Ахлоқ ва иқтисодиёт. Ҳар бир мамлакат ва унинг аҳолиси учун, бошқачароқ айтганда, миллат ва давлат учун иқтисодиёт ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Зеро мамлакат ва халқ фаровонлигини ҳамда шу фаровонлик асосида вужудга келадиган миллатнинг маънавий даражаси иқтисодиётнинг қай йўсинда ривожланишига боғлиқ. Иқтисодиётнинг равнақи эса аввало эркинликбориб тарқалади. Чунончи, шўролар даврида иқтисодиёт сиёсатига, комунистик мафкурага, улуғдавлатчилик шовинизмига бўйсундирилди,, унинг ривожланиши нотабиий тарзда юқоридан, марказлашган режалатириш асосида олиб борилди. Натижада собиқ Иттифоқ аҳолиси турмуш даражаси бўйича жахонда энг қуйи ўринлардан бирини эгалларди. Хусусан, жуда катта ер ости ва устки бойликларига қарамайди, Ўзбекистон кўп йиллар мобайнида ярим мустамлака мақомидаги, қолоқ, аграр ўлка бўлиб қолаверди. Бутун Итифоқ бўйлаб, жумладан Ўзбекистонда ҳам бу иқтисодий қалоқлик ташмачилик, давлат мулкини талон-тарож қилиш, коррупция, порахўрлик каби иллатларнинг жуда кенг миқёсда равнақ топишига олиб келди, иқтисодиётдаги бундай ахлоқсизликлар, афсуски, халқ учун одатий ҳол бўлиб қолади.
Ўзбекистон ана шундай шароитда мустақилликка эришди ва мамлакат ҳаётидаги энг оғир бўлган ўтиш дври бошланди. Юқорида айтганимиздек, шўрадан мерослар қолган барча иллатлар юзага чиқа бошлади. Шундай бир пайтда давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган мамлакат тараққиётиннинг беш тамойили том маънодаги тарихий ҳодиса бўлди. Ундаги давлатнинг бош ислоҳотчилиги, иқтисодиётнинг сиёсатдан устуворлиги, кучли ижтимоий ҳимоя тамойиллари теран ахлоқий моҳиятга эга эди. Шу боис Республика Президенти Ислом Каримовнинг «Иқтисодий жиҳатдан эркин меҳнатни тиклаш турмушимизда аста-секин қайтадан (таъкид бизники - А.Ш.) қарор топаётган ахлоқий ҳолатдир»,2 деган сўзлари ўша давр хусусиятларини аниқ кўра билиш натижасида чиқарилган объектив хулоса эди. Чунки қонун ҳимоясидаги кишиларнинг кўпчилиги қонунбузарларга қарши курашиш ниқоби остида ўз шахс манфаатлари учун қонунни бузардилар, Айниқса бу иқтисодиётда банк, ҳокимият ва солиқ тизимида яққол кўзга ташланарди. Масаланинг бу бир томони эди. Иккинчи томони эса, хусусий тадбиркорликнинг йўлга қўйилиши натижасида қўштирноқ ичидаги «тадбиркорлик»нинг, солиққа тортилмаган яширин корхоналарнинг кўплаб пайдо бўлишига олиб келди. Буларнинг ҳаммаси иқтисодиётда ахлоқийликни тиклаш, уни ахлоқийлаштириш муаммосини ўртага ташлади. Зеро ахлоқдан ташқридаги иқтисодиёт мамлакатни равнаққа эмас, таназзулга олиб келиши табиий ҳолдир. Шу боис бу борада жуда кўп ишлар қилинади.
Иқтисодиётни ахлоқийлаштиришдаги энг муҳим ишлардан бири қатор йилларнинг Республика Президенти ташаббуси билан муайян ижтимоий-ахлоқий йўналишга бағишланишидир. Чунончи муайн йилларнинг «Аёллар йили», «Оила йили», «Мехр-мурувват йили», «Ҳомийлар ва шифокорлар» йили, «Ижтимоий ҳимоя йили» каби номланиши қуруқ гап бўлиб қолгани йўқ. Улар иқтисодиётда «аста-секин қайтадан қарор топаётган ахлоқий ҳолат» нинг ёрқин мисоллари бўлди, давлат билан жамоатчиликнинг қўлга - қўл бериб ишлашини таъминлади; аҳолининг бадавлат қисмига ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни, шахсларни иқтисодий қўллаб - қувватлашга ўргатди. Натижада бадавлат кишиларнинг мулкка эгалик ҳуқуқини поймол қилмаган ҳолда, уларни меҳр-мурувват, саҳийлик, жўмардлик каби ахлоқий тамойиллар ва меъёрлар асосида бошқаларга ёрдам кўрсатишлари жамиятдаги одатий ҳолга айлана бошлади. Иқтисодий ҳимоянинг бундай шаклини иқтисодиётини ахлоқий мурватлар ёрдамида бошқаришнинг ажойиб намунаси деб аташ мумкин.
Демак, ахлоқ қонун билан биргаликда, баъзан эса қонуннинг кучи ва қамрови етмайдиган ҳолатларда иқтисодиёт ривожланишини таъминлайдиган маънавий ҳодисадир. Фақат ахлоқ билан мустаҳкам алоқада бўлган иқтисодиётгина ҳақиқий тараққиёт йўлига кира олади.
Ахлоқ ва сиёсат. Ахлоқнинг сиёсат билан алоқаси ҳам ниҳоятда қадимий, илк давлат юзага келгандан буён мавжуд. Масалан, айтиб ўтганимиздек, милоддан аввалги ХVIII асрда Бобилон подшоси Хаммурапи томонидан ишлаб чиқилган қонунлар мажмуи ҳуқуқий ҳужжат бўлса-да, унинг асосида ахлоқий фазилат - адолатни барқарор этиш ётади. Зеро, Хаммурапи бу қонунларни мамлакатда ҳақиқат қилиш, адолат ўрнатиш, етим-есирлар ва бева-бечораларга ҳиммат, раҳм-шафқат кўрсатиш мақсадида жорий этганини таъкидлайди.
Ахлоқ фалсафаси тарихида ахлоқ билан сиёсатнинг муносабатлари борасида икки хил қараш мавжудлигини кўриш мумкин. Уларнинг бирига кўра, сиёсат ахлоқий бўлмоғи лозим, иккинчисига биноан эса, сиёсат ахлоқ билан сиғишмайди.
Биринчи қараш моҳиятан ахлоқни сиёсатдан юқори қўяди: сиёсат ахлоққа бўйсундирилиши шарт. Бошқача қилиб айтганда, мақсадлар ва воситалар бирлигига эришмоқ лозим, яъни буюк, покиза идеаллар фақат ахлоқий пок воситалар орқали амалга оширилмоғи керак. Лекин бунда ахлоқ сиёсат вазифасини бажармаслиги лозим. Акс ҳолда муайян давлат институтларининг, хусусан, ҳуқуқ-тартибот ва ҳарбий идоралар сингари ташкилотларнинг ишини ортиқча даражада чеклаб, уларни жуда заифлаштириб қўйиш мумкин.
Иккинчи қараш эса моҳиятан сиёсатнинг ахлоқ билан ҳисоблашмаслигини тақозо этади. Бу қараш тарафдорлари ахлоқни сиёсатга бўйсундиришни, ундан, керак пайтида, тамомила юз ўгириш лозимлигини таъкидлайдилар. Улар наздида, ахлоқ буюк идеалларга эришув йўлидаги бир ғов, жамиятни умуминсоний қадриятлар билан ўралаштириб қўяди, кўнгли бўшликка, сусткашликка, пировард натижада бошбошдоқликка олиб келади. Шу боис буюк мақсадларга тезроқ эришиш учун ҳар қандай воситадан фойдаланиш мумкин. Зеро, охир-оқибат эришилган мақсад йўл қўйилган разилликлар, қаттолликлар, алдовлар ва фирибларни ювиб кетади. Бу усул орқали фақат вақтинчалик ғалабага эришиш мумкин. Оқибатда эса бу ғалаба нафақат йўққа чиқади, балки мағлубиятга айланади. Мисол тариқасида яна шўролар тузумига мурожаат қилиш мумкин. Зўрлик, алдов ва қатағонлар билан халқни бахтли қилишга уриниш, «халқ бахти» учун миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритиш эвазига эришилган ғалаба охир-оқибатда буюк мағлубият сифатида ниҳоя топди.
Юқорида келтирганимиздек, улуғ мақсадларни ифлос воситалар билан амалга ошириш ўша мақсадларнинг ҳам тоза эмаслигини амалда исботлайди. Эндиликда собиқ Шўролар Иттифоқи таркибига кирган халқлар ахлоқсиз сиёсат туфайли жаҳондан ажралиб қолгани, ёлғон, порахўрлик, кўзбўямачилик бу минтақалар учун одатга айланиб кетгани ҳаммага маълум. Бу иллатлардан тозариш, қутулиш учун яна неча ўн йиллар керак экани кўзга кўриниб турган реалликдир. Демак, сиёсатда ахлоқдан кўз юмиш уни ахлоқийлаштиришда юзага келадиган баъзи нуқсонлардан юз бор, минг бор кўп ва фожеийдир. Шу сабабли ўз сиёсатини тубдан ахлоқийлаштириш - ҳар бир замонавий давлатнинг ҳозирги кундаги бирламчи вазифаси.
Do'stlaringiz bilan baham: |