19.5. Халқаро ҳисоб – китобларнинг шакллари
ва валюта риски
Мамлакатлар ўртасида товарлар ва хизматлар бўйича олди – сотди операцияларни амалга оширишда халқаро ҳисоб – китобларнинг қуйидаги шакллари қўлланилади:
хужжатли аккредитив;
инкассо;
банк ўтказмалари;
вексел ва чеклар билан ҳисоб – китоблар шулар жумласидандир.
Халқаро ҳисоб – китобларни амалга оширишда қуйидаги ҳолатларга алоҳида эътибор қаратилади.
1.Халқаро ҳисоб – китобларда экспортер ва импортерга хизмат кўрсатадиган банклар молиявий воситачи сифатида майдонга чиқади.
2.Халқаро ҳисоб – китоблар маҳаллий ва халқаро қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади.
3.Халқаро ҳисоб – китоблар турли валюталарда амалга оширилади. Асосан, дунёда тўлов воситаси сифатида тан олинган мамлакатларнинг миллий валюталарида (АҚШ доллари, евро, иена, юань).
4.Битта халқаро контракт доирасида бир неча ҳисоб – китоб шакллари қўлланилиши мумкин.
Экспортер ва импортерлар ўртасида товарлар ва хизматлар бўйича тўловларни амалга оширишда ҳисоб – китоб шаклларини танлаш муҳим масалалардан бири ҳисобланади ва бунга қатор омиллар таъсир қилади. Хусусан:
товар ва хизматлар тури;
контргентларни тўловга лаёқатлилиги ва мавқейи. Айрим ривожланаётган мамлакатлар импортерларининг тўлов қобилияти заиф бўлганлиги боис, улар ўртасида халқаро ҳисоб – китобларнинг аккредитив шакли кўпроқ қўлланилади. Аккредитив ҳисоб – китоб шаклида экспортерга тўлов кафолатланади.
жаҳон бозорида сотиладиган товарларга бўлган талаб ва таклиф даражаси;
бошқа омиллар.
Валюта риски ва валюта келишуви. Халқаро ҳисоб – китобларда валюта риски ва валюта келишуви мавжуд бўлиб, халқаро валюта муносабатларида иштирок этувчи томонларнинг иқтисодиёти, молиявий ҳолати ва ташқи сиёсатини барқарорлигини олдини олиш мақсадида тузилади.
Валюта риски – томонлар ўртасида ташқи савдо ва кредит шартномаларини имзолаш жараёнида тўлов воситаси сифатида фойдаланиладиган валюта курсининг ўзгариши туфайли вужудга келиши мумкин бўлган йўқотишдир.
Одатда валюта курси баҳосининг тушиши натижасида экспортёр ва кредитор зарар кўради, тўлов валютаси курсининг ошишидан эса импортёр ва қарздор молиявий маблағларини йўқотади.
Халқаро ҳисоб – китобларда валюта рискидан кўрилиши мумкин зарарларни олдини олиш мақсадида ҳимоя келишуви тўғрисида шартнома шартлари жорий этилади, бу шартлар экспортер ва импортер ўртасида тузиладиган шартнома ва контрактларда кўзда тутилади. Бреттон – вудсе валюта тизими инқирозигача бўлган даврда ва олтин паритети бекор қилингунча олтин келишувлари қўлланилар эди, бунда тўлов воситасининг паритети олтинга нисбатан ўзгарадиган фарқ суммаси пропорционал равишда тўлаб берилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |