Микробиологик текшириш усули
Касалланган ўсимликнинг бактериал касалликларга мансуб эканлигини аниқлаш учун қуйидаги ишларни амалга ошириш керак: бактериянинг ўсимлик аъзолари ичида мавжудлигини аниқлаш; зарарланган тўқималардан бактерияни ажратиб олиш; бактериянинг шу ўсимликка нисбатан патогенлигини исботлаш; қандай касaллик белгиларини ҳосил қилишини аниқлаш; касаллантирилган ўсимликдан бактерияни қайта ажратиб олиш; ажратилган культура билан морфологик ва биохимик тадқиқотлар асосида бактериянинг турини аниқлаш. Бунда бактериянинг ҳосил қилган колониясининг ранги, шакли, ҳужайрасининг шакли ва ўлчами, ҳаракатчанлиги, Грам бўёғидаги ранги, қандни (глюкоза, сахароза, лактоза, малтоза) парчалашидан кислота ва газ ҳосил қилиши, крахмални парчалаши назарда тутилади.
Бактериал касалликларни аниқлашнинг замонавий талаблари янада такомиллашиб бормоқда. Бу тўғрисида Б.О.Хасанов (чоп этилмаган маълумотлар) касалликларни аниқлаш ишларининг қуйидаги замонавий талабларини кўрсатади.
Ўсимликни зарарлаган бактерия туркум ва турларини Берджи аниқлагичи ёрдамида аниқлаш учун уларнинг қуйидаги белгилари лаборатория шароитида ўрганилади: касаллик белгиларининг баёнини пухта қайд қилиш; зарарланган ўсимлик тўқималарида бактериялар мавжудлигини аниқлаш: тўқимани микроскопда текшириш, лозим бўлса, касалликни бактерия қўзғатишини исботлаш учун тўқимадаги бактерия ҳужайраларини Грам усулида бўяш (анализ учун фақат яқинда олинган ўсимлик материалини қўллаш мумкин); зарарланган тўқимадан касаллик қўзғатувчисининг соф культурасини ажратиш; бактериянинг морфологияси (шакли, ўлчами, ҳаракатчанлиги, капсулалари ва хивчинчалари мавжудлиги, хивчинчалари мавжуд бўлса, уларнинг сони, жойлашиши, споралари мавжудлиги ёки йўқлиги, мавжуд бўлса, уларнинг жойланиши) ни ўрганиш; бактерия ҳужайраларида заҳира моддалар тўпланиши ёки тўпланмаслиги, тўпланса уларнинг қайси кимёвий гуруҳга мансублигини аниқлаш; бактерия колонияларининг морфологияси (шакли – дис социантлар форма(М-форма, S-форма, R-форма) лари, туси, озуқа муҳитида ўcиш тезлигини аниқлаш; бактериянинг кислородга муносабати (аэроб ёки анаэроблиги) ни аниқлаш; озуқа муҳитида ўсиш пайтида газ ҳосил қилиш қобилияти мавжудлиги ёки йўқлигини аниқлаш; метаболизм (нафас олиш ёки ачитиш) типини аниқлаш; муҳит нордонлиги даражасига муносабати (ўсиши учун қандай рН оптимал эканлиги) ни ҳамда ўсиш пайтида муҳитни нордонлаштириш ёки ишқорлаштириш қобилияти мавжудлиги ёки йўқлигини аниқлаш; бактерия ўсиши учун органик факторлар (витаминлар, биотин, ачитқи замбуруғи экстракти, аминокислоталар, метионин, цистеин, глутамин ва никотин кислоталари ва ҳ.) га эҳтиёжи борлиги ёки йўқлигини аниқлаш; бактерия ўзлаштира оладиган озуқа (азот ва карбон) манбаалари ва муҳитлари (оқсиллар, карбонсув хиллари), крахмал, целлюлоза, аминокислоталар, аммоний, нитрат, нитрит ва бошқаларни ўзлаштира олишини аниқлаш; карбонсувлар (моно ва дисахаридлар, жумладан глюкоза ва б.), органик кислоталар ва бошқа органик моддаларни ўзлаштира олиш ҳамда сахарозадан леван (шилимшиқ модда) синтез қилиш қобилиятлари мавжудлиги ёки йўқлигини аниқлаш; бактерия ўсиши учун оптимал ҳароратни ва ҳароратга муносабати (психрофил, термофил, психротолерант, термотолерант) ни аниқлаш; озиқланиш типи, ферментлари мавжудлиги ёки йўқлиги, мавжуд ферментларнинг хиллари (каталаза, оксидаза, целлюлаза, уриаза, пектиназа, липазалар ва ҳ.) ни аниқлаш; желатинани суюлтириш қобилияти мавжудлиги ёки йўқлигини аниқлаш; зарарланган тўқимадан ажратилган бактериянинг соф культурасининг патогенлигини аниқлаш (ўсимликни сунъий зарарлаганда унда пайдо бўладиган симптомлар табиий шароитда зарарланган ўсимликда ҳосил бўладиган белгилар билан айни эканлигини исботлаш).
Бу вазифа Роберт Кох қоидаларига (триадасига) биноан бажарилиши талаб этилади: қўзғатувчини ажратиш - у билан ўсимликни зарарлаш - сунъий зарарланган ўсимликдан қўзғатувчини қайтадан ажратиб олиш (реизоляция) ва у табиий шароитда зарарланган ўсимликдан ажратилган қўзғатувчининг белгилари билан бир хил эканлигини исботлаш.
Микроорганизмнинг патогенлигини аниқлаш учун ҳар хил усуллар қўлланилади: бактерия культурасининг суспензиясини ўсимликларга пуркаш, ёки ушбу суспензияни ўсимлик тўқимасига шприц ёрдамида киритиш; ўсимликни сунъий пайдо қилган яра орқали зарарлаш ва бошқ.; фитопатоген бактериянинг ривожланиш циклини ўрганиш; касаллик қўзғатувчи турни аниқлаш –идентификация қилиш; бактериоз билан курашишнинг мос келадиган усулини танлаб олиш талаб қилинади.
Бактерия турини аниқлашда хатога йўл қўймаслик учун а) культура тоза эканлигига амин бўлиш; б) уни тип штамми билан солиштириш; ривожланиш циклида бактериялар ҳужайраларининг шакли ва ҳаракатчанлиги ўзгариши мумкинлигини эсда тутиш лозим.
Бактерияларни аниқлаш учун қўлланиладиган бошқа усуллар қаторига генетик тестлар (ДНК анализи, ПЦР, ген дактилоскопияси) ҳужайрадаги гуанин ва цитозин миқдорларини аниқлаш; церологик анализ, иммуно фермент анализ ҳамда электрон микроскопия киради. Шу билан бирга идентификация методлари доим такомиллашиб бориши, янги методлар яратилиши ва чоп этилишини эсда тутиш ва улардан фойдаланиш лозим.
Церологик усул – антиген ва антителаларнинг реакцияга кириши асосида аниқланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |