Қадимги Ҳиндистондаги эстетик ғоялар
Тахминан милодгача бўлган II минг йиллик ўрталарида Шимолий=Ғарбий
Ҳиндистонга, ҳозирги Панжоб минтақасига ғарбдан Ҳиндукуш довонлари орқали
ўзларини орийлар деб атаган жанговар қабилалар кириб кела бошладилар. Улар на
фақат ҳарбий истеъдодга, балки шоирлик қобилиятига, дунёнинг қандайлиги,
унинг қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги ўз қарашларига ҳам эга эдилар. Уларнинг
алқовлари – шарқиялари энг қадимги ҳинд ёдгорлиги «Ригведа»га асос бўлди.
«Веда» – муқаддас билим, «Ригведа» – алқовлар ведаси демакдир. «Ригведа» ўша
давр кишисининг ўзи ва атроф муҳит: маъбудлар, иблислар, девлар, фазо,
ижтимоий турмуш ахлоқий ва эстетик қадриятлар ҳақидаги билимларни ўз ичига
олади.
Энг кенг ёйилган нуқтаи назарга кўра, Ҳиндистонга бостириб киргунларига
қадар орийлар Ўрта Осиёнинг Амударё ва Сирдарё бўйи, Орол ҳамда Каспий
денгизигача бўлган минтақаларида яшаганлар. Зеро «Ригведа» ва «Авесто»нинг
тили бир=бирига ниҳоятда яқин. Яқинлик баъзан шу даражадаки, икки матн бир
қадимий матннинг икки хил вариантига ўхшайди: фақат товушлар мослигининг
қонун=қоидаларигина ҳар хил. Бунинг устига «Ригведа» тили кейинги даврда
санскритда ёзилган шеърлар ва мумтоз эпослар тилидан кўра, «Авесто» тилига
яқин. «Ригведа»даги қатор мифологик персонажларнинг «Авесто»да мавжудлигини
ҳам айтиб ўтиш лозим; номлар ўхшашлигидан тортиб, сюжетлар ўхшашлигигача
учратиш мумкин. Бундан ташқари, ҳар икки диний тизимда сиғиниш объекти
умумий: «Ригведа»да ҳам, «Авесто»да ҳам оловга сиғиниш эътиқодий асос
сифатида намоён бўлади. Бундай ўхшашликлар жуда кўп.
«Ригведа»да сўзнинг аҳамияти алоҳида ўрин тутади. Маъбудларни эъзозлашда
сўз ибодат ва қурбонлиқдан кам ҳисобланган эмас. Сўз покловчи, муқаддас омил
ҳисобланган, «Ригведа»да у маъбуда Воч («voc»–«сўз», «нутқ» дегани) тимсолида
жонлантирилган.
Шарқия=алқовларни шоир – коҳинлар=ришилар яратганлар. Ришилар санъати
бизнинг ҳозирги бахши=шоирларимиз санъатига ўхшаш ворисийлик табиатига эга
бўлган, отадан ўғилга ўтган. Орийларнинг Ҳиндистон ичкарисига кириб
Г.А. Пугаченкова, Л.И. Ремпель. Очерк искусства Средней Азии. М., Искусства, 1982. С. 277.
248
боравериши билан табақавий тўсиқлар йўқола борган; ришилар учун зот эмас,
истеъдод биринчи ўринга чиққан.
«Ригведа»да орийлар жамиятидаги шоир илоҳий кароматга даҳлдор,
маъбудлар алқаган донишманд тарзида намоён бўлади. Шоир маъбуддан ана шу
кароматли онларни бахшида этишни сўрайди. Донишмандлик, бу – бир зум намоён
бўлувчи манзара. Унга эришишнинг усули=кўришдир. Шоир ички нигоҳ, савқи
табиий билан унинг илоҳий ҳақиқат манзарасини ногоҳ ёритиб юборадиган унинг
нури орқали кўради. Бир манзара ўрнини иккинчиси эгаллайди ва бу
манзара=кароматлар алмашинуви заминида dhi деб номланган ведага хос дунёни
билиш ётади.
Dhi – «фикр, тасаввур, қараш, тушунча; интуиция (савқи табиий, фаҳм),
билиш, ақл, билим, санъат, ибодат», шунингдек, «кўз ўнгига келтириш, фикрлаш»
маъноларига уйқаш. Шоир dhira=dhi эгаси, донишманд, истеъдод эгаси деб аталган.
Шоирлар маъбудлардан dhi ато этишларини сўраганлар. Dhi туфайли шоирлар
маъбудлар билан одамлар орасидаги воситачига айланганлар. Зеро шоир – «доимо
маъбудлар олами билан учрашув» тимсолидир.
1
Маъбудлар олами эса мутлақ
гўзаллик маскани. Ведалардаги тасаввурга кўра, шоирлар ўзлари янги манзаралар
яратмайдилар, балки оддий бандалар кўролмайдиган маъбудлар дунёсига тегишли
манзараларни сўзга айлантирадилар. Бунда илҳомнинг ўрни муҳим: илҳомгина
шоирга Илоҳий Сўз устидан ҳукмронлик қилиш имконини беради. Шу боис
шоирнинг муваффақияти Воч билан боғлиқ. Воч дейди: «Кимни суйсам
ўшани=қудратли, ўшани=браҳман, ўшани=риши, ўшани=донишманд қиламан. Зеро
шоир=бахшининг «Сўз билан кўрмоқчиман илоҳ Агни сийратини», дейиши бежиз
эмас.
«Ригведа» – шеърий матн. Унинг шеърий ўлчови ҳижоларнинг муайян сонига
асосланган. Айни пайтда узун ва қисқа ҳижолар фарқланади. «Ригведа»да
1028 шарқия=алқовлар мавжуд. Узоқ замонлардан буён Ҳиндистонда бу
шарқияларни мусиқа жўрлигида ижро этиш одат тусига кирган. Чунончи,
«Самоведа»=бутунасича мусиқага солинган «Ригведа» шарқияларидан иборат.
«Авесто»даги каби «Ригведа»да ҳам Нур эстетикаси алоҳида ўрин тутади.
Жуда кўп шарқия=алқовлар муқаддас олов маъбуди Агнига бағишланган. Қадимий
ёдгорликнинг биринчи алқови=шарқиясидаёқ Агни «шоирона закий, ҳақиқий
чарақлаган шараф соҳиби» деб таърифланади. Агнига нисбатан «гўзал ёқилган»,
«гўзал қиёфали» «чарақлаган» сингари сифатлашлар қўлланилади; гўзаллик
ҳақидаги тасаввур нур билан боғлиқ тарзда намоён бўлади.
2
Гўзаллик «сувга тўла
бодиядек эзгулик тўла» маъбуд Индрнинг ҳам асосий сифати тарзида талқин
этилади; уни шарқиялардан бирида «қудратнинг гўзал ҳаракат қилувчи ўғли»,
дейилса, бошқа бирида у:
Сени, эй гўзал қиёфа соҳиби
Мадҳ этмоқ истаймиз, эй саҳий, –
1
Қаранг: Ригведа. Мандалы I-IV. М., Наука, 1989. С. 116.
2
Ўша манба. С. 99.
249
деб улуғланади
1
. Бошқа Шарқ адабиий ёдгорликларидек, «Ригведа»да ҳам асосан
гўзаллик эзгулик ва яхшилик тарзида талқин этилади. Айни пайтда шундай
ўринлар борки, унда гўзаллик билан эзгулик ажратиб кўрсатилади. Маъбуд Индрга
бағишланган алқовлардан бирида эзгулик, қаҳрамонлик ва гўзаллик ҳам сифат, ҳам
тушунча сифатида бир=бирини тўлдириб келади:
Ботирлигинг, эй қаҳрамон, куйлангай гўзал,
Руҳ кучи=ла эзгуликни сен топган маҳал
2
.
Қадимги Ҳиндистон фалсафий=эстетик, диний=ахлоқий тафаккурида
упанишадларнинг аҳамияти беқиёс. «Упанишад» сўзи тўғридантўғри «давра»,
«давра олмоқ» (устоз атрофида) демакдир. Лекин унинг иккинчи ботиний маъноси
– «сирли билим», «яширин билим». Упанишадлар ведаларга бориб тақаладиган,
уларнинг сирларини тушунтирадиган диний-фалсафий табиатга эга таълимотдир.
Айнан милодгача бўлган VII-IV асрларда вужудга кела бошлаган ана шу
упанишадларда қадимги ҳиндларнинг шаклланган эстетик тасаввур ва қарашларни
кўриш мумкин. Упанишадлардаги нафосатли тасаввурлар ҳам ахлоқий қарашлар
билан мустаҳкам боғлиқ.
Упанишадлар яратилган даврга келиб, қадимий Ҳиндистонда мусиқа санъати,
қўшиқ, рақс, меъморлик ва тасвирий санъат тараққий топган эди. Бироқ,
упанишадларда кўп ҳолларда безаклар моддий ёки маънавий бўлишидан қатъи
назар, улар қораланмаса=да, умуман олганда, санъат ўткинчи ҳиссий лаззат,
моддий ҳодиса тарзида талқин этилади. Асл донишманд абадий ҳақиқатга
интилиши, ҳар қандай санъатдан юз ўгириши лозим. Зеро санъат, хусусан,
тасвирий ва мусиқий санъат «алдамчи лаззат» беради; кимки унга ўрганиб қолса,
«олий ҳолатни ёдидан чиқаради».
Қадимги Ҳинд эстетикасида, хусусан, упанишадларда нур нафосати билан
бирга сўзларда инъикос этган ранг нафосатига ҳам дуч келиш мумкин. Ранглар
муқояса=зидлаштириш усулида эстетик хусусият касб этади.
Упанишадлар моҳиятан «Браҳман ҳақидаги таълимот» деган маънони ҳам
англатади. «Браҳман» сўзининг ўзи кўп маъноли. Упанишадлар Браҳманни универсум,
мавжудликнинг ягона ибтидоси, ўз=ўзига асосланган, оламдаги бор нарсага ва
оламнинг ўзига таянч бўлувчи қандайдир улуғлик тарзида тушунтиради. Донишманд
учун эса Браҳман «интилиш объекти», яъни муайян маънода маънавий идеал ҳар
қандай гўзалликдан гўзалроқ гўзалликдир.
Олий ва пок браҳманга етишиш буюк қувонч, бахт бағишлайди, у – инсоннинг
чарақлаб турган ҳақиқатни кўра билишидир. Браҳманни билиш –«инсондаги
нурни» бевосита мушоҳада этиш. Бу энг гўзал ва энг илоҳий мушоҳададир.
Шундай қилиб, упанишадларда ҳақиқат, нур – эзгулик ва олий гўзаллик рамзи
тарзида талқин этилади.
Нур рамзи, нур нафосати, умуман ведалар ва упанишадлардаги эстетик
ибтидолар, ғоялар қадимги ҳинд достонлари «Маҳобҳорат» ва «Рамаяна» бадиияти
1
Ўша манба. С. 251.
2
Қаранг: Ўша манба. С. 360
250
ҳамда нафосатига сезиларли таъсир кўрсатди. Чунончи, «Рамаяна»да ҳилол, ой энг
юксак гўзаллик тарзида тасвирланади: ой сўзсиз гўзал нур тўкиб, тунги заминни
сирли чиройга буркайди. Ситанинг жамоли ҳам тўлин ойга ўхшатилади, гўзаллиги
юлдузларни тонг қолдиради. Бундай «чарақлаш», «порлаш», шунингдек, олтин,
қимматбаҳо тошларга, саройларнинг тасвирига ҳам хос. Порлаш ва чарақлаш
эркаклар чиройига ҳам нисбат берилади: довюрак баҳодир Дашаратха ва унинг
ўғиллари «улуғвор порлагувчи (чарақлагувчи)» сифатлари билан тасвирланади. Рам
ҳақида «унинг юзи тўлин ойдан гўзал», дейилади достонда. Уни кўпроқ «қуёшдек
чарақлаб турган яхшилиги» учун севишади.
Қадимги ҳинд эстетикаси сўнгги даврлари милоднинг дастлабки асрларида
назарий рисолаларнинг юзага келиши билан алоҳида аҳамиятга эга. Ана шундай
қимматли асарлардан бири «Натъяшастра» – «Театр санъатига доир ўгитлар» (I-II
асрлар) рисоласи ҳисобланади. Одатда афсонавий донишманд Бҳаратга нисбат
бериладиган бу асарда асосан актёрнинг ижро техникаси ва тарбиясига доир турли
маслаҳатлар ҳамда ўгитлар кенг ўрин олган. Унда иштирок этувчиларнинг драматик
сюжет асосида туғилган эҳтиросли ҳолатлари актёрнинг қадам ташлаши,
имо=ишораси, ўзини тутиши ва барча ҳаракатини белгилайдиган шу каби омил, деган
фикр илгари сурилади. Ифодаланаётган ҳиссиётнинг табиати, шунингдек, мусиқий
жўрликни, грим ва қисман либос танлашни ҳам тақозо этади. Шундай қилиб, эҳтирос
на фақат актёр ҳаракатини, балки, умуман спектакл шаклини уюштирувчи ибтидодир.
Саҳнада бадиий қиёфа яратиш вазифасидан келиб чиқиб, қадимги ҳиндларнинг театр
ҳақидаги илми инсон руҳий ҳолатларини алоҳида таҳлил этувчи «бҳава» деб аталган
тизимни яратди. Унда бир томондан, руҳий ҳолатларнинг туғилишига олиб келадиган
сабаблар («уйғотувчилар» – «вибҳава»), иккинчи томондан эса, уларнинг ташқарида
имо=ишора, сўз оҳанги ва ҳоказо кўринишларда намоён бўлиши («онубҳава») –ҳисобга
олинган.
Бундан ташқари, «бхава»ларни саккиз гуруҳга бўлувчи мураккаб таснифлаш
яратилган. Ўзида бир асосий таснифлаш тури ва бир неча шунга яқин иккинчи
даражали ҳолатларни мужассам этган ана шундай ҳар бир гуруҳ муайян эҳтирос
тушунчаси тарзида олиб қаралган. Барча тушунчалар, яъни саккиз тушунча ягона
«раса» («дид») деган ибора билан ифодаланган. Кейинчалик «раса» бадиий
эҳтиросни, нафосатни англатадиган эстетик тушунча мақомини олди ва шу тарзда
ҳинд санъатшунослигида кенг тарқалди. «Раса» тушунчаси мусиқа назариясида
пардалар, товуш қаторлари, босқичлар ва оҳанглар турларида, тасвирий санъат
назариясида эса рангтасвир ва ҳайкалтарошлик қўлланиб келинди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, «Натъяшастра»нинг 16=боби ва кашмирлик
аллома Бҳамаҳа (IV-VI асрлар) қаламига мансуб «Кавъяланкара» («Шеърий
безаклар») рисоласи шеър санъати учун муҳим аҳамиятга эга. Шеърий йўл билан
ёзилган, олти қисмдан иборат бу рисолада турли хил хитобий (риторик)
шакллар=тазод (ўхшатиш), аллитерация ва бошқа усуллар баён этилади, шеърий
нутқ фазилатлари (гуна) ва услубий (рито) фазилатлар таҳлил қилинади. Мазкур
икки рисола, шеърият назарияси алоҳида илм сифатида қадимги ҳинд эстетикасида
милоднинг бошларида шаклланган ва унинг асосий тадқиқот объекти даставвал
шеърий нутқ услуби бўлган, дейиш имконини беради.
251
Қадимги Ҳиндистон эстетикасидаги услуб назарияси тараққиётига назар
ташласак, милоднинг II асрига келиб, «безаклар» деб ном олган бадиий ифода
усуллари ҳақидаги таълимот шаклланганини кўриш мумкин. IV-V асрларга келиб, у
услуб назариясининг катта ва муҳим қисмини ташкил этади. Масалан,
«Натъяшастра»да 4 хил безак ҳақида гап кетса, «Кавъяланкара»да уларнинг сони
39 та. Ниҳоят, IV-V асрларга келиб, қадимги услубиятнинг учинчи қисмини ташкил
этувчи фазилатлар ёки сифатлар ҳақидаги таълимот юзага келади. Ана шу
даврларда нуқсонлар ҳақидаги таълимот ҳам пайдо бўлади.
Шундай қилиб, кўриб турибмизки, қадимги ҳинд эстетикасида шеърий нутқ,
услубга доир бой материаллар йиғилган ва уларни уч рукнга=безаклар, фазилатлар
ва нуқсонларга бўлиб ўрганиш тамойиллари ишлаб чиқилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |