48-боб. Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ
272-модда. Солиқ тўловчилар
Мулкида солиқ солинадиган мол-мулки бўлган жисмоний шахслар, шу жумладан чет эл фуқаролари, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, шунингдек юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликлари жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ тўловчиларидир.
Агар кўчмас мулк мулкдорининг жойлашган ерини аниқлаш имкони бўлмаса, бу мол-мулк қайси шахснинг эгалигида ва (ёки) фойдаланишида бўлса, ўша шахс солиқ тўловчидир.
273-модда. Солиқ солиш объекти
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган уй жойлар, квартиралар, дала ҳовли иморатлари, гаражлар ва бошқа иморатлар, жойлар, иншоотлар солиқ солиш объектидир.
274-модда. Солиқ солинадиган база
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган томонидан белгиланадиган солиқ солиш объектларининг инвентаризация қиймати тўловчилар учун солиқ солинадиган базадир.
Жисмоний шахсларнинг мол-мулкини баҳолаш бўйича ваколатли орган томонидан аниқланган солиқ солиш объектининг баҳоси мавжуд бўлмаган тақдирда, мол-мулкнинг қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган шартли қиймати солиқ солинадиган базадир.
Битта жисмоний шахс бир нечта солиқ солиш объекти бўйича тўловчи бўлган тақдирда, солиқ солинадиган база ҳар бир объект бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоблаб чиқилади.
275-модда. Имтиёзлар
Қуйидагиларнинг мулкида бўлган мол-мулкка жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ солинмайди:
1) «Ўзбекистон Қаҳрамони», Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони унвонларига сазовор бўлган, учала даражадаги Шуҳрат ордени билан тақдирланган фуқароларнинг. Мазкур имтиёз тегишинча «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони дафтарчалари, орден дафтарчаси ёки мудофаа ишлари бўйича бўлимнинг маълумотномаси асосида берилади;
2) 1941—1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари ҳамда доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланувчи уларга тенглаштирилган шахсларнинг. Мазкур имтиёз уруш ногиронининг тегишли гувоҳномаси ёки мудофаа ишлари бўйича бўлимнинг ёхуд бошқа ваколатли органнинг маълумотномаси асосида, бошқа ногиронларга — Ногироннинг имтиёзларга бўлган ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома асосида берилади;
3) ўн нафар ва ундан ортиқ болалари бор аёлларнинг. Мазкур имтиёзни бериш учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг болалар борлигини тасдиқловчи маълумотномаси асос бўлади;
4) Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини тугатишда иштирок этганлик учун имтиёзлар оладиган фуқароларнинг (шу жумладан у ерга вақтинча йўлланган ёки хизмат сафарига юборилган шахсларнинг). Мазкур имтиёз тегишинча тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси, ногироннинг махсус гувоҳномаси, Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини тугатиш иштирокчисининг гувоҳномаси, ваколатли давлат органлари томонидан берилган, имтиёзлар бериш учун асос бўладиган бошқа ҳужжатлар асосида берилади;
5) қонун ҳужжатларида белгиланган солиқ солинмайдиган майдон ўлчами доирасида пенсионерларнинг. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси асосида берилади;
6) I ва II гуруҳ ногиронларининг. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади;
7) ҳарбий хизмат мажбуриятларини бажаришда ярадор, контузия бўлганлик ёки шикастланганлик оқибатида ёхуд фронтда бўлиш туфайли орттирилган касаллик оқибатида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари ва бошқа турмуш қурмаган рафиқаларининг (эрларининг);
8) муддатли хизмат ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзоларининг (хизматни ўташ даврида).
Ушбу моддада белгиланган имтиёзлар мулкдорнинг танлашига биноан фақат бир мол-мулк объектига тааллуқли бўлади.
Ушбу моддада назарда тутилган имтиёзлар жисмоний шахслар томонидан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланиладиган ёхуд юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берилган солиқ солиш объектларига нисбатан қўлланилмайди.
276-модда. Солиқ ставкасини қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари
Солиқ солиш объектлари жисмоний шахслар томонидан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланилган ёхуд улар юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берилган тақдирда, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ юридик шахслар учун белгиланган ставкадан келиб чиққан ҳолда тўланади.
277-модда. Солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби
Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқариш солиқ тўловчининг яшаш жойидан қатъи назар, солиқ солиш объекти жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органлари томонидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органнинг маълумотлари асосида амалга оширилади.
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган солиқ солиш объекти жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органларига ҳар йили 1 февралгача объектнинг 1 январга бўлган ҳолатига кўра инвентаризация қийматини ва унинг мулкдорини кўрсатган ҳолда маълумот тақдим этади.
Ушбу Кодекснинг 275-моддасида кўрсатилган имтиёзларни олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар имтиёзларни олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни мустақил равишда тақдим этадилар.
Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ суммаси мол-мулкнинг 1 январга бўлган ҳолатига кўра инвентаризация қийматидан ва белгиланган ставкадан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.
Бир нечта мулкдорнинг умумий улушли мулкида бўлган иморатлар, бинолар ва иншоотлар учун жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ мулкдорларнинг ҳар бири томонидан уларнинг ушбу иморатлар, бинолар ва иншоотлардаги улушига мутаносиб равишда тўланади.
Мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи календарь йил мобайнида бир мулкдордан бошқасига ўтган тақдирда, жисмоний шахсларнинг мулкига солинадиган солиқ аввалги мулкдор томонидан шу йилнинг 1 январидан эътиборан у мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқини йўқотган ойнинг бошланишига қадар, янги мулкдор томонидан эса унда мулк ҳуқуқи вужудга келган ойдан эътиборан тўланади.
Янги иморатлар, бинолар ва иншоотлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ улар барпо этилган йилдан кейинги йил бошидан эътиборан тўланади.
Мерос бўйича ўтган мол-мулк учун жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ меросхўрларда мулк ҳуқуқи вужудга келган ойдан эътиборан тўланади.
Солиқ солиш объекти йўқ қилинган, вайрон бўлган, бузиб ташланган тақдирда, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ундириш мол-мулк йўқ қилинган, вайрон бўлган ёки бузиб ташланган ойдан эътиборан тўхтатилади. Солиқ суммасини қайта ҳисоб-китоб қилиш маҳаллий давлат ҳокимияти органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган йўқ қилинганлик, вайрон бўлганлик, бузиб ташланганлик фактини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда, амалга оширилади.
Календарь йил мобайнида имтиёз ҳуқуқи вужудга келган тақдирда, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни қайта ҳисоб-китоб қилиш ушбу ҳуқуқ вужудга келган ойдан эътиборан амалга оширилади.
Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлаш тўғрисидаги тўлов хабарномаси солиқ тўловчиларга давлат солиқ хизмати органи томонидан ҳар йили 1 майдан кечиктирмай топширилади.
Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни солиқ даври учун тўлаш тенг улушларда бир йилда икки марта амалга оширилади:
ҳисобот йилининг 15 июнига қадар;
ҳисобот йилининг 15 декабрига қадар.
Do'stlaringiz bilan baham: |