педагогик амалиёт-таълим турлари учун юқори малакали педагог кадрлар тайёрлаш ишининг ажралмас қисми бўлиб, талабаларнинг педагоглик касбига бўлган малакалари ва кўникмалари такомиллашиб боради. Талабалар педагогик амалиёт даврида ўқув-тарбия жараёнининг барча томонларини таҳлил қилади ва бу амалиёт мактабгача таълим, давлат ва нодавлат умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари, олий таълим муассасалари ва бошқа таълим муассасаларида амалга оширилади; битирув малакавий иши (магистрлик диссертацияси) олди амалиёти–таълимнинг якуний босқичи ҳисобланадиган, талабалар томонидан назарий ва амалий ўқув дастурлари ўзлаштирилгандан сўнг битирув малакавий иши (магистрлик диссертацияси)нинг мавзуси бўйича материаллар тўплашдан иборат.
Ишлаб чиқариш ва педагогик амалиётлар таълим йўналиши (мутахассислик) хусусиятидан келиб чиқиб, асосан юқори курс
(2-6-курс) ларда ташкил этилади. Битирувчи курс талабалари эса битирув малакавий иши (магистрлик диссертацияси) олди амалиётини ўтайди.
2. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясига, Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясига, Тошкент давлат юридик университетига, ҳарбий олий таълим муассасаларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фаолиятини юритаётган халқаро ва хорижий олий таълим муассасалари талабаларининг малака амалиётини ўташи учун татбиқ этилмайди.
3. Малака амалиёти таълим йўналишлари (мутахассисликлар) ишчи ўқув режаларига мувофиқ 2-курсдан бошлаб тизимли равишда ОТМ томонидан ишлаб чиқиладиган ҳамда қабул қилувчи ташкилот билан келишиб тасдиқланадиган малака амалиёти дастури асосида амалга оширилади.
Таълим йўналишлари (мутахассисликлар) ўқув режасида келтирилган умумкасбий, мутахассислик фанлари блогидаги тегишли фанларнинг амалий машғулот дарсларини бевосита ишлаб чиқариш соҳасининг етакчи корхона, муассаса, ташкилотларида малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда тасдиқланган дарс жадвали асосида (5+1 ёки 4+2 схемада) ташкиллаштириш ҳамда ушбу машғулотларни малака амалиётнинг бир қисми сифатида қабул қилиш мумкин.
Малака амалиёти мазмуни унинг режа-жадвали ва дастурлари
билан белгиланади.
4. Олий таълим муассасалари талабалари иш жойларига дастлабки тақсимлашни битирувчи курс охирида эмас, балки мос равишда иккинчи
ва учинчи курсларда таҳсил олаётган даврда ўтказиш ва барча турдаги амалиётларни ишга йўлланма оладиган корхона, ташкилот ёки муассасада ўташини йўлга қўйиш тавсия этилади.
5. ОТМдаги таълим йўналиши ва магистратура мутахассисликларининг ўзига хослигидан келиб чиқиб малака амалиёти тури аниқланади ва ўқув режа асосида ОТМ Кенгаши қарори билан тасдиқланади.
6. ОТМ билан талабалар битирув малакавий иши (магистрлик диссертацияси) олди ҳамда педагогик амалиётини ўтказиш бўйича тегишли қабул қилувчи ташкилот ўртасида тузиладиган шартномада битирувчини иш билан таъминланиши тўғрисида бандлар киритилиши мумкин.
7. Талабаларнинг малака амалиётини ўташ даври қабул қилувчи ташкилотнинг фаолият юритаётган даврига, хусусан педагогик амалиёт таълим муассасаларида ўқув-тарбия жараёни олиб борилаётган даврга мослаб қўйилиши лозим.
8. Талабалар малака амалиётини ўташлари мажбурий ҳисобланади, малака амалиётини узрли сабабларга кўра ўтай олмаган талабалар ОТМ ректорининг буйруғига мувофиқ белгиланган бошқа муддатда малака амалиётини ўташи шарт.
***