2-расм. Тармоқлараро рақобат натижасида тармоқлардаги ўртача фойда нормасининг бараварлашуви17.
Бундан кўринадики, тармоқлараро рақобат қайси соҳа ёки тармоққа сарфланганлигидан қатъий назар, тенг капитал учун тенг фойда олишни таъминлайди, турли тармоқлардаги фойда нормаларини ўртача фойда нормасига тенглаштиради.
Қўлланилувчи усул ва воситаларнинг тавсифга кўра рақобатнинг ҳалол ва ғирром турлари фарқланади.18 Ҳалол рақобат – бу иқтисодий курашнинг умуминсоният томонидан эътироф ва қонунчилик томонидан рухсат этиладиган турларидир. Ғирром рақобат эса қонунчилик томонидан тақиб этилувчи, умуминсоният томонидан қораланувчи хатти-ҳаракатлар (масалан, саноат жосуслиги, рақибни хом ашё, транспорт ва бошқа ресурс манбаларидан маҳрум этиш, зўравонлик йўли билан тазйиқ ўтказиш, рақибни турли йўллар билан обрўсизлантириш ва бошқалар)дан иборат.
Рақобатни, унинг вужудга келиши ва амал қилишидаги табиийлик, бу жараёнларга ташқи кучларнинг таъсир қилиш даражасидан келиб чиққан ҳолда икки асосий гуруҳга – мукаммал ва номукаммал рақобатга ажратиш мумкин.
Мукаммал рақобатнинг ягона кўриниши – соф ёки эркин рақобатдир. Соф рақобат бир турдаги маҳсулотнинг савдо-сотиғи билан шуғулланувчи кўплаб сотувчи ва харидорларнинг мавжудлиги билан тавсифланади. Мазкур бозорда ҳар бир товар ишлаб чиқарувчининг умумий ишлаб чиқариш ҳажмидаги улуши катта бўлмаслиги сабабли нарх устидан назорат мавжуд бўлмайди. Шунга кўра, алоҳида субъект томонидан ишлаб чиқариш ҳажмининг кўпайтирилиши ёки камайтирилиши умумий таклиф ҳажмига ва товар нархига сезиларли таъсир кўрсатмайди.
Номукаммал рақобат XIX асрнинг охирларида ишлаб чиқариш ва капиталнинг концентрацияси жараёнининг кучайиши натижасида монопол тузилмаларнинг таркиб топиши билан вужудга келди. «Монополия» атамаси (грекча monos – ягона, poleo - сотаман) тармоқнинг ягона ишлаб чиқарувчидан иборат бўлишини англатиб, у ишлаб чиқариш ҳажми ва нарх устидан назорат ўрнатиш имкониятига эга бўлади. Монополистнинг асосий белгилари сифатида ишлаб чиқаришнинг юқори даражадаги концентрациялашуви; унинг муайян товар бозоридаги устун мавқега эгалиги; ишлаб чиқариш ҳажмига бевосита таъсир ўтказиш орқали монопол нархни белгилаши ва, тегишли равишда, монопол фойда олиш имконияти.
Монополиялар тармоққа киришдаги иқтисодий, техник, ҳуқуқий ва бошқа кўринишдаги тўсиқларнинг мавжуд бўлиши натижасида пайдо бўлиб, уларнинг асосийлари сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин: а) ишлаб чиқариш миқёси келтириб чиқарадиган тўсиқлар; б) табиий монополиялар тавсифидаги тўсиқлар; в) патент ва лицензиялар; г) иқтисодий ресурсларнинг муҳим турларига хусусий мулкчилик ва ҳ.к.
Олигополия тушунчаси (грекча oligos – озчилик, poleo – сотаман) ишлаб чиқариш ва бозорда унча кўп бўлмаган йирик ишлаб чиқарувчиларнинг ҳукмрон мавқеини англатади. Шунга кўра, олигополистик рақобат тармоқдаги товар ишлаб чиқариш ва сотиш ҳажмини тўлиқ эгаллаб олган бир неча йирик фирмалар ўртасидаги иқтисодий курашни ифодалайди. Олигополистик тармоқда бир хил (пўлат, мис, алюминий, қўрғошин, темир ва бошқалар) ёки табақалашган (автомобиллар, кир ювиш воситалари, тамаки маҳсулотлари, маиший электр буюмлари ва бошқалар) маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
Олигополистик рақобат шароитида фирмалар нарх сиёсатини ўзаро боғлиқ ҳолда олиб борадилар. Бунда нисбатан йирик фирма нарх белгилаш бўйича етакчилик қилиб, қолган фирмалар эса унинг хатти-ҳаракатига эргашадилар. Бироқ, олигополистик тармоқда фирмалар сонининг кўп бўлмаслиги яширинча келишув, яъни нархларнинг мақбул даражасини белгилаш, сотиш бозорларини бўлиб олиш ва бошқа йўллар орқали рақобатни чеклаш учун имконият яратади.
Монополистик рақобат монополия ва рақобат унсурларининг уйғунлашуви орқали рўй беради. Баъзи бир манбаларда уни «маҳсулотларнинг табақаланиши» деб ҳам аталади. Чунки, монополистик рақобатнинг хусусиятли томонларидан бири – бу мазкур маҳсулотнинг табақаланиши, яъни бошқа ўхшаш маҳсулотлардан фарқ қилувчи жиҳатлари (масалан, сифати, таркиби, қадоқланиши, дизайни ва бошқалар)нинг мавжудлиги ҳисобланади.
Шунингдек, баъзи адабиётларда номукаммал рақобатнинг монопсония, олигопсония, дуополия, билатерал монополия сингари шаклларининг мавжудлиги ҳам таъкидланади. Жумладан, «Монопсония – муайян товарнинг ягона харидори монополияси мавжуд бўлган бозор тузилмаси тури. Ўз харид ҳажмини чеклаш орқали харидор сотувчи даромадининг бир қисмини йўқотиш ҳисобига монопол фойда олиш имконига эга бўлади. Олигопсония – муайян товарнинг бир гуруҳ харидорлари мавжуд бўлган бозор тузилмаси тури. Дуополия – муайян товарнинг фақат икки нафар етказиб берувчиси мавжуд бўлган ва улар ўртасида нарх, сотиш бозорлари, ишлаб чиқариш квотаси бўйича монополистик келишувлар бўлмаган шароитдаги бозор тузилмаси тури. Билатерал (икки томонлама) монополия – ягона мол етказиб берувчи ва ягона (бирлашган) истеъмолчининг қарама-қарши кураши вужудга келувчи бозор тузилмаси тури».
Рақобатнинг моҳиятини очиб беришда унинг амалга оширилиш усул ва воситаларини кўриб чиқиш муҳим ўрин тутади. Рақобатнинг асосан икки усули мавжуд: 1) нарх воситасида рақобатлашув; 2) нархсиз рақобатлашув. Шунингдек, баъзи адабиётларда яширин нарх асосидаги рақобатлашув усулининг мавжудлиги ҳам таъкидланади.
Нарх воситасида рақобатлашувнинг асосий ва энг кўп қўлланиладиган кўриниши «нархлар жанги» деб аталади. Бу йирик ишлаб чиқарувчилар томонидан ўз рақибларини бозордан сиқиб чиқариш учун нархни вақти-вақти билан ёки узоқ муддат пасайтириб туришидир.
Нарх воситасида рақобатлашиш усулларидан бири - демпинг нархларни қўллаш бўлиб, у миллий ишлаб чиқарувчилар ўзларининг товарларини бошқа мамлакатларга ички бозордаги нархлардан, айрим холларда таннархидан ҳам паст бўлган нархлар бўйича чиқаришини англатади. Бу орқали йирик ишлаб чиқарувчилар ички бозорда нархларнинг барқарорлигига эришиш, мамлакатдаги ортиқча маҳсулотларни йўқотиш, янги бозорларга кириб олиш ва унда ўзларининг иқтисодий мавқеини мустаҳкамлашга ҳаракат қилади.
Нархсиз рақобат асосан қуйидаги йўналишлар бўйича амалга оширилади: 1) товарнинг техник жиҳатларини такомиллаштириш; 2) товарнинг истеъмолчи эҳтиёжларига мослашувини яхшилаш.
Шундай қилиб, монополиялар ҳукмрон бўлган шароитда нархсиз рақобат муҳим ўрин тутади. Чунки, монополияларда маҳсулотини янгилаш, ишлаб чиқаришни қайта жиҳозлаш ва рекламага зарур бўлган маблағларни сарфлаш, товар сифатини ошириш, истеъмолчиларга хизмат кўрсатишни яхшилаш йўли билан сотиладиган товар ҳажмини кўпайтириш имкониятлари аҳамиятли бўлади.
Яширин нарх ёрдамидаги рақобат асосан нарх воситасидаги ва нархсиз рақобат усуллари белгиларининг аралашмаси сифатида намоён бўлади. Бу курашда маҳсулотнинг сифат белгилари ҳам, нархи ҳам иштирок этади. Янги товарлар нархларининг ошишига нисбатан улар сифатининг ошиши ва истеъмол хусусиятларининг аҳамиятли даражада яхшиланиши бундай рақобат усулининг мазмунини ифодалайди.
Юқоридаги фикр-мулоҳазалардан кўринадики, ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг юксалиб бориши билан рақобат шакллари ҳам кўпайиб, усул ва воситалари такомиллашиб боради. Бу эса, иқтисодий субъектлар ўртасидаги ўзаро иқтисодий кураш, муносабат сифатида рақобатнинг ўзи ҳам ривожланиб бораётганлигини билдиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |