Санъат ва фан. Инсоният маданият тарихида санъат ва фан каби бир-бирига яқин маънавий ҳодиса кам учрайди. Уларнинг ҳар иккиси ҳам бир вазифани бажаради, воқеликни инъикос эттиради. Фақат санъат буни – муайян фан-мавҳум тарзда амалга оширади. Яъни санъат воқеликдаги умумийликни хусусийлаштириш, фан эса хусусийликни умумлаштириш – мавҳумлаштириш орқали иш кўради. Шу сабабли санъатда бадиий қиёфалар, фанда тушунчалар муҳим ўрин эгаллайди. Масалан, ахлоқшунослик фанидаги муҳаббат тушунчасини олиб кўрайлик. У бизга инсонлар ўртасидаги, маънавий-руҳий туйғуни, «мен» ва «сен»нинг бир-бирига ўтиб кетар даражадаги яқинлигини англатади, тушунтиради, у орқали барча асрлар ва барча одамларга таалуқли муҳаббат ҳақида умумий, мавҳум, тушунчага эга бўламиз. «Меҳробдан чаён» романида Абдулла Қодирий тасвирлаган Анвар ва Раъно ўтрасидаги муҳаббат эса муайян, хусусий муҳаббат. У бошқаларнинг, Ромео ва Жулеттанинг, Отабек ва Кумушнинг, муҳаббатига ўхшамайди, лекин айни пайтда биз ундан муҳаббат қандай бўлиши мумкунлигини билиб оламиз. Бу ўринда бизга фан ҳам, санъат ҳам билим бераётир: фақат фан – тушунтириш орқали (умуман), санъат тасвирлаш воситасида (хусусан). Демак, фан туфайли муҳаббат нима эканини, санъат орқали унинг қандай эканини биламиз: фан – тушунтиради, санъат – кўрсатади; фанда муҳаббат – тушунча, санъатда эса қадриятлардир.
Санъат билан фаннинг яна бир ўхшашлик томони бор, бу –уларнинг рўй берадиган воқеликни аввалдан кўра билиш, каромат қилиш хусусиятида кўринади. Уни фанда – илмий тахмин, фараз, санъатда – хаёлот, тасаввур деб атайдилар. Масалан, Беруний глобус ясар экан, ўз илмий назарий ҳисоб-китобларига таяниб, дунёда яна бир қитъа мавжуд бўлиши керак деган фаразни илгари суради ва у қитъани харитада қайд этади. Бир неча асрдан сўнг Америка қитъаси кашф этилади ва Берунийнинг тахмини амалиётда тасдиқланган илмий хулоса тусини олади. Санъатда ҳам шундай: Шарқ адабиётидаги бошқа ерда бўлаётган воқеаларни кўрсатувчи мўъжизавийлик билан боғлиқ узук, жом, кўзгулар, илмий – хаёлот жанридаги асарларда фазо кемаларида учиш, ўзга сайёраларга қўниш сингари жуда кўп ҳодисалар ҳозир реалликка айланган. Фақат бундай ҳодисалар санъатда фандагига нисбатан кенг, миқёсли ва катта ҳажмларда намоён бўлади. Бу – санъаткор шахсининг алоҳидалиги, онгланмаган руҳий ҳолатининг трансцендентал алоқадорликка эга эканлиги, илҳом ва унинг илоҳийлиги каби хусусиятлари билан боғлиқ. Хуллас, санъат, маълум маънода фанни бошқариб боради, унга янги илмий ғоялар тизимини, муаммоларни ҳатто муаммоларни ҳал этиш йўлларини таклиф қилади. У фанга ўхшаб «шундай қилишинг керак», демайди, «шундай қилиш мумкин эмасми»? деган таклифни ўртага ташлайди ва «демократик асосда» фанни илгари етаклайди. Шунингдек, фаннинг санъатга таъсири борлигини ҳам таъкидлаш жоиз. У олимлар ҳаёти ва фаолиятини, янги илмий муаммоларни бадиий асарларда инъикос топишида, фан тараққиётининг санъат турлари равнақига, янги санъат турларининг вужудга келишига кўрсатган таъсирида кўзга ташланади. Айни пайтда санъатни ўрганадиган, уни илмий тадқиқ этадиган ўзининг махсус фанлари бор.
Санъат ҳам, фан ҳам мантиқ билан иш куради. Лекин санъатнинг мантиқи ўзига хос – оддий мантиқдан фарқланади. Чунки фан тушунча сифатида сўзларни фақат асл маъносида, яъни, бир маънода қўллайди, санъат эса уларни кўп маъноли тарзда, кўчма маъноларда ишлатади. Зеро рамзийлик, мажозийлик санъатнинг яшаш шарти. Масалан, сув ҳидсиз, тамсиз, рангсиз суюқлик бўлиб, унинг кимёвий формуласи Н2О. Бу фанда шундай қабул қилинган, уни бошқача, иккинчи хил изоҳлаш мумкин эмас. Санъатда эса сув – оби ҳаёт, болдай ширин, мовий, тиниқ, лойқа, қора, ўтаётган умр, тупроқнинг жони каби юзлаб сифат, хусусият ва маъноларга эга сўз. Кўриниб турибдики, фан санъат даражасидаги эркинликка эга эмас. Бир марта узил-кесил ҳал қилинган муаммога ёки биров кашф этган қонунга иккинчиси бир олим қайтмайди. Масалан, Фарадей қонунларини бошқа ҳеч ким қайтадан кашф этмайди. Санъатда бир мавзу, бир муаммо ҳар хил йўл билан очиб берилади ва, энг қизиғи шундаки, ҳар бир бадиий талқин бошқасини такрорламайди. Олайлик «Ватан» деб номланган юзлаб шеърлар бор, ёки Навоий қиёфасини тасвирлаган рангтасвир асарлари ҳам шунақа. Лекин уларнинг бирортаси иккинчисини айнан бизга қайта тақдим этмайди, ҳаммаси янги ва ўзига хос.
Улар орасида яна бир фарқ тараққиёт масаласи билан боғлиқ. Фан – тадрижий тараққий топиб, жамият интелектуаллашган, иқтисодиёт ривожланган сари равнаққа қараб боради. Санъат эса бу омиллар билан иш кўрмайди, унинг ўз ички тараққиёт қонунлари бор. Улар жамиятнинг маънавий олами билан, қадриятлар қандай англанганлиги ва қадрланганлиги, тарихий даврлар аро рўй берадиган руҳ янгиланиши, даҳоларнинг дунёга келиши каби сабаблар билан боғлиқ.
Шундай қилиб, санъат ва фан барча ўзаро ўхшашликлари ҳамда тафовутлардан қатъи назар, бир-бирини тўлдириб борувчи маънавий ҳодисалар сифатида мунтазам, диалектик алоқада фаолит олиб боради, инсон маънавият оламини янада бойишига ранг-баранглашишига хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |