Техника эстетикаси
Кўриб ўтганимиз – табиат эстетикаси бизни ҳозир аввалгига қараганда олисдан ўраб турган биологик муҳитнинг ҳаётимизни гўзаллаштиришдаги, умуман, эстетиклаштиришдаги аҳамиятини тадқиқ этса, уни инсонни “табиийлаштириш” воситаси сифатида олиб қараса, техника эстетикаси, аксинча, бугунги кунда бизга энг яқин бўлган ноосферани – техникавий муҳитни мунтазам “инсонийлаштириб” бориш муаммоларини ўрганади.
Инсон доимий равишда равнақ топиб борадиган мавжудот, узоқ давом этган инсоний тараққиётнинг маҳсули, яъни тош асридаги ва ҳозирги одам, гарчанд иккаласи ҳам одам деб атасакда, бир-биридан фарқ қилади. Замонавий одам ақлан, ахлоқан нисбатан юксак даражага кўтарилган, жисмонан эса – гўзаллашган. Техникани ана шу гўзаллашган инсон яратган. Шу ўринда имом Ғаззолийнинг инсон ва унинг ижодига нисбатан айтган: “Яратилган яратганига ўхшайди”, деган сўзларини яна бир бор эслайлик. Аллоҳ инсонни яратиб, уни ўзига ўхшашини истаса, инсон ҳам ўз ижоди маҳсулининг ўзига ўхшаш бўлишини хоҳлайди. Техника инсон ижодининг маҳсули сифатида инсон қанчалик нозик, қанчалик ақлли, қанчалик гўзал бўлса, шунга қараб ўзгариб боради.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сўнгги икки аср мобайнида, айниқса, ХХ асрда инсон тафаккури, унинг жисман ва ахлоқан тараққиётидан илгарилаб кетди. Чунки тафаккур, вужуд ва ахлоқдан фарқли ўлароқ, нарсаларга айланиш хусусиятига эга. Нарсага айланган тафаккур тинимсиз равишда янги, ўзидан юксакроқ нарсага айланадиган тафаккурни тақозо этади, у эса ўз навбатида яна янги нарсани яратади ва шу тарзда тафаккур олға қараб бораверади. Бу, биз, одатда, ҳисобга олмайдиган қонуният. Чунки тафаккурнинг нима экани, у қандай қилиб моддий жараёнларни ўзгартириши ҳозирча номаълум, ваҳоланки у биологик ҳодиса эмас. “Тафаккур энергия шакли эмас, – дейди академик В.И.Вернадский. – Қандай қилиб у моддий жараёнларни ўзгартира олади? Бу саволга илм ҳозирча жавоб топган эмас”1. Нима бўлганда ҳам, тафаккурнинг равнаққа қараб тараққий қилиб бориши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Ана шу равнақнинг суръати биз яратган техника воситаларини тезкорлик билан ўзгариб, қулайлашиб, гўзаллашиб боришини таъминлаб келмоқда. Бунда бадиий-техник ёки эстетик фаолият ҳисобланмиш дизайннинг роли катта.
Дизайн (инглизчада лойиҳа, чизма дегани) ХХ асрнинг бошларида “хунук буюм яхши сотилмайди” деган иқтисодий талаб асосида Ғарбдаги саноат ишлаб чиқаришига кириб келди. Гап шундаки, инсон билан техниканинг эскича шаклидаги ўзаро алоқаси эндиликда яхши самара бермай қўйган эди. Унда инсон технологик режимга мослашган ҳолда, тезлик, аниқлик, мустаҳкамлик каби технологик мезонлар асосида ишлайдиган ишчи сифатида баҳоланарди. Бу на фақат инсонпарварлик, балки техникавий равнақ нуқтаи назаридан ҳам номақбул эди. Шу боис техникани инсонийлаштириш зарурияти туғилди. Энди ишчи ё хизматчининг шахсий қизиқиши, ижодийлик касб этгани ҳолда, фақат меҳнат натижаси билан чекланмасдан, меҳнат жараёни ва унинг мазмунига кўчиб ўтиши лозим бўлиб қолди. Бу – меҳнатнинг эстетик табиат касб этиши ва инсонийлашуви демакдир. Шундай қилиб, техникани ва ишлаб чиқариш муҳитини инсонийлаштириш меҳнатни фақат зарурият деб эмас, балки эҳтиёж даражасида тушунишга олиб келади; техник инсонийлаштириш муҳитни инсонга мослаштириши баробарида, уни эстетик тарзда ташкил этишни ҳам ўз ичига олади.
Дизайннинг заруриятга айланиши на фақат замонавий илмий-техникавий равнаққа, балки оммавий ишлаб чиқариш ва оммавий маданият даражасининг юксаклигига ҳам боғлиқ. Бундай шароитда харидор ўзининг эркин танлов имконияти билан ишлаб чиқариш таклиф қилган маҳсулотни рад этиши ва ўз эҳтиёжига жавоб берадиган товарни юқори баҳолаши мумкин. Яъни, харидор ўз дидига мос нарсани танлайди; харид жараёни “борига барака ” тарзидаги таваккалчилик ҳолатига эмас, балки товарга фаол муносабат шаклига айланади. Ана шундай муносабатга лойиқ бўлиши учун товарнинг шакли муҳим аҳамиятга молик. Табиийки, биринчи навбатда гўзал ва улуғвор кўринишга эга нарсаларгина жамиятнинг эътиборини қозонади. Шунда товарнинг умуммезонга жавоб берадиган эстетик қадрият сифатида қабул қилиниши рўй беради ва у ишлаб чиқаришнинг харидорга, харидорнинг эса ишлаб чиқаришга эстетик таъсирини таъминлайди.
Шуни унутмаслик лозимки, ҳар қандай конструкциячи-инженер дизайнер бўлолмайди. Инженер-конструктор, дейлик, машинани лойиҳалаштирар экан, дастлаб унинг моторидан тортиб, кузовигача бўлган қисмлари лойиҳасини чизади ва шундан кейингина уларни бир-бири билан боғлаб яхлит машина шаклига келтиради. Натижада ҳар бир қисм алоҳида “ўз ҳаётига” эга бўлади. Яъни, машина замонавийлаштирилганида (модернизация қилинганида) муайян деталларни сўнгги лойиҳа асосида, алоҳида-алоҳида алмаштириш жараёни рўй беради. Дизайнчи-инженер эса машинани гўзаллик ва улуғворлик қонуниятларига асосланиб, бирданига муайян яхлитлик тарзида тасаввур қилади. Бу яхлитлик конструкцияга бўйсунса-да, ўзини бадиий ижод сифатида намоён этади. Шундай қилиб, конструктор-инженер мазмунни, дизайнчи-инженер шаклни яратади, яъни биринчи мутахассис – техник, иккинчиси – эстетик. Иккала фаолиятнинг уйғунлиги туфайли замонавий харидор талабига жавоб берадиган машина вужудга келади ва унда, истаймизми-истамаймизми, эстетик кўриниш яхлитлик сифатида устуворликка, харидоргирлик аҳамиятига эга бўлади. Зотан, эслайлик, Шиллер айтганидек, шакл инсонга бутунисича, мазмун – унинг муайян қисмигагина таъсир кўрсатади. Харидор эса, энг аввало инсон.
Бироқ, бу – дизайнда ҳамма нарса шакл билан боғлиқ экан, дегани эмас. Унда ҳам санъатдагидек шакл ва мазмун уйғунлиги асосий омил ҳисобланади. Бундай уйғунликка бирдан эришиш қийин, у бир неча техникавий босқичларнинг ҳосиласи сифатида вужудга келади. Масалан, “Зингер” русумли тикув станогининг ХХ аср давомида ривожланиб, дастлабки қўпол кўринишидан “хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам ишлагинг келадиган” даражада гўзаллашиб, нозиклашиб, инсонни ўзида ишлашга чақириб турадиган машинага айланди. Ёки ўзимиздаги “Daewoo” корпорацияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилаётган “Matiz” автомобилига эътибор қилинг. У дизайн нуқтаи назаридан ўзидан аввалги кичик машиналардан, хусусан, “Tiko”дан кескин фарқланади. Унинг йўлда енгил бориши кишида худди сузиб кетаётгандек тассурот уйғотади, асосий чироқлари (фаралари) ана шу таассуротингизга мос: улкан балиқнинг кўзларига ўхшайди, олдиндаги пастки икки чироқ эса сизга бодомқовоқ – Шарқ гўзалларига ярашиб турадиган қийиқ кўзларни эслатади. Бунда автомобилнинг ташқи кўриниши билан моҳияти ниҳоятда муваффақиятли мослаштирилган: “Matiz” – балиқдек силлиқ олға интиладиган, “эпчил”, гўзал, Шарқда ишланган, шарқона машина.
Қисқаси, бугунги кунда биз дизайн туфайли атрофимиздаги техникавий оламни одамийлаштириб, ўзимизга, эстетик дидимизга мослаштириб боришга эришдик ва эришмоқдамиз; ҳозир ручкамиздан тортиб, компьютеримизгача, машинамиздан тортиб, кўйлагимизгача – ҳаммаси бизни ҳар жиҳатдан қониқтиришга қаратилган.
Дизайннинг туб илдизи, моҳият нуқтаи назаридан, кўргазмали амалий санъатга (халқ амалий санъатига) бориб тақалади: у ҳам, бу ҳам фойдалилик, манфаатлилик хусусиятига эга, яъни улар мақсадга мувофиқликка эмас, мақсадга хизмат қилади. Лекин халқ амалий санъатига асос бўлган ҳунар, айтиб ўтганимиздек, санъатга айланиши мумкин, дизайн эса – дизайнлигича қолади. Сабаби шуки, ҳунарманд-уста ҳар бир ашёга, дейлик, узукка, қумғонга, хонтахтага ёки нақшин қутичага ўз дунёсини, харидорга мос руҳни сингдиради, яъни ҳунарманд-уста ясаган ўнта мис лаганда устанинг ўн хил руҳий ҳолатини, кечинмаларини илғаш мумкин. Дизайнда эса ўн минглаб ёки юз минглаб ашёларга замонавий техника воситасида дизайнчи-инженернинг бир галги руҳий дунёси сингдирилади. Кейинроқ улар модернизация қилиниши мумкин, лекин унда ҳам яна бир хиллик аввалгисидан бошқачароқ намоён бўлади, уста эса доимо янги нарса ясайди ва мана шу янгилик ранг-баранглик, индивидуаллик ҳунар маҳсулики санъат даражасига олиб чиқишга хизмат қилади. Бундан ташқари ҳунарманд ҳар бир товарни бутунисича бадиий-ашёвий яхлитлик сифатида олиб қарайди ва ишлаб чиқаради. Яъни, унда мазмун ҳам шакл ҳам бир руҳий дунё ва “бир қўлнинг” меҳнати. Дизайнда эса ашёлар “турли қўл” ишлаган қисмларни бир мутахассиснинг – дизайнернинг яхлитлаштириши натижасида ўзини бутунисича намоён қилади. Шу сабабли ҳунарманднинг маҳсулоти – санъат, дизайнернинг иши носанъат эстетик фаолият ҳисобланади. Шунга қарамай, дизайн ва дизайнернинг ижодий меҳнати Ер юзида тобора кўпайиб бораётган инсон зотининг замонавий иқтисодий-маиший ҳамда эстетик эҳтиёжини, маънавий талабларини қондириши билан муҳим ҳамда эътиборга лойиқ. Техника эстетикаси эса дизайн назарияси сифатида эстетиканинг ўзига хос тури, усиз бугунги эстетика фанини тўлиқ тасаввур қилиб бўлмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |