12.4. Муомала учун зарур бўлган нақд пуллар миқдорини аниқлаш асослари
Нақд пул муомаласини тартибга солишнинг асосий вазифаси, бу – муомалага чиқарилиши ёки олиниши лозим бўлган нақд пул миқдорини аниқлашдан иборатдир. Ушбу вазифа муомала учун зарур нақд пул маблағларига бўлган талабни аниқлаш орқали амалга оширилади.
Маълумки, нақд пуллар кичик ҳажмдаги чакана ва уюшмаган савдо ҳамда нақд пулли хизматлар учун тўловларда қўлланилади. Ёки, нақд пул айланмасининг умумий пул айланмасидаги улуши юқорида кўрсатилган нақд пулли тўловларнинг жами тўловлардаги улуши билан аниқланади.
Демак, нақд пулга бўлган талаб умумий пул массасига бўлган талабнинг бир қисмидир. Лекин, умумий пул массасига нафақат товарлар ва хизматлар ҳажми, балки пулнинг айланиш тезлиги ва банк фоиз ставкаларининг даражаси ҳам таъсир этади. Ушбу омиллар назарий жиҳатдан олимлар томонидан аллақачон асосланиб улгурилган ва бугунги кунда жуда кўп мамлакатларнинг иқтисодиётини бошқаришда пулга бўлган талаб ва таклифни тартибга солиш механизими сифатида қўлланилмоқда. Фанда бу усул монетаризм (пулнинг миқдорий назарияси) номи билан машҳур бўлиб кетган.
Бунда шуни қайд этиб ўтиш лозимки, классик – дастлабки монетаризм асосчилари муомала учун зарур бўлган пул миқдорини асосан муомаладаги мавжуд товарлар қиймати ва турли пулли тўловлар йиғиндисидан келиб чиққан ҳолда аниқлашга уринганлар.
Кейинчалик капиталистик товар ишлаб чиқариш ривожлангани сари муомаладаги пул миқдорини белгиловчи янги объектив омиллар вужудга кела бошлаган. Айниқса, пул муомаласи банклар томонидан тартибга солина бошлангандан сўнг пулга бўлган талаб ва таклиф банкларнинг ссуда фоизлари даражасига кўпроқ боғланиб бориши кузатилган. Натижада, иқтисодчи олимлар томонидан пулга бўлган талаб ва таклифни бошқариш билан боғлиқ янги замонавий монетаризм вужудга келган.
Албатта, ушбу бобда нақд пул муомаласи учун зарур пул миқдорини аниқлаш бўйича олимлар томонидан бугунги кунгача яратилган барча назарияларни тахлил қилиб чиқиш мумкин эмас. Лекин, Марказий банклар томонидан амалга оширилаётган замонавий нақд пул сиёсатининг негизини чуқурроқ тушуниш учун уларнинг айримларини келтириб ўтамиз.
Масалан, инглиз иқтисодчиси У. Петти (1623 – 1687) муомала учун зарур бўлган нақд пуллар миқдори аҳолининг бир ҳафталик пул даромадлари, ер ижараси учун тўланадиган ҳақнинг ярми ва барча экспорт қилинадиган товарлар суммасининг тўртдан бир қисмининг йиғиндисига тенг бўлиши лозим деб ҳисоблаган.
Инглиз файласуфи Ж. Локка (1632 – 1704) муомала учун зарур бўлган нақд пуллар миқдорини иш ҳақининг элликдан бир қисми, ер ижара ҳақининг тўртдан бир қисми ва йиллик товар айланмасининг йигирмадан бир қисмларининг йиғиндиси сифатида топишни таклиф қилган.
Инглиз иқтисодчиси Р. Кантильон (1680 – 1734) муомала учун зарур бўлган нақд пуллар миқдори мамлакатдаги мавжуд маҳсулотлар қийматининг тўққиздан бир қисми ёки ер ижараси учун тўланадиган ҳақнинг учдан бир қисмига тенг бўлиши лозимлигини эътироф этади.
Шотланд иқтисодчиси А. Смитт (1723 – 1790) ушбу кўрсатгични аниқлаш мумкин эмас деб ҳисоблаган бўлса ҳам, лекин кўпгина олимлар уни йиллик умумий ишлаб чиқарилган маҳсулот қийматининг бешдан, ўндан, йигирмадан ва ўттиздан бир қисмига тенг бўлишини таъкидлаганларини эслатиб ўтади.
Агар, эътибор берилган бўлса юқорида санаб ўтилган назариялар классик, яъни дастлабки монетаризмга таалуқли эканлигини сезиш қийин эмас.
Замонавий монетаризм назариясининг илк намоёндаларидан бўлган инглиз иқтисодчиси А. Маршалл (1842 – 1924) муомала учун зарур бўлган нақд пуллар миқдори аҳолининг қўлида пул ушлаб туриш истаги ва улардан даромад ололмаслик хавфи билан ўлчанишини ўртага ташлаган. Ёки, А. Маршалл фикрича одамлар қўлидаги ортиқча нақд пуллардан ҳеч қандай наф ололмаслик ҳисси муомала учун зарур бўлган нақд пул миқдорини белгилашда асосий омил бўлиб ҳизмат қилади.
Миқдорий пул назариясининг ёрқин намоёндаларидан бўлган машҳур инглиз олими Ж. Кейнс (1883 – 1946) илк бор муомала учун зарур пул миқдорини банк фоизлари даражаси билан боғлиқ эканлигини аниқлашга муваффақ бўлди. Унинг фикрича банк фоизлари ставкаси тушиб кетса, одамлар пулларини банкларда сақлашдан кўра ўз қўлларида ушлаб туришни маъқул кўрадилар ва муомалада пулга бўлган талаб ошиб боради. Агар, банк фоиз ставкаси кўтарилса, одамлар қўлидаги пулларини даромад олиш мақсадида банкларга қўйишдан манфаатдор бўладилар ва муомалада пулга бўлган талаб пасайиб кетади. Кўриниб турибдики, Ж. Кейнснинг пулга бўлган талабни аниқлаш таълимоти учун “фоизлар назарияси” асос бўлиб хизмат қилган.
Шундан келиб чиққан ҳолда Ж. Кейнс, муомала учун зарур бўлга пул миқдори мамлакат миллий бойлигининг ўндан бир қисмидан тортиб то элликдан бир қисмигача бўлган оралиқда ўлчаниши мумкин деб ҳисоблаган. Ж. Кейнснинг бу фикрини инкор қилиб бўлмасада, лекин унинг назариясига кўра муомала учун зарур бўлган нақд пулнинг аниқ миқдорини аниқлаш мумкин эмас эди.
Шу сабабли, нақд пул муомаласини самарали бошқариш усулларини қидириш бўйича илмий ишлар мунтазам давом эттирилган ва иқтисодчи олимлар томонидан пул миқдорини аниқ кўрсаткичларига эришиш бўйича бир қанча янги назариялар яратилди.
Булардан диққатга сазоворлиси, икки америкалик олим У. Баумоль ва Ж. Тобинлар томонидан бир – бирига боғлиқ бўлмаган ҳолда яратилган “портфель танлови” назариясидир.
Ушбу назарияга асосан битимларни амалга ошириш учун нақд пулга бўлган талаб одамларнинг касса шаклида (қўлида) сақланадиган нақд пуллар бўйича вужудга келадиган альтернатив харажатларини (банк фоизлари сифатида олиниши мумкин бўлган даромадларини йўқотилиши назарда тутилмоқда) ҳисобга олган ҳолда аниқланади. Ёки, муаллифлар йил давомида баҳолар барқарор ва харажатлар бир хил бўлган ҳолларда, одамлар режалаштирилган тўловларни амалга ошириш учун қанча нақд пулларни ўз қўлида сақлаб туришлари мақсадга мувофиқ эканлигини аниқлашни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйишган ва уни қуйидаги формула орқали ифодалашган:
N= /2F
Бунда:
N – банкка ташрифлар сони;
F – ҳар бир ташрифнинг харажатлари қиймати;
Y – қўлдаги нақд пуллар миқдори (аниқ касса қолдиқлари);
i – омонат бўйича тўланадиган банк фоиз ставкаси.
Бунга кўра, банкка ташрифлар сони ошган сари харажатлар кўпаяди ва одамлар қўлидаги пул миқдори ошиб боради, айни пайтда эса банкдан олиниши мумкин бўлган фоизлар кўринишидаги даромадлар камайиб боради.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида бизнинг Республикада ҳам бошқа барча собиқ иттифоқдан ажралиб чиққан мамлакатлар қатори муомала учун зарур бўлган пул миқдори собиқ “СССР Давлат банки” қўллаган касса режасини тузиш усули билан аниқланиб келди. Маълумки, маъмурий буйруқбозлик бошқариш усулига асосланган социалистик жамиятда ишлаб чиқарилган товарлар ва пулли ҳизматлар нарҳи ҳамда унга асосий қарама – қарши кўрсатгич бўлган иш ҳақи миқдори деярли ўзгармасди. Бу эса, банк кассаларидан бериладиган ва келиб тушадиган нақд пуллар миқдорини аниқ белгилаш имконини берарди.
Бозор иқтисодиёти муносабатлари тўла шаклланиб улгурмаган шароитда бизнинг Республикада ҳам касса айланмаларини ҳомчўт қилиш орқали нақд пул муомаласини тартибга солиш усулидан фойдаланилмоқда. Тижорат банклари касса айланмаларини хом – чўти фақат чораклик даврлар учун қўлланилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки нақд пулга бўлган талаб ва таклифни ўрганиш мақсадида статистика органларидан олинган маълумотларга асосан қуйидаги ишларни амалга оширади:
халқ истеъмол молларининг умумий ҳажми, турлари бўйича ишлаб чиқарилиши, чиқарилаётган маҳсулотлар аҳоли талабларига мос бўлиши борасида доимий мониторинг олиб боради, тайёр саноат маҳсулотларининг қолдиғини, савдонинг аҳволи ва товар заҳираларининг ҳолатини, чакана савдо тармоғидаги товар заҳиралари таркибини товар айланмасининг мўлжалдаги ҳажмининг бажарилишини таҳлил қилади;
аҳолининг товарлар ва хизматларга бўлган эҳтиёжи қандай қондирилаётганини ўрганадилар ҳамда ана шу ўрганиш натижаларидан аҳолининг тўловга қобил талабини қондиришни яхшилаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;
пул муомаласининг ҳолатини ҳамда унинг тавсифловчи кўрсаткичларни таҳлил қилиш асосида тегишли идоралар билан биргаликда пул муомаласини барқарорлаштириш, ташкилотларнинг нақд пулга бўлган эҳтиёжларини узлуксиз қондиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиб, жойлардаги давлат бошқарув органлари муҳокамасига қўядилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |