Биологик ахлоқ
Яна бир муҳим муаммо, бу - биологик ахлоқ. Мазкур ҳодиса сўнгги бир неча ўн йиллик ичида соф табобат муаммосидан ахлоқий муаммога айланди: эндиликда, бировнинг муайян аъзосини бошқа беморга жарроҳлик операцияси йўли билан ўтказиш орқали киши ҳаётини сақлаб қолиш ахлоқий нуқтаи назардан қандай баҳоланади, деган савол кун тартибида долзарб бўлиб турибди.
Биологик ахлоқ деганда, одатда, бизда ҳам, жаҳон ахлоқшунослигида ҳам асосан тиббий ахлоқ, табобат муаммоларига доир ахлоқий ёндашувлар тушунилади, холос. Бу унчалик тўғри эмас. Бизнингча, биологик ахлоқ муаммолари икки йўналишдан иборат: бири - инсонларнинг кичик биологик олам сифатидаги катта биологик оламга бўлган муносабатлари билан боғлиқ «ташқи», иккинчиси - инсонларнинг «ўз-ўзига ва ўзаро муносабатларидаги тиббиёт билан боғлиқ ички» ахлоқий масалалар.
Биз одатда «экологик Ахлоқ фалсафаси» деганимизда айнан биринчи ҳодисани назарда тутамиз. Икки биологик оламнинг муносабатларини, яъни экологик ахлоқий муаммоларни биологик ахлоқ доирасида ўрганиш мақсадга мувофиқдир.
Ҳозирги пайтда экологик ахлоқнинг инсоният учун нақадар муҳимлигини ҳамма билади, лекин ўз билганидан қолмайди – муаммонинг мураккаблиги шунда. Биз юқорида ноосфера, тафаккур борасидаги мулоҳазаларимизда экологик буҳроиларнинг баъзи кўринишларига тўхталиб ўтдик. Бироқ, яна ундан ташқари сўнгги пайтларда жаҳон бўйлаб синтетик жисмлар ишлаб чиқаришнинг кенг йўлга қўйилганлиги, ҳайвонот ва айниқса ўсимликларнинг габрид усулида янги турларининг вужудга келтирилиши сингари ҳадислар ҳам экологик аҳамиятга эга. Хўш, улар табиат билан силнгишиб, уйғунлашиб кета оладими, табиат уларни ўзиники қила биладими? Бунга ҳозир жавоб топиш қийин, эҳтимол кашфиётларимизнинг оқибатлари, юқорида айтиб ўтганимиз - муайян тафаккур билан инсон орасидаги «масофанинг узоқлашиб» бориши натижасида аён бўлар?...
Биологик ахлоқнинг иккинчи йўналиши тиббиёт илми ва амалиётининг тобора тараққий топиб бориши билан боғлиқ.
Шунингдек, тотли ўлим - эвтоназия ҳам биотиббий ахлоқнинг глобал муаммоларидан. Худонинг ихтиёридан ташқари ўлимни ихтиёр қилган киши диний нуқтаи назардан кечирилмайди. Чунки сабрли, бардошли бўлиш, бу дунё изтиробларини тоқат билан бошдан кечириш инсоннинг вазифаси. Лекин ахлоқий жиҳатдан олиб қараганда масала қандай баҳоланади? Дейлик, муайян инсон, бемор ўз кунларининг саноқли эканини, лекин бу кунлар саноқсиз азоблар ичида ўтишини билади. Шу боис у ўзининг ана шу ҳолатини жуда яхши биладиган бошқа бир одам - шифокордан азобларига чек қўйишни сўрайди. Унинг илтимоси ва шу илтимосни бажариш учун шифокор томонидан қилинган хатти-ҳаракатларни қандай, баҳолаш мумкин? Бу хатти - ҳаракатларни инсонийлик ва инсонпарварликнинг кўриниши сифатида қабул қилиш тўғрими? Умуман, эвтаназия ахлоқийликми, ахлоқсизликми? Бу муаммо ҳам умумжаҳоний миқёсда ўз ечимини кутмоқда.
Чунки табобат борасидаги сўнгги тадқиқотлар инсон ўлими бир лаҳзада рўй бермаслигини, юрак уриши ва нафас олиш тўхтаганда ҳам, мия ўлмаса инсонни ўлди дейиш мумкин эмаслигини исботлаб берди. Дастлаб мия қобиғи, ундан кейин мия танаси ҳалок бўлади. Шундан кейингина инсонни ўлган деб ҳисоблаш мумкин. Зеро, ҳозирги кунда токи мия ўлмас экан, кўпгина ички аъзоларнинг янги табобат техникаси воситасида ишлашда давом этишини таъминлаш ва шу орқали анча муддатгача инсонда тирикликнинг минимал даражасини сақлаб туриш мумкин. Демак, юрак ёки буйракнинг кўчириб ўтказилиши ҳали ўлмаган одамнинг минимал тирикликка бўлган ҳуқуқини поймол қилишдир. Бунинг устига, америкалик нейрохирург Пол Пирсон ўз тажрибаларига асосланиб, юрак кўчириб ўтказилганда руҳ ҳам кўчиб ўтади, деган фикрни билдиради. Чунончи, 19 яшар қизнинг юраги 40 яшар эркакка ўтказилганида, йигитнинг феъл-атворида жуда катта ўзгаришлар рўй берган. Ёки 20 яшар қизнинг юраги ва ўпкаси 36 яшар аёлга ўтказилганда ҳам шунга ўхшаш ўзгаришлар юзага келган: аёлнинг кулишигача ўзгариб кетган. Ахлоқий нуқтаи назардан буни қандай изоҳлаш мумкин?
Биологик ахлоқ Ахлоқ фалсафасининг анчадан буён кўпчиликка маълум муаммоси, бу – аборт. Маълумки, тўртинчи ҳафтанинг охирида ҳомилада дастлабки юрак уриши пайдо бўлади. Саккизинчи ҳафтанинг охирида эса мия танасининг электрофизиологик фаоллигини кузатиш мумкин. Демак, ҳар қандай аборт, халқ таъбири билан айтганда, жонлини жонсиз қилиш, тирик организмни тирикликка бўлган ҳуқуқдан маҳрум этишдир. Хўш, абортни ахлоқсизлик тарзида баҳолаш керакми ё йўқми? Ёки АҚШ олимлари томонидан «инсон зотини яхшилашга» қаратилган тадқиқотларни олиб кўрайлик. Уларда «яхшиланган» - соғлом, кучли интеллект эгаси бўлган одамлар ҳужайрасини аёл организмидаги энди ривожланишга киришган нисбатан «оддий одам» ҳужайраси ўрнига кўчириб ўтказиш тажрибаларини олиб бориш мўлжалланган. Улар амалда татбиқ этилса, аста-секинлик билан инсоният ирсият жамғармасининг (генофондининг) бир ёқлама ўзгаришига олиб келиши шубҳасиз. Румо папаси буни инсон зотига, инсоний табиатга аралашув, уни зўрлик йўли билан ўзгартириш, нафақат катта гуноҳ, балки ўта ахлоқсизлик деб атади. Хўш, бундай тажрибаларни қандай баҳолаш керак? Бу саволларга ҳам Ахлоқ фалсафаси жавоб топмоғи лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |