13.3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг нақд пул муомаласи бўйича асосий вазифалари
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўлов воситаси сифатида банкнотлар ва тангалар кўринишдаги нақд пул белгиларини муомалага чиқариш ва муомаладан қайтариб олиш бўйича мутлоқ ҳуқуқга эга.
Шунга мувофиқ, муомалага нақд пул чиқариш, уларни сақлаш, муомаладан қайтариб олиш ва муомала учун яроқсиз ҳолатга келган пул белгиларини янги пул белгиларига алмаштириш вазифаларини бажаради. Шунингдек, муомалага чиқарилмаган пул белгиларини сақлаш мақсадида Марказий банк Резерв фондларини ташкил этади ва улар бўйича пул маблағларининг таркибий қисмларини, яъни банкнот ва тангалар кўринишидаги қолдиқ лимитларини белгилайди. Тижорат банклари айланма кассаларининг қолдиқ лимитлари ҳам Марказий банк томонидан ўрнатилади.
Марказий банк Республика банкларида пул муомаласини ва касса ишларини ташкил этиш ҳамда уларнинг бухгалтерия ҳисобини юритиш билан боғлиқ барча меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқади.
Марказий банк ўзининг асосий мақсадини тўла қонли бажариш, яъни пул муомаласини барқарор сақлаб туришга ҳамда миллий валютанинг барқарорлигини таъминлаш учун пул муомаласи ҳолатини муттасил ўрганади ва таҳлил қилади ҳамда уни мустаҳкамлаш учун амалий чоралар кўради. Асосий нақд пул оқимлари тижорат банклари кассалари орқали ўтганлиги сабабли, Республикада фаолият юритаётган тижорат банкларининг нақд пул муомаласи билан боғлиқ фаолиятини тартибга солади ва назорат қилади.
Марказий банк томонидан нақд пул муомаласини тартибга солиш мақсадида тижорат банклари ва уларнинг мижозлари учун мажбурий бўлган қуйидаги талаблар ўрнатилган:
касса операцияларини амалга ошириш тартиби;
тижорат банклари кассаларига нақд пулларни топшириш ва олиш тартиби;
тижорат банклари айланма кассаларига лимит ўрнатиш тартиби;
тижорат банклари айланма кассалари мустаҳкамлаш учун захира пулларини ташкил қилиш тартиби;
тижорат банклари касса айланмаларини ҳом чўт қилиш тартиби;
хўжалик субъектлари нақд пул тушумларини инкассация хизмати томонидан тижорат банклари кассаларига топшириш тартиби;
банкнотлар ва монеталарни тўловга яроқлилик қобилиятини аниқлаш тартиби;
хўжалик субъектлари кассалари қолдиғига лимит ўрнатиш тартиби;
нақд пул билан ҳисоб – китоб қилиш тартиби;
касса операцияларининг бухгалтерия ҳисоби;
чакана савдо корхоналарига нақд пулсиз ҳисоб – китоб қилиш тартиби.
Марказий банк ва унинг ҳудудий Бош бошқармалари (ҲББ) зиммасига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида пул муомаласини ташкил этиш, тижорат банклари нақд пул билан боғлиқ фаолиятини мувофиқлаштиради ва мониторинг юритади.
Банк муассасаларига келиб тушган пул бирликлари ва тангаларнинг қайта саналиши, тўловга яроқли, эскирган ҳамда яроқсиз, яъни тўлов қобилиятини йўқотган пул бирликларини тоифаларга ажратилган ҳолда саралаш, тахлаш, тегишли равишда ўраб боғлаш ва қайта муомалага чиқарилиши каби ишларнинг сифатини янада ошириш юзасидан Марказий банкнинг барча муассасалари ва тижорат банк бўлимларига доимий равишда тегишли кўрсатмалар бериб борилади. Пул бирликларининг «яроқли», «эскирган» ва «тўловга яроқсиз» тоифалар бўйича мезонларини ишлаб чиқади.
Do'stlaringiz bilan baham: |