 м ва 6м.
Бу ерда 3 метрдан 3,6 метргача 3М (300 мм) модул, 3,6 метрдан 4,8 метргача 6М (600 мм) модул, 4,8 метрдан сўнг 12М (1200 мм) модул қўллаш, яъни ўсиб борувчи градацияни қўллаш ҳисобига 3 метрдан 6 метргача оралиқда 3М модул қўлланилганда ҳосил бўладиган 11 та унификацияланган ўлчам ўрнига 5 тагина ўлчам қабул қилинган холос.
Do'stlaringiz bilan baham: |