9.3.2. Банк кредити
Банк кредити – кредитнинг энг ривожланган шакли бўлиб, ушбу кредит тижорат банклари томонидан вақтинча бўш пул маблағларни жалб қилиш ҳисобига, қўшимча молиявий ресурсларга эҳтиёж туғилган юридик ва жисмоний шахсларга берилади. Кредитнинг шакллари таркибида банк кредити асосий улушга эга бўлиб, жамиятдаги вақтинчалик бўш пул маблағлар асосан банкларда жамланади. Бунинг натижасида, банклар ушбу маблағлар ҳисобидан фойда топиш мақсадида, уларни иқтисодиётнинг турли соҳаларига банк кредити шаклида жойлаштиради.
Банк кредитининг бошқа кредит шаклларига қараганда афзалликлари жуда кўп бўлиб, хўжалик юритувчи субъект истаган пайтда ва миқдорда
кредит олиш учун банкка мурожаат қилиши мумкин. Банк кредити пул шаклида намоён бўлади, шу боис бу шароитда кредитнинг объекти бўлиб пул капитали ҳисобланади. Банк кредити қарз олувчига пул шаклида берилиши туфайли тижорат кредитининг ҳажмини чегаралашга ижобий таъсир кўрсатади. Пул шаклида олинган кредит қарз олувчи томонидан корхона ишлаб чиқариш фаолиятининг истаган жараёнига йўналтириш имкониятини беради.
Банк кредитини йўналтириш ва қарз олувчи томонидан фойдаланиш мақсадига қараб турлича номланиши мумкин. Масалан, банк кредити ишлаб чиқаришни кенгайтиришга, яъни асосий ва айланма капитални кўпайтиришга йўналтирилса, банк кредити ссуда капитали бўлади. Агар банк
кредити хўжалик юритувчи субъектнинг кассадаги маблағларнинг
етишмаслигига йўналтирилса банк кредити пул ссудаси дейилади. Пул ссудаси фақат хўжалик фаолиятининг оборот капиталини тўхтовсиз давом
этишини таъминлайди, лекин унинг миқдорини кўпайтиришга олиб
келмайди. Ссуда капитали эса қарз олувчининг капитали миқдорини
кўпайтиради.
Банклар турли тоифадаги кредит олувчиларга банк кредитини беради. Хусусан, корхоналар, корпорациялар, аҳоли, кредит муассасалари, маҳаллий хокимиятлар шулар жумласидандир. Кредит олувчилар фаолиятининг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, банклар билан кредит муносабатларини ташкил этади. Кредит муносабатларини тартибга солувчи асосий ҳужжат улар ўртасида тузилган кредит шартномаси ҳисобланади.
Банк кредитлари хўжалик юритувчи субъектларнинг такрор ишлаб
чиқариш жараёнини тўхтовсизлигини таъминлашга ва оборот маблағларининг ҳажмини оширишга йўналтирилади. Банк кредитлари муддати жиҳатидан қисқа ва узоқ муддатларга гуруҳланади.
Қисқа муддатли кредитлар бир йилгача муддатга берилиб, корхона айланма капиталининг харакатини таъминлаш, жорий ҳисоб – китобларни амалга ошириш, тўлов қобилиятини мустаҳкамлаш молиявий фаолиятининг
барқарорлигини таъминлаш каби масалаларга йўналтирилади. Қисқа муддатли кредит корхона ва ташкилотларнинг айланма капиталини шакллантиришнинг идеал манбаси бўлиб ҳисобланади.
Узоқ муддатли кредитлар корхона асосий капитали ҳаракатини
таъминлашга йўналтиради. Хусусан, корхонада амалга оширилаётган
қурилиш ва фаолият юритаётган ташкилотларнинг реконструкция қилиш, янги технологияларни жорий этиш ва ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш билан боғлиқ соҳаларга сарфланади. Қисқа муддатли кредитлар бир кундан бир йилгача, узоқ муддатлилари эса бир йил ва ундан юқори муддатларга берилади.
Банк кредитининг асосий турларидан бири банклараро кредит ҳисобланади, ушбу кредитни банклар бир – бирига беришади. Банклараро кредитлар банкнинг вақтинчалик бўш пул маблағларидан самарали фойдаланиш, ўзаро ликвидликни таъминлаш мақсадида берилади. Банклар вақтинчалик бўш турган ёки юқори даромадларга қуйилма сифатида йўналтирилаётган маблағларини банклараро бозорга таклиф этади.
Ҳалқаро банк амалиётида банклараро кредит қисқа муддатли харажатларга эга бўлиб, бир неча соатдан, бир неча ойгача берилиши мумкин. Ўзаро битимлар телефон ёки факс орқали тузилиб, сўнгра тасдиқловчи ҳужжатлар билан таъминланиши ҳам мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |