8.3. Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган товарларни штрихли кодлаш тўғрисидаги низом
Асосий тушунчалар Товар - бевосита ёки улгуржи ва чакана савдо тармоқлари орқали сотиш учун тадбиркорлик фаолияти субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган ва/ёки етказиб бериладиган (истеъмол қилиш ва ишлаб чиқариш мақсадидаги) мехнат махсулоти;
Тадбиркорлик фаолияти субъектлари - Ўзбекистон Республикаси худудида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ва ишлаб чиқариш, савдо фаолиятини амалга оширувчи ёхуд хизматлар кўрсатувчи юридик, шунингдек, жисмоний шахслар якка тартибдаги тадбиркорлар;
Штрихли код билан тамғалаш- штрихли кодни товар бирлиги юзасига қўйиш;
ЕАN штрихли коди - товар бирликларини идентификатлаштириш ва уларни тамғалаш учун "ЕАN International" товарларни рақамлаш Халқаро Уюшмаси қоидаларида белгиланган ўлчамлар билан ва жойлаштирилган холда изчил жойлаштирилган параллел штрихлар ва улар ўртасидаги оралиқдаги комбинациялар билан ифодаланган рақамли код;
I. Умумий қоидалар 1. Товарларни ЕАN штрихли кодлари билан тамғалаш "Ўзстандарт" агентлиги, "ЕАN International" товарларни рақамлаш Халқаро Уюшмасининг стандартлари ва меъёрий хужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
2. Товарлари ЕАN штрихли кодлари билан тамғаланиши керак бўлган Ўзбекистон Республикасининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи субъектлари ташкилотнинг ва Ўзбекистон Республикаси давлат стандартларига мувофиқ ишлаб чиқариладиган махсулотнинг штрихли кодида фойдаланиладиган товар кодини олиш учун "ЕАN Uzbekistan" товарлар ва хизматларни автоматик идентификатлаштириш марказида рўйхатдан ўтадилар.
3. Тадбиркорлик фаолияти субъектлари штрихли кодлаштирилиши керак бўлган махсулотлар (товарлар)ни тайёрловчилар "Ўзстандарт" агентлигига Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган махсулотларни Давлат реестрига киритиш ва штрихли кодларнинг оригинал-макетларини олиш учун давлат стандартлари талабларига мувофиқ махсулотлар хақидаги ахборотни тақдим этадилар.
4. Тадбиркорлик фаолияти субъекти штрихли код қўйилган махсулотлар (товарлар)ни тайёрловчи буюртмачининг талабига кўра уни етказиб бериш бошлагунга қадар маълумотлар базасини шакллантириш учун буюртмачига махсулотлар (товарлар)нинг асосий истеъмол тафсивномалари тўғрисида ахборот беради.
5. "ЕАN Uzbekistan марказида рўйхатдан ўтказилмаган тадбиркорлик фаолияти субъектлари ишлаб чиқариладиган ва,ёки сотиладиган махсулотлар (товарлар)ни ЕАN штрихли кодлари билан тамғалаш хуқуқига эга эмаслар.
6. Тадбиркорлик фаолияти субъектлари штрихли кодлаш бўйича стандартлар ва мазкур Низом талабларини бузганлик учун Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун хужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.