2-боб. Малака амалиётини ташкил этиш
9. Малака амалиёти ОТМнинг қабул қилувчи ташкилотлар билан белгиланган тартибда тузилган шартномалари асосида ташкил қилинади.
ОТМ ва қабул қилувчи ташкилот малака амалиётини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича шартномада шартнома предмети, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, қабул қилувчи ташкилотнинг иш фаолияти хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда малака амалиётини ташкил этиш тартибини, шартноманинг амал қилиш муддатини, шартномани бекор қилиш асосларини, шунингдек тарафларнинг жавобгарлигини келишиб олади.
10. Малака амалиётини ташкил этиш ва ўтказиш учун жавобгарлик ОТМ ректори (директори) зиммасига юклатилади.
11. Талабаларнинг малака амалиёти режа-жадвали ва дастурларини тўлиқ бажарилишига ўқув ишлари бўйича проректор, ўқув-услубий бошқарма (бўлим) бошлиғи, факультет декани, кафедра мудири ва ОТМдан малака амалиёти раҳбари жавобгар ҳисобланади.
12. Талабалар ва малака амалиёти раҳбарларининг фаолиятини тартибга солувчи асосий ҳужжат малака амалиёти дастури ҳисобланади.
Малака амалиёти дастури таълим йўналиши (мутахассисликлар)нинг малака талабларига ва ишчи ўқув режадаги фанлар мазмунига мос келиши, таълим йўналишлар (мутахассисликлар)ининг ўзига хос хусусиятларини, шунингдек фан ва ишлаб чиқаришнинг сўнгги ютуқларини инобатга олиши керак.
Малака амалиёти дастури қуйидаги асосий бўлимлардан таркиб топади:
малака амалиётининг мақсад ва вазифалари;
малака амалиёти мазмуни;
малака амалиёти режа-жадвали;
малака амалиётини баҳолаш мезони;
малака амалиёти бўйича ҳисоботга талаблар.
Бундан ташқари, малака амалиёти дастурига амалиётни ўташга доир услубий кўрсатмалар (тавсиялар), фойдаланиладиган асосий ва қўшимча адабиётлар, ўқиш даврида олинган билимларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилувчи тегишли материаллар ва ҳужжатлар ҳақидаги бўлимлар ҳам киритилиши мумкин.
13. ОТМдан малака амалиёти раҳбарининг малака амалиётидаги ўқув юкламаси соатлари ишчи ўқув режада кўрсатилган ҳафталар, талабалар гуруҳи ва сонидан ҳамда қабул қилувчи ташкилот жойлашган ҳудуддан келиб чиқиб аниқланади.
14. Малака амалиётини ташкил этиш олдидан ОТМ ректори томонидан малака амалиётини тури, муддати, ўташ жойи, моддий таъминоти, жўнатилаётган ОТМдан малака амалиёти раҳбарлари ва талабаларнинг таркибий рўйхати, шунингдек уларни турар жой билан таъминланиши, малака амалиётини умумий ташкил этиш ва уни ўтказишни назорат қилиш юклатилган мансабдор шахслар (ўқув ишлар бўйича проректор, ўқув-услубий бошқармаси (бўлими) бошлиғи, факультет декани, кафедра мудири) кўрсатилган буйруқ қабул қилинади.
15. ОТМнинг ўқув-услубий бошқармаси (бўлими) малака амалиётини ташкил этиш, моддий ва ўқув-услубий таъминлаш ҳамда ўташни мувофиқлаштириш ишларини режа-молия бўлими, кафедра мудири ва факультет декани билан биргаликда амалга оширади.
16. ОТМ ва қабул қилувчи ташкилот ўртасидаги икки томонлама шартномалар асосида талаба малака амалиётини хорижий давлатлар корхоналари, муассасалари ва ташкилотларида ўташи мумкин. Бунда, ОТМ тузиладиган шартнома бандларини юқори турувчи вазирлик, идора билан белгиланган тартибда келишади.
***
Do'stlaringiz bilan baham: |